Home /   / Темурбеклар мактабида прокурор соати

Темурбеклар мактабида прокурор соати

Бугун эртамиз эгалари бўлган ёшларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва баркамол инсонлар бўлиб камолга етиши учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, у асосида қабул қилинаётган қонунлар ва қонуности ҳужжатлари таълим-тарбия ҳамда кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилишга, баркамол авлодни тарбиялашга йўналтирилмоқда.

Айниқса, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ёшларнинг ҳуқуқ ва имтиёзларини, уларнинг мақсад ва вазифаларини, баркамол инсон бўлиб шакл­ланиши учун давлат ва жамият ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекис­тон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида»ги Фармонига асосан буюк давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мард­лик, фидойилик ва адолатпарварлик фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олган ҳолда, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига «Темурбеклар мактаби» номи берилди.

Шунингдек, Президент фармонига кўра, мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб шароит яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Тошкент ҳарбий прокуратураси томонидан мазкур фармон асосида амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор вазифалар белгилаб олиниб, ижро этиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги «Темурбеклар мактаби» ўқувчиларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш мақсадида мактаб маъмурияти билан келишилган ҳолда, 2018 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб ҳафтанинг ҳар пайшанба куни «прокурор соати» дарси жорий этилди. «Ўзбекис­тон Республикасида Конституция ва қонуннинг устунлиги», «Вояга етмаганларнинг маъмурий ва жиноий қонунчиликдаги жавобгарлик асослари», «Ёшлар ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда Конс­титуциянинг ўрни», «Ўзбекистон Республикасида воя­га етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари» мавзуларида дарслар ўтказилди. Шу билан бирга, мактаб маъмурияти билан келишилган дарслар жадвалига асосан жамиятда долзарб бўлган мавзулар танланган ҳолда, доимий равишда «прокурор соати» дарслари ўтказилиши белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, “Темурбеклар мактаби” келгусида соҳибқирон Амир Темур бобомиз каби ватанпарвар, мард, фидойи ҳамда иқтидорли ёшлар таҳсил оладиган маскан бўлади.

Хулоса қиладиган бўлсак, боболаримизга муносиб бўлган, керак бўлса, улардек мард, фидойи, адолатпарвар ва ватанпарвар ёшларни тарбиялаб вояга етказиш масъулияти зиммамизда эканлигини доимо ёдда тутишимиз даркор.

Жамшид Темиров,

Тошкент ҳарбий прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: