Home / Тавсия этимиз / Тарғибот фаолият кўзгусидир

Тарғибот фаолият кўзгусидир

Фуқароларни давлат ва жамият ҳаётида юз бераётган сўнгги ўзгаришлардан хабардор қилиш ижтимоий фикрни янада соғломлаштириш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Шу боис ҳам, бугунги ислоҳотлар жараёнида асосий эътибор мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар, жамият ҳаётидаги туб ўзгаришлар, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик ҳамда аҳолини хабардор қилиб бориш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунчиликдаги янгиликлардан аҳолини тезкор хабардор қилиш масалаларига қаратилаётгани бежиз эмас.

Дарҳақиқат, тезкор замон, глобаллашув жараёнлари ҳар бир фуқародан, ҳар бир давлат хизматчисидан ижтимоий фаоллик, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳамда юксак маънавият талаб этмоқда. Шу боис жамият аъзоларини ислоҳотларнинг моҳияти билан яқиндан таништириш, уларни ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш, уларга миллий давлатчилик анъаналари ҳамда амалдаги ҳуқуқий тизимнинг ишлаш механизмлари тўғрисида зарур маълумотларни етказиш, жамиятда ахборот хавфсизлигини таъминлаш бугунги куннинг олдимизга қўяётган талабидир.

Аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш алоҳида аҳамият касб этади. Кези келганда айтиш керак, бугун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Албатта, бу жараёнлар бевосита оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ҳамда давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг ўзаро самарали ҳамкорлиги билан чамбарчас боғлиқ.

Фикримизни жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими мисолида давом эттирадиган бўлсак, бўлим томонидан жамиятда ҳуқуқий маданиятни янада ошириш, соҳада амалга оширилаётган ишлардан аҳолининг хабардорлигини таъминлаш борасида доимий равишда тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Бугунги кун талаби ва эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, www.prokuratura.uz веб-сайти орқали янгиликлар, ахборотлар бериб борилмоқда. Бундан таш­қари, прокуратура органлари ва ОАВ ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида Бош прокуратурада оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мунтазам учрашувлар ташкил этиш яхши анъанага айланиб бормоқда.

Бугунги глобаллашув шароитида оммавий ахборот воситаларини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш уларнинг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ролини, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашдаги фаоллигини янада кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Прокуратура органлари томонидан мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.

Бугун прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ хабарлар юзасидан тезкор муносабат билдирилмоқда. Хусусан, марказий матбуот нашрларининг кундалик мониторингида 415 та, интернет сайтларида ўтказилган мониторинг­да 376 та прокуратура органлари фаолиятига тааллуқли, тан­қидий, ижобий ҳамда эътиборга молик материаллар аниқланган ва тегишли муносабат билдирилган.

рокуратура органлари томонидан 2018 йилда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш борасида жами 111 391 та қонунчилик тарғиботи тадбирлари амалга оширилди. Улардан 91 128 таси маъруза, суҳбат ва бошқа шаклдаги оғзаки тадбирлардан иборат бўлиб, 20 263 тасини оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлар ташкил қилади.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқу­қий ҳимоясини таъминлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизларга оид қонунчилик ижроси, мурожаатларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар, одам савдоси, гиёҳвандлик ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги қонунчилик ижроси ҳамда давлат дастурларининг ижросини таъминлаш каби  устувор йўналишларда тарғибот тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугунги кунда ҳар бир соҳада ошкоралик ва шаффофликни таъминлашга эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Негаки, аҳоли ҳуқуқ-тартибот идоралари бўладими, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органи бўладими, нодавлат ташкилотлар бўладими, уларнинг ислоҳотлар жараёнидаги иштироки қай даражада эканлигидан бевосита хабардор бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситалари, театр ва кино ижодкорлари билан ҳамкорлик қилиш борасида асосий эътибор оммавий ахборот воситалари орқали прокуратура органлари томонидан олиб борилаётган ишларни кенг ёритиб боришга қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда муаллифлик кўрсатувлари («Бир жиноят изидан», «Мурожаатлар ва қонун», «Жараён», «Жиноятчиликка муросасизлик — жамият тараққиётининг гарови») доимий равишда эфирга узатиб келинмоқда. Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази томонидан ҳафтада бир марта «Ўзбекистон-24» телеканали орқали «Қонун номи билан» рукни остида кўрсатув эфирга берилаяпти. Шу­нинг­дек, МТРК телеканаллари орқали намойиш қилинаётган «Тадбиркорлар телеклуби», «Эркин фикр», «Ўз уйинг­ни ўзинг асра», «Муносабат плюс», «Халқ виждони» каби дастурларга мунтазам тақризлар берилиб, уларда прокуратура органлари ходимларининг иштирок этиши таъминланмоқда.

2018 йилда прокуратура органларининг жамоатчилик билан самарали алоқаларини таъминлашга, фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга, прокуратура органлари фаолияти ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Бош прокуратурада ўтказилган 14 та тадбирга 46 дан ортиқ босма ва элек­трон оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилиниб, мазкур тадбирлар 103 маротаба телевидениеда, 41 маротаба радиода, 19 маротаба матбуотда ҳамда 45 та турли веб-сайт­ларда кенг ёритилди.

«Ўзбекистон-24», «Ўзбекистон», «Ёшлар», «Тошкент» ва бошқа телеканаллар орқали прокуратура органлари фаолияти, улар томонидан амалга оширилаётган тадбирлар ҳақида жами 355 та лавҳа эфирга узатилиб, уларда прокуратура ходимларининг 227 та чиқишлари (интервью) амалга оширилди.

Шунингдек, вилоятлар телерадиокомпаниялари орқали эфирга узатиладиган «Халқ билан юзма-юз» телекўрсатувларида вилоятлар, туман-шаҳар прокурорлари ҳамда уларга тенглаштирилган прокурорлар мунтазам иштирок этиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси юзасидан прокуратура органлари томонидан кўрилаётган чоралар хусусида аҳолини хабардор қилиб боришмоқда. Бундай телекўрсатувларга фуқаролардан келиб тушаётган турли саволларга жавоблар бериш билан бирга масалани ҳал этишда амалий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Шиддат билан ривожланаётган ахборот асрида яшар эканмиз, фаолиятимизни ҳам мана шундай замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантириб боришимиз шарт. Бу борада ўтган йилда Бош прокуратуранинг янги веб-сайти ишга туширилиб, унинг «Facebook», «Instagram» ва «Telegram» ижтимоий тармоқларида саҳифалари юритилиши йўлга қўйилди. Жамоатчилик билан яқин алоқа ўрнатиш ҳамда прокуратура органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида Бош прокуратура расмий сайтига 286 та, «Facebook» ижтимоий тармоғига 257 та, «Telegram» каналига 101 та расмий хабар ва видеолавҳалар жойлаштирилди.

Жамоатчилик назорати доирасида «Telegram» платформасида мустақил блогерлар томонидан юритилган «Пахта-2018» мурожаатлар ботига келиб тушган барча мурожаатларни тезкорликда ҳал қилиш ва жойларда фуқароларни пахта теримига мажбурий жалб қилиш, ноқонуний пул йиғиш, ишдан бўшатиш ва шунга ўхшаш бошқа ҳолатларни прокуратура органлари томонидан ўрганиш ҳамда қонун доирасида бартараф этиш механизми йўлга қўйилди. Пахта мавсумида ботдан      13 минг 477 киши фойдаланди ва жами 6 623 та хабар келиб тушди.

2017 йил якунланаётганида мамлакатимиз тарихида илк марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилган эди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган ушбу дастуриламал даражасидаги нутқ асосида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг навбатдаги босқичи бўлган 2018 йилда эл-юртимиз фаровонлигини янада юксалтириш йўлида тўла маънода улкан бунёдкорлик, қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

2018 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди. Бу сафарги Мурожаатнома ҳам якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келаси йилга мўлжалланган режалар, Ватанимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги асосий тамойиллар баён этилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди.

Мурожаатномада жорий йил учун жуда катта режалар белгилаб берилди. Бу эса прокуратура органлари зиммасига жиддий масъулият юклайди. Нега деганда, эзгу режаларнинг амалга ошиши бевосита жамиятда қонунийлик ва қонун устуворлигининг тўла таъминланиши билан боғлиқ жараён ҳисобланади. Бу эса прокуратура органларининг асосий фаолият йўналишларидан биридир.

Сурайё РАҲМОНОВА,

Бош прокуратура бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: