Home /   / Ташаббуснинг қаноти бор

Ташаббуснинг қаноти бор

Юксак маънавиятга эришишнинг асосий воситаларидан бири инсоният бадиий тафаккурининг инъикоси бўлган бадиий адабиётдан баҳраманд бўлиш эканлиги аллақачон ўз исботини топган ҳақиқат. Инглиз адиби, тарихчи ва файласуф Т.Карнейль таъкидлаганидек, «Китоб инсоният ижодиётининг чинакам ҳайратланарли ва эътиборга лойиқ белгисидир. Китобларда кечмиш замонларнинг ақл-идроки яшайди, ҳоки-тупроқлари туш сингари аллақачонлар тўзғиб кетган одамларнинг овози бурро ва аниқ янграб туради. Инсоният яратган, қайта-қайта ўйлаб кўрган ва у эришган нарсаларнинг бари — худди сеҳрли сандиқдай китоблар саҳифасида сақланиб қолган».

Бадиий асарлар яшашга, курашга ва ғолиб бўлишга ўргатади. Компьютерлар қанчалик китоблар билан бойитилмасин, унда китоб ўқиб завқланиб, сеҳрланиб бўлмайди. Яқинда кенжа ўғлим хурсанд ҳолда: Интернетдан фалон китобни атиги 500 сўмга тушириб олдим», деди. Аммо йирик бир асарни компьютерда ўқий олмади. Чунки соатлаб унга термулиб ўтиришга сабри чидамади, кўзи толиқиб қолди. Компьютердан 4-5 варақни, у ёки бу асардан парчани, бирор илмий манбани олиш, ўқиш, таҳлил қилиш мумкин. Бироқ 400-500 бетлик бир асарни ўқиб, ўрганиб чиқишнинг имкони йўқ.

Буни дилдан чуқур ҳис этган Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 март куни ўтказилган йиғилишда ёшларга эътиборни кучайтириш, ёш авлодни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшлар ўртасида китобхонлик масаласига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, у ҳар бир раҳбар ўз шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар сов­ға қилса, бундай эзгу ташаббус китобхонликни ривожлантиришга хизмат қилиши, фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган китоб сов­ға қилиш ташаббуси Мажбурий ижро бюросининг Қашқадарё вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Шу кунгача улар ўзлари ўқиган мактабларга 10 мингдан ортиқ бадиий адабиётлар тортиқ этдилар.

Ҳа, китоб энг яхши совға. У инсонга руҳий-эстетик куч берадиган восита, ҳар қандай билимнинг жони, ҳар қандай фаннинг ибтидоси ва камолотидир.

 

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: