Home / Тавсия этимиз / Тeлeфoн вa бoлaлap

Тeлeфoн вa бoлaлap

Алоқа воситалари кундан-кунга ривожланмоқда. Ҳаётимизни телефонсиз тасаввур қилиш қийин. Бугун ёшу қарининг турли русумдаги уяли телефонларда гаплашаётганини кўриш оддий ҳолга айланди. Лекин кўпчилик бундай телефонлар соғлиққа қандай таъсир қилишини яхши билмайди.

Уч ярим яшар набирам Комронбек менинг ҳамма ҳаракатларимни такрорлайди. Намоз ўқишимни кўриб, саждага эгилсам, уям саждага эгилади. Бирор киши билан телефонда гаплашсам, уям телевизорнинг пультини олиб «гаплашади». Кўчамизда ўйнаётган каттароқ болаларнинг сўкиниши ёки бошқа ёмон одатларини ҳам баъзан тўтиқушдай такрорлаб қолади. Ота-онаси ишдан келиши билан уларнинг телефонига ёпишади. Қани, бермай кўришсин-чи, уйни бошига кўтаради. Телефонни олиши билан «Маша-медвед»ми ё бошқа ўйинни, улар архивга тиқиб ташланган бўлса-да, топиб олиб бош кўтармай томоша қилади.

Ҳа, болаларга хос зийраклик, топқирлик, кузатувчанлик ва айни пайтда тақлидчилик хусусиятлари у эсини таний бошлагандаёқ уйғонаркан.

Телефон – ўйинчоқ

Хўш, болаларимиз билиб-билмай атрофдагиларнинг яхши одатларини эмас, ёмонларини ўзлаштириб олмасликлари учун нима қилаяпмиз? Биз ёмон одатларимизни ёш болага зинҳор кўрсатмаймиз дейсизми? Адашдингиз. Қўлингизда энг сўнгги русумдаги телефон бор-а? Айтайлик, кимдир сизга қўнғироқ қилиб қолди. Ташқарига чиқиб гаплашасизми ёки ичкарида? Турган гапки, овозингизни баландлатиб кичкинтойнинг олдида телефон қилаётган кишига жавоб берасиз. Энди фарзандингизга эътибор беринг. Ҳа, баракалла, у ҳам қўлини қулоғига олиб бориб «телефон»да гаплашишни бошлайди.

Гапнинг индаллосига ўтадиган бўлсак, қўл телефонларига муккасидан кетиб термулаётган, унинг асирига айланаётганлар орасида она сути оғзидан кетмаган болаларнинг кўплиги кишини хавотирга солади.

Фарзандингиз ёки набирангиз телефонда ҳар хил суратлар борлигини, ундаги қандайдир ўйинларни ўйнаганингизни кўрган. Шунинг учун уни сўрагани-сўраган. Келинг, хархаша қилаётган бола овуниши учун унга ҳар доим ўйнаган ўйинчоғи ва… мобиль телефонингизни кўрсатинг. Қай бирини танлайди? Албатта телефонни! Бу матоҳ, ундаги тасвирлар ақлни ром этадиган шундай вируски, болаларимизга ҳам аллақачон юққан. Сал ақлини танигани ва ҳатто мактабга бораётгани ҳам ўзига қўйиб берсангиз, телефонни кеча-ю кундуз қўлидан қўймаса. Бирор бадиий китобдан икки варақ ўқимаса ўқимайдики, телефонга муккасидан кетади. Боласи инжиқлик қилаверса, қулоғи тинчиши учун унга ўша матоҳни қўшқўллаб топшириб қўяётган ота-оналар ҳам оз эмас.

Беш ёшгача бўлган болалар нега унинг асирига айланиб қолаяпти?

Англиялик шифокорлар мобиль телефоннинг организмга зарари кўплигини, турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлишини исботлашган. Лондонда фаолият кўрсатувчи доктор Вини Курана телефоннинг салбий таъсири билан боғлиқ мия саратони болаларни ҳам четлаб ўтмаётганини, агар бунга эътиборсиз қаралаверса, яқин 10 йил ичида саратондан ҳалок бўладиган болалар сони ошиб боришини билдирган.

– Дунё олимларининг эътироф этишича, – дейди «Йилнинг энг яхши шифокори – 2019» республика танловининг «Йилнинг энг яхши офтальмологи» номинацияси ғолиби, Қашқадарё вилояти кўз касалликлари шифохонаси офтальмологи Шокир Лутфуллаев, – мобиль телефон айниқса ёш болалар учун ўта зарарли. – Электромагнит тўлқинлар инсон ирсиятидаги тартибнинг бузилишига, ҳужайралар фаолиятининг издан чиқишига, организмдаги маълум бир касаллик вирусларининг фаоллашувига сабаб бўлади, хавфли ўсма касаллигини келтириб чиқаради. Испаниядаги невродиагностика илмий текшириш институти олимларининг фикрича, 11-13 яшар болалар қўл телефони орқали икки дақиқа гаплашса, уларнинг бош миясидаги биоэлектрик ўзгаришлар телефонни қўйгандан кейин ҳам икки соатча сақланиб қолар экан. Болалардаги безовталанган мия фаолияти руҳий муаммоларга, ўқиш қобилиятининг пасайишига олиб келади. Бундан ташқари, мобиль телефонлар болаларнинг организмига, бўйининг ўсишига, иммунитетига, диққатини жамлашига салбий таъсир кўрсатади. Қолаверса, телефондаги ўйинларни узлуксиз ўйнаш оқибатида болаларда умуртқа поғонасининг қийшайиши, кўз хасталиклари кузатилаяпти.

Қотил болалар

Телефон ўйинларида вақт ҳам, жой ҳам муҳим эмас, асосийси – ғолиб бўлиш. Аксарият ўйинлар шундай дастурланганки, осонликча ғалабага эришиб бўлмайди. Бола ғолиб бўлиш ниятида соатлаб вақтини беҳуда ўтказаверади. Энг ёмони, «душман»ни ер тишлатиш учун ўзи сезмаган ҳолда тажовузкор бўлиб қолади. Қарабсизки, унда бетоқатлик, шафқатсизлик хусусиятлари шакллана боради. Бир танишим набираси синглисига пичоқ урмоқчи бўлаётганининг устидан чиқибди. Буни акасининг телефонидаги ўйиндан кўрган эмиш.

Бундан бир-икки йил олдин АҚШнинг Кентукки штатидаги мактабларнинг бирида Майкл исмли ўн тўрт ёшли бола уч нафар мактабдошини отиб ўлдиргани, яна беш ўқувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилгани ҳақида ўқигандим. Аниқланишича, ўспирин қонли саҳналарга тўла телефон ва интернет ўйинларига муккасидан кетган экан. Колорадо штатида ўн икки нафар мактабдоши ва ўқитувчисининг ҳаётига зомин бўлган Эрик Харрис ва Виллан Клеболд оқибатда ўз жонларига қасд қилишган.

Бола неча ёшидан мобиль телефондан фойдалангани маъқул?

Шифокорларнинг таъкидлашича, ўн ёшгача бўлган болаларнинг бош мия, кўз, қулоқ, асаб ва суяк тизимлари ҳали тўла шаклланмаган бўлади. Уяли телефон ақлий қобилиятни пасайтириб, асабийлашишга олиб келади, ўқувчини ва унинг атрофидагиларни машғулотлардан чалғитади. Ҳиндистонда ўн олти ёшгача бўлган болаларнинг уяли телефондан фойдаланиши бутунлай тақиқланган. Япония, Франция ва Испанияда ҳам болаларнинг мобиль телефондан фойдаланишида чекловлар ўрнатилган. Мутахассисларнинг фикрича, уяли телефондан фойдаланиш меъёри бир марталик суҳбат учун уч дақиқа атрофида бўлиши, ўн олтига кирмаганларнинг бир марталик суҳбати икки дақиқадан ошмаслиги зарур. Суҳбатлар ўртасидаги оралиқ 20-25 дақиқа бўлганда уяли телефоннинг салбий таъсири камаяди. Болалар бир суткада 30 дақиқадан ортиқ гаплашмаслиги лозим.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, болаларнинг смартфон ва планшетлардан фойдаланиши уларда руҳий ҳамда психологик муаммоларни келтириб чиқаради. АҚШлик олимларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги тўрт ёшгача бўлган болаларнинг      97 фоизи, оилавий даромадидан қатъи назар, мобиль телефонлардан фойдаланади. Уйқусизлик, семизлик, яккаланиб қолиш, бош мия шиши, саратон хуружи, бармоқларнинг шикаст­ланиши, мулоқот қобилиятининг пасайиши ва ўрганишнинг чекланиши телефон икки яшар болага етказадиган зарарнинг бир қисми экан, холос.

Дунё олимлари бонг уради

Қўл телефонлари ва интернет тармоғида ахлоққа зид тас­вирлар шу даражада кўпайиб кетганки, бу ҳол ёшларнинг одоб-ахлоқи ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга қараганда, ҳар йили ер юзида 10 миллиондан ортиқ қиз 18 ёшга тўлмай турмуш қураётган, 16 миллиондан зиёд қиз ҳомиладор бўлиб қолаётган, энг ёмони, бутун дунёда ҳар куни балоғатга етмаганларнинг 2000 нафардан зиёди ВИЧ вирусини юқтириб олаяпти. Бунда мобиль телефон ёки интернетдаги беҳаёликни тарғиб қилувчи ўйинларнинг таъсири йўқ деб ўйлайсизми?

Маккажўхори донини бодроққа айлантирган телефонлар

Бир куни ҳамкасблар билан мобиль телефонларнинг инсон организмига салбий таъсири ҳақида суҳбатлашиб ўтиргандик. Шунда «Замон» информацион дастурининг Қашқадарё вилоятидаги мухбири Шавкат Аминов телеэкранда ўз кўзи билан кўрган бир воқеани сўзлаб берди:

– Телевизор томоша қилиб ўтиргандим. Унда мобиль телефонларнинг инсон организмига салбий таъсири ҳақида мунозара бўлаётганди. Бошловчи ўнта замонавий телефонни стол устига айлана шаклида териб чиқди. Унинг ўртасига ликобчада маккажўхори донини қўйди. Ўнта телефонга ҳам бир вақтнинг ўзида қўнғироқ қилинди. Қай кўз билан кўрайки, ликобчадаги маккажўхори донлари худди товада тагига олов ёқиб қиздиргандек, чарс-чарс этиб бодроққа айлана бошлади…

Бу гапдан кейин мобиль телефонларнинг ёшлар организмига салбий таъсири ҳақида бош­қа бир нарса дейиш бизнингча ортиқча.

 Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: