Home /   / Тенглик ва ижтимоий фаоллик жамият ривожига хизмат қилади

Тенглик ва ижтимоий фаоллик жамият ривожига хизмат қилади

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, турли соҳаларда ўз қобилиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Прокуратура органлари томонидан Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назорат ўрнатилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 февралдаги фармойиши билан тасдиқланган Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида биринчи навбатда Хотин-қизлар қўмитаси, аввало қўмита раиси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари жойларда оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногирон аёлларни ўз вақтида аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлашга шахсан жавобгар эканлиги белгиланган. Хотин-қизлар қўмитаси билан биргаликда туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталарида хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозимларига муносиб шахслар тайинланишига эришилди. Шунингдек, Хотин-қизлар қўмитаси “Ўзбекистон аёллари” китобини нашр этди. “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази чоп этган “Оила энциклопедияси” кам таъминланган оилалар ҳамда оила қураётган ёшларга бепул тарқатилмоқда.

Хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш бўйича 2019 йилнинг 9 ойи давомида 37206 нафар ёрдамга муҳтож, оғир шароитда яшаётган хотин-қизлар рўйхати тузилди. Уларнинг 16734 нафарига тиббий, 18717 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди, 10864 таси иш билан, 2602 нафари уй билан таъминланди. 1475 та аёл уй сотиб олиши учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан уй нархининг 10 фоизи, жами 25 миллиард 92 миллион сўм бошланғич бадал пудратчи ташкилотларга ўтказиб берилди.

Жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинган 413 нафар хотин-қиздан 408 нафари тиббий кўрикдан ўтказилиб, 266 нафари ишга жойлаштирилди.

9535 та нотинч оила рўйхати тузилиб, улар билан профилактик тадбирлар олиб борилди, натижада 5929 тасида нотинч­лик бартараф этилди. 2019 йилнинг 9 ойи давомида хотин-қизлар тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар натижасида ноқонуний ҳужжатларга нисбатан 74 та протест келтирилди, аниқланган қонунбузилиш­ларни бартараф этиш тўғрисида 191 та тақдимнома киритилди ҳамда 213 нафар аёлнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Ўтган даврда прокуратура органлари томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларига оид 626 та мурожаат ҳал этилиб, 136 таси қаноатлантирилди, 115 нафар аёлнинг ҳуқуқлари тикланди.

Ҳозир мамлакатимизда Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ҳамда 197 та ҳудудий марказ фаолият олиб бормоқда. Улар 2018 йилда 7463 нафар, 2019 йилнинг 9 ойида эса 9800 дан ортиқ оғир вазиятга тушиб қолган аёлга тиббий, психологик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатди.

Прокуратура таҳлил қилганда марказ фаолиятини молиялаштириш тўлиқ йўлга қўйилмагани аниқланди. Чунончи, унинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида 2019 йил 21 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 699-қарори қабул қилиниб, республика маркази ва ҳудудий марказлар доимий асосда ишловчи ходимларга эга бўлишига эришилди.

Адҳам Одинаев,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: