Home /   / «Тезкор ходим» ниқоби остида

«Тезкор ходим» ниқоби остида

Фирибгарликни касб қилган Жасур Омонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) судда ниқоблари йиртилгач ҳам ўзига қўйилган айбларга иқрор бўлмасдан туриб олди. Бироқ гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар унинг жинояти тафсилотларига яққол ойдинлик киритди…

Феруза Шукурова пойтахтдан уй харид қилиш мақсадида уй бозорини айланиб юрарди. Жағи-жағига тегмай, уй савдосини қиздираётган маклерлару даллолларнинг гапларидан боши ғувиллаб турганди, ён томонидан келган овоз унинг диққатини бўлди.

— Нима қилиб юрибсиз, опахон?

Феруза ўгирилиб, ёнида ёши элликлардан ўтган кишини кўрди. Нотаниш киши шундоққина бурнининг тагига хизмат гувоҳномасини тиқиштириб, ўзини таништирди.

— Хавотирланманг, мен Ички ишлар вазирлиги тезкор ходими Жасур Омонов бўламан. Нималар қилиб юрибсиз?

— Шу… уй олмоқчи эдим, — чайналди Феруза.

— Унда сизга ёрдам беришим мумкин, — деди «ҳожатбарор» меҳрибонлик билан. — Кўча тўла «мошенник» маклерлар, яна алданиб қолманг, дейман-да. Кўринишингиздан яхши аёлга ўхшайсиз. Келинг, ўзим нарх-наво билан таништираман…

Ўша куни «ҳожатбарор» «тезкор ходим» у билан узоқ суҳбатлашиб, нарх-наво билан таништирди.

Орадан бир неча кун ўтиб, Жасур Феруза Шукурованинг Қарши шаҳридаги хонадони ёнида пайдо бўлди. Эшиги ёнида пойтахтда танишган «ҳожатбарор»ни кўрган Ферузанинг ҳайрати ошди.

— Қаршига «командировка»га келувдим, — деди Жасур. — «Осуда» меҳмонхонасига жойлашганман…

Бир пиёла чойдан кейин гурунг асносида меҳмон секингина мақсадга кўчди.

— Йигирма минг «кўк»ига Тошкентдан икки хонали уй олиб беришим мумкин…

Феруза бу таклифга қизиқиб қолди. Орадан бир неча кун ўтиб, «тезкор вакил» яна Қаршига «командировка»га келди. Яна Ферузага учрашиб, уни аврашга тушди.

— Зўр «дом» топдим, Мирзо Улуғбек туманидан, икки хонали. Нархи ўша айтганимдай — йигирмата… Қариндошимники. Менга сотиб бер, деяпти. Қанча пулингиз тайёр?

— Ўн бир минг, — деди иши олдинга силжиётганидан қувонган Феруза.

— Олиб чиқинг, қолганини уйни номингизга расмийлаштирганимиздан кейин бераверасиз…

Феруза ишониш-ишонмаслигини билмай тараддудланиб қолди.

— Нима, сиз менга ишонмаяпсизми? — Жасур ўзини кўнгли озорланган қилиб кўрсатишга устаси фаранг эди. — Мен орган ходимиман. Шунчаки сизга ёрдам берай, деяпман. Мана гувоҳномам, мана кўришингиз мумкин… Қоғоз-ручка олиб чиқинг, тилхат ёзиб бераман…

Хуллас, тилхат ёзилди. Феруза пулни олиб чиқди. Жасур пулни санаб олиб, ваъдани қуюқ қилди-ю жўнаб қолди.

Афсуски, Феруза Шукурова «тезкор вакил»нинг учига чиққан фирибгар эканидан, илгари ҳам бир неча маротаба жиноий жавобгарликка тортилганидан кеч хабар топди…

Бу орада Жасур Омонов таниши Эшназар Пардабоев орқали қаршилик Абдуалим Содиқовнинг ишончига кириб, унга ўзини ИИВ ходими сифатида таништириб, қурилиш материаллари олиб бериш баҳонасида унинг       65 миллион сўм пулини ҳам ўзлаштириб кетди…

Судда қайд этилишича, Ж.Омонов 1967 йилда туғилган, Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшаган. Маълумоти олий, вақтинча ишсиз. Оилали, тўрт нафар фарзанднинг отаси.

Ёлғоннинг умри қисқа. Қинғир ишнинг қийиғи чиқиши муқаррар. Унга жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукмига асосан тегишли жазо та­йинланди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарлар судланувчининг қариндошлари томонидан тўлиқ қоплаб берилгани ва уларнинг Ж.Омоновга нисбатан даъволари йўқ экани қайд этилди.

«Ички ишлар вазирлигининг тезкор ходими» ниқоби остидаги фирибгарнинг «саргузашт»ларига шу тариқа чек қўйилди.

Баҳодир ШЕРАЛИЕВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: