Home /   / ТEPГOВЧИНИНГ ТAҚДИМНOМACИ уни киритиш самарадорлигини оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари

ТEPГOВЧИНИНГ ТAҚДИМНOМACИ уни киритиш самарадорлигини оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий масалалари

Жиноятларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий институтлар тизимида терговчининг тақдимномаси муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 297-моддасига мувофиқ суриштирувчи, терговчи, прокурор жиноят ишини тергов қилиш чоғида жиноятнинг сабабларини аниқлаб, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига, жамоат бирлашмасига, жамоага ёки мансабдор шахсга ана шу сабабларни бартараф қилиш тўғрисида тақдимнома киритади.

Айрим тадқиқотчиларнинг фикрича, тақдимнома ҳуқуқий восита сифатида жамият ва давлат олдида турган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий вазифаларни ҳал қилишга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.

Терговчининг профилактик фаолиятида тақдимномани қўллаш орқали умумижтимоий мақсадларга эришилган ҳолда ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланади.

Қонун бузилиши аниқланганда ва уни бартараф этиш лозим бўлган ҳолларда тақдимнома киритиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мажбурияти бўлиб, унинг бажарилиши орқали ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг қонун нормаларига риоя қилиши таъминланади. Хусусан, ҳуқуқшунос олим И.Ширшовнинг фикрича, тақдимнома киритишга терговчининг ҳуқуқи сифатида ёндашиш жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мақсад ва вазифаларига тўғри келмайди. Чунки жиноят ишининг тергови якунлари бўйича тақдимнома киритиш орқали жиноятнинг содир этилишига имкон берган ҳолат, сабаб ва шароитларга ҳамда аниқланган қонунбузарликларга ҳуқуқий муносабат билдирилади.

Терговчининг профилактик фаолиятида тақдимномалар киритилиши ижтимоий аҳамиятга эга. Бу борада олимларнинг фикрича, тақдимнома ҳуқуқий муносабатлар тизимида юридик баҳо беришнинг муҳим акти бўлиб хизмат қилади. Чунки айнан тақдимнома орқали жиноят ишларини тергов қилиш жараёнида аниқланган ҳолатлар умумлаштирилиб, жиноятнинг содир этилишига имкон берган сабаб ва шароитлар кўрсатиб берилади.

Тақдимнома киритишда қуйидаги вазифалар ижросига алоҳида эътибор бериш лозим:

– жиноятнинг сабаб ва шароитлари тўлиқ аниқланиши ва бартараф этилиши;

– жиноятга сабаб бўлган тизимли камчиликлар аниқланиши, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар берилиши, гумон қилинувчи, айбланувчи, жабрланувчи ва уларнинг оиласида юзага келган ижтимоий муаммолар ҳал этилиши;

– тайёргарлик кўрилаётган жиноятнинг олди олиниши, содир этилаётган жиноятга барҳам берилиши;

– қонун бузилишига йўл қўйган мансабдорларнинг жавобгарлиги масаласи ҳал этилиши;

– жиноят процесси иштирокчиларининг хавфсизлиги таъминланишига эришилиши.

Тақдимнома фақатгина профилактик йўналишга эмас, балки бартараф этувчи ва жазолаш хусусиятига ҳам эга бўлади.

Бироқ ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш тақдимнома киритиш самарадорлигини таъминлаш борасида бир қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2018 йил 28 апрелда Ҳазорасп туман прокуратураси томонидан Мухомон қишлоғи Мухомон маҳалласида яшовчи З.С ва Ф.Б.га нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергови натижасига кўра иш судга оширилган ва 2018 йил 30 июнда жиноятнинг сабабларини бартараф қилиш ҳақида «Мухомон» маҳалла фуқаролар йиғинига тақдимнома киритилган бўлса-да, унинг муҳокамасида прокурор-тергов ходимлари иштирок этмаган ва жавоби олинмаган. Шунингдек, ушбу оилада олдиндан муҳит нотинч бўлгани маҳалла фаолларига аён бўлса-да, бирон-бир шахсга чора кўрилгани тўғрисида маълумот мавжуд эмаслиги аниқланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг 2017 йил 20 декабрдаги 129 ва 179-буйруқларига асосан жиноят иши юзасидан киритилган тақдимнома масъул ташкилот томонидан бир ойлик муддатда тақдимномани киритган тергов органи иштирокида кўриб чиқилиши кўрсатилишига қарамасдан, ушбу талаб бажарилмаган ҳолатлар бор.

Мисол учун, 2017 йил 16 мартда Департаментнинг Урганч туман бўлими томонидан фуқаро Ж.А.га нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «г» банди билан қўзғатилган жиноят ишининг дастлабки тергови натижасига кўра иш судга оширилган ва 23 майда жиноятнинг сабабларини бартараф этиш ҳақида «Исломобод» маҳалла фуқаролар йиғинига тақдимнома киритилган бўлса-да, унинг муҳокамаси қонунда белгиланган муддатда эмас, балки орадан 1 ойу 6 кундан кейин муҳокама қилинган.

Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги бўйича жиноят ишларининг тергови якунида тақдимнома киритилган ҳолатларда унинг ижросини таъминламаган мансабдорларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш юзасидан қонун нормаларини такомиллаштиришга эҳтиёж сезилмоқда.

МЖТКнинг 196-моддасида фақатгина ҳуқуқбузарлик сабабини ҳамда шароитини бартараф этиш юзасидан ички ишлар органларининг ёзма тақдимномасини бажариш чорасини кўрмаслик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, бу борада мансабдорларга энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солиниши кўрсатиб ўтилган.

Бу борада хорижий тажрибага назар солсак, Беларуснинг Маъмурий ҳуқуқ­бузарликлар тўғрисидаги кодексининг 24.4-моддасида тергов органларининг тақдимномаси бажарилмаган ҳолларда тергов органининг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилинганлиги тўғрисида баённома тузишга ваколатли эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Мамлакатимизда тергов органлари фаолиятининг самарадорлиги ва қабул қилинадиган ҳужжатларнинг таъсирчанлигини ошириш мақсадида МЖТКда ҳам терговчининг тақдимномасини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш лозим деб ҳисоблаймиз.

Ойбек СУЛТОНОВ,

Хоразм вилояти прокуратураси

бўлим бошлиғи

Ойбек ЖУМАНИЁЗОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: