Home / Тавсия этимиз / ТAPИXНИНГ  ТИЛCИЗ ТИЛCИМЛAPИ ёхуд Лангар ота зиёратгоҳи ҳақида

ТAPИXНИНГ  ТИЛCИЗ ТИЛCИМЛAPИ ёхуд Лангар ота зиёратгоҳи ҳақида

Ўтган йили Рамазон ойида Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Лангар ота зиёратгоҳида сақланган Катта Лангар Қуръони ҳақида республика телевидениесида бир ой давомида кўрсатув берилган эди. Лангар ота жой номими ёки инсоннинг исмими? Агар инсоннинг исми бўлса, унинг авлод-аждодлари ким ва қаердан? Ёдгорлик мажмуини ким ва қачон қурган? Мазкур зиёратгоҳ билан Чироқчи туманидаги Лангар ота зиёратгоҳининг бир-бирига қандай боғлиқлик томони бор? Мақоламизда шулар ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.

БЕНАЗАР САБОҚЛАР МАСКАНИ

Бебаҳо қадриятларимиз ва муаззам тарихимиз саҳифаларида Лангар ота номи билан боғлиқ муқаддас маконлар ҳамда ривоятлар бир талай. Исломий маърифат дарғалари – шайхлар ва азиз авлиёлар макон топган бу табаррук манзилларда аждодларимизнинг бугунги кун ёшлари маънавий камолоти учун асқотадиган беназир сабоқларини учратиш мумкин.

Мамлакатимизда тарихий ёдгорликлар, меъморий обидалар, қадамжолар анчагина. Улар ислом динидан аввал, оташпарастлик, буддавийлик ақидалари ҳукм сурган пайтларда ҳам бўлган. Уларнинг қолдиқлари тоғларда кўп учрайди. Ислом дини ёйилгач, масжид ва мадрасалар, улуғ шайхлар дафн этилган жойларга мақбаралар қурилган. Уларни зиёрат қилиш одат тусига кирган. Ана шундай зиёратгоҳлардан бири Қамаши туманининг Лангар қишлоғида денгиз сатҳидан минг метр баландликда барпо этилган Лангар ота масжиди ва Шайх Абулҳасан мақбарасидир.

НЕГА ЛАНГАР ОТА НОМИ БИЛАН АТАЛАДИ?

Чироқчи туманида ҳам айнан шу номдаги ёдгорлик ва қишлоқ бор. Хўш, бу табаррук қадамжолар нега Лангар ота номи билан аталади? Турли манбаларда турлича ёзиладиган лангар атамаси кўпроқ мувозанатни сақлаш, ҳаракатни бир маромда тутиб туриш маъносини анг­латади. Баъзи ривоятларда ислом динида сўфи ва дарвешлар лангар ташлаш орқали жойлашадиган ерларини аниқлашгани, шунингдек, бу атама мўғулча лангўр – қабр,  яъни энг катта авлиёнинг қабри ёки бошқача таърифда мусофирхона, хайр-эҳсон тарқатиладиган жой, азиз-авлиёлар лангар ташлаган макон маъноларини бериши айтилади. Лангар атамаси тўғрисида бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Яъни у тарихий шахс эмас, жой номи билан боғлиқ бўлиб, марказ, қалъа, қўрғон, бандаргоҳ сўзларига муқояса қилинади. Айтишларича, илгари ҳар иккала жойдаги дарёлар ниҳоятда серсув бўлиб, ҳатто кемалар қатнаган экан. Лангар қишлоқлари эса кемалар тўхтайдиган, аниқроғи, лангар ташланадиган жой бўлган.

ЗАМИННИ ТУТИБ ТУРУВЧИМИ ЁХУД ИШҚИЯ ШАЙХИ?

Эл оғзида бу ҳақда яна бир гап юради. Лангар ота Аллоҳ таолонинг назари тушган, бу заминни бамисоли лангарчўпдай тутиб туриб, халқни бало-қазолардан асрар экан. Улуғ шайхлар ҳам айнан шу манзилларда тўхтаб, масжид барпо этганлари бежиз эмас. Хуллас, бу хусусда турлича талқинлар бор.

Оғиздан-оғизга ўтиб келган ривоятлар ва ҳужжатли маълумотларга кўра, «Лангар ота» атамаси исломий дарғалардан бири – тасаввуф таълимотининг ишқия тариқати шайхи Абулҳасанга нисбат бериб айтилган. Аслида бу силсиланинг бошида Абулҳасаннинг тўртинчи бобоси, Пайғамбаримиз (с.а.в.) чориёрларидан ҳазрати Умар розийоллоҳу анҳу, Султон Вайсил Қорайнин ҳамда шайх Боязид Бистомийлар туради.

Буюк бобомиз Алишер Навоий ўзининг «Насойимул-муҳаббат» номли асарида 770 машойих ҳақида маълумот келтириб, унинг 628-бандида Абулҳасан Ишқий ҳақида шундай ёзади: «Шайх Абулҳасан Ишқий (сирлари муқаддас бўлсин) Хоразмдандур. Шайх Боязид Ишқий Қуддуси сирриҳуким силсиласи султонул-орифин Боязид Бистомий раҳимоллоҳуга етар, анга тарбият қилгандир. Ўз замонида фақир аҳлининг муқтадоси эрмиш, балки машойихнинг пешвоси. Мурид ва асхоси кўп, каромат ва мақомати андин кўпроқ».

ТУЯ УЧИНЧИ БОР ЧЎККАН ЖОЙДА ҚУРИЛГАН МАСЖИД

Шунингдек, бошқа тарихий манбаларда ҳам Абулҳасан Ишқий хоразмлик эканлиги ва Хожа Баҳовуддинга замондош бўлгани, унинг таълимотини вафотидан кейин ўғли Худойқули шайх, ундан кейин ўғли Илёс шайх давом эттиргани ва уларнинг авлодлари Ўрта Осиё, ҳатто Ҳиндистонда ҳам тарқалгани, ХVII асрнинг охиригача давом этгани айтилади. Ишқия шайхларининг йиғинларида хушовоз ҳофизлар мусиқа жўрлигида қўшиқлар куйлашгани, уларда бандаларнинг Аллоҳга меҳр-муҳаббати беқиёс тарзда куйлангани таъкидланади. Тасаввуф таълимоти ишқия тариқати шайхларининг шиорлари асосан худога чексиз ошиқлик бўлиб, улар бир-бирлари билан учрашишганда «Ишқ улло», яъни «Аллоҳнинг ошиғи» деб саломлашишгани айтиб ўтилган.

Лангар ота масжиди ва Шайх Абулҳасан мақбараси турли даврларда бунёд этилган. Айрим ёзма манбалар ҳамда оғиздан-оғизга ўтиб келаётган ривоятларга қараганда, масжидга ХIV аср охирида Шайх Абулҳасан асос солган. У Бухородан иршод хатини олгач, ушбу манзил томон йўл олган экан. Шайхнинг пири у кишига «Минган туянгиз учинчи марта чўккан жойда масжид барпо этинг» деган экан. Туяси сўнгги бор ҳозирги Лангар қишлоғи, яъни масжиднинг ўрнига чўкибди ва Шайх Абулҳасан шу ерга масжиднинг пойдеворини қўйибди. Маҳаллий аҳоли у кишига мурид бўлиб, масжид қурилишида кўмаклашган экан.

ЗАРҲАЛ ДЕВОРДАГИ СИРЛИ ЁЗУВЛАР

Лангар ота масжиди ислом олами меъморчилик санъати билан маҳаллий халқ ҳунармандчилик услублари уйғунлигида барпо этилган. Бу меъморий обидани Марказий Осиёда ягона десак муболаға бўлмайди. Масжид томининг баландлиги, пойдеворига қўйилган тошларнинг улканлиги, устун ва ёғочларнинг қучоққа сиғмаслиги уни ўта маҳобатли қилиб кўрсатади. Ёдгорлик уч қисм – кичик масжид, катта масжид ва айвондан иборат бўлиб, умумий майдони етти сўтих. Улар турли даврларда қурилган бўлишига қарамай меъморий услуби ўхшаш, ўзаро туташиб, яхлит бино шаклини олган.

Масжид деворининг ички томонига ўрта асрлар услубида безак берилган, ўн иккита деразаси, меҳроб ва минбари тепасига намоз фарзлари, оятлар ва Фотиҳа сураси битилган. Бундан ташқари, зарҳал девор бўйлаб икки хил ёзув: арабча ҳамда оддий нақшга ўхшаб кетадиган номаълум ёзувлар муҳрланган. Юқоридагиси қандай имлолиги, безакми ё рамзий белгиларми – маълум эмас. Қизиғи шундаки, улар тўғри чизиқлардан ҳосил қилинган бўлиб, кўпи свастика шаклидадир. Бундай рамзлар қадимги туркий халқлар буюмларида, лавҳаларда кўп учрайди. Жумладан, қўнғирот ва қутчи ўзбекларининг ўтовларига ёпилган кигизларда, ғожари гиламларида, қурларида, боғиш ва тизмаларида айнан шундай нақшларни кўрамиз. Мутахассисларнинг фикрича, бу безаклар Кўк турк подшоларининг ишоралари, аниқроғи давлат рамзлари экан. Бу фикрни инкор этмаган ҳолда таъкидлаш жоизки, улар безак ёки рамзлар бўлибгина қолмай, диний, сиёсий ақидалар ва қонун-қоидаларни англатувчи иборалар ҳамдир. Шундан кўринадики, бу белгилар худди хитой иероглифлари каби имло вазифасини ўтаган. Зеро, иероглифлар ҳам алоҳида ҳарф ва товушларни эмас, балки нарсаларни, ҳаракатни, тушунчаларни ифодалаган.

 УЛУҒ МУТАСАВВУФЛАР АБАДИЙ ҚЎНИМ ТОПГАН ЖОЙ

Шайх Абулҳасан мақбараси масжиддан бир сой беридаги тепаликда жойлашган. Атрофи қабристон, тобутхонадан 100 метрча юрилгач, хилхонага борилади. Бу ёдгорлик масжиддан тахминан 100 йил кейин қурилган бўлиб, меъморчилик услуби Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасиникига ўхшашдир. Девори ва гумбази пишиқ ғиштдан тикланган, эшиклари, даричалари нафис, жимжимадор нақшлар билан безатилган. Мақбаранинг ичида бешта қабр бўлиб, улардан учтаси ўз ўлчами ва ёдгорлик тошлари билан ажралиб туради. Кираверишдаги алоҳида қабрга шайхлар хонадонига мансуб бўлмаса-да,  ижтимоий мавқеи билан юқори лавозимлардан бирини эгаллаган Амирбек Содиқ ибн Баҳодир дафн этилган. Қадимшунос олим Абдусобир Райимқуловнинг таъкидлашича, Лангар ота мақбарасига тасаввуф таълимотининг ишқия тариқати шайхлари Абулҳасан Ишқий, унинг ўғли шайхзода Муҳаммад Содиқ ва набираси Абулҳасан Охунд дафн этилган. Тўртинчи қабрда эса лавҳа йўқ, шу боис у кимники эканлиги маълум эмас. Тадқиқотчилар бу ерга Амир Темурнинг ўн тўрт яшар заифа набираси дафн этилган деб тахмин қилишади. Аммо илгари бу масканда имом бўлиб ишлаган мулла Жаббор Абдулазиз бошқача фикрда. У бундан 13 йил аввал Афғонистондан зиёратга келган бир аёл бу қабрга Шайх Абулҳусайннинг қизи қўйилган деганини ўз фикрига асос қилиб кўрсатди. Бу фикр ҳақиқатга яқин деб айтиш мумкин. Чунки Афғонистоннинг Қандаҳор шаҳрида бу ерда абадий қўним топган шайхларнинг бобоси Шайх Худойқулининг қабри бор. Афғонистонликлар уларнинг авлодлари ҳақида биздан кўра кўпроқ маълумотга эга бўлишса ажабмас. Шундай бўлса-да, бу масала ҳали тўлиғича ечимини топган эмас.

 

ФОЗИЛЛАР ВА ФОТИҲЛАР ТАЛПИНГАН ОБИДА

Ўрта аср тарихчиси Ибн Хавқал мазкур қишлоқ ҳудуди қадимда Кеш вилоятига бўйсунувчи Сиям туманига қарашли бўлгани, туманнинг номи айниқса 776 йилдан сўнг жуда машҳур бўлгани ҳақида ёзган. Археологик қазишмалар пайтида сомонийлар даврига оид ғиштлар топилгани бу манзилгоҳ ушбу сулола ҳукмронлиги даврида ҳам фаолият кўрсатганидан далолат беради.

XIV – XVI асрларда бу ҳудуд ислом дини ривожига катта ҳисса қўшган илмий марказлардан бирига айланганини, бу ерга олис юртлардан келган илмга ташна кишилар тасаввуф алломаларидан сабоқ олишганини кўриш мумкин. Шунингдек, 1889 йили Бухоро амирлигининг шарқий ҳудудларида ҳарбий ҳаракатлар олиб борган полковник Белявский Лангар қишлоғидаги тарихий обидалар ҳақида ёзиб қолдирган хотиралари, рус ҳарбий муҳандиси Борис Касталскийнинг бу маскан ҳақидаги илмийликка яқин фикрлари қимматли. Бундан ташқари, рассом Борис Литвинов, археолог Сергей Кабанов ва шарқшунос олим Михаил Массон Лангар қишлоғида жойлашган тарихий обидалар, қадимий ёдгорликлар билан танишиб, Лангар шайхларининг ҳаётига оид кўплаб маълумотлар тўплайди.

ХИРҚАЙИ МУБОРАК ҚАЕРДА?

Бу масканнинг катта зиёратгоҳ сифатида қадрланишининг сабаби шундаки, ундаги махсус сандиқда арабий ёзувнинг кўфий усулида битилган қадимий Катта Лангар Қуръони, Пайғамбаримизнинг кулоҳлари ва тўнлари – Хирқайи муборак авайлаб сақлаб келинган. Бу либосни Иброҳим алайҳиссалом номи билан ҳам боғлашади. Ривоят қилишларича, пайғамбар ўз фарзандини қурбонлик қилмоқчи бўлганида Аллоҳ унинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан кўк қўчқор юборган. Иброҳим алайҳиссалом қўчқорнинг гўштини ўз қавмига тарқатиб, жунидан шу чакмонни тайёрлатган. Муқаддас либос авлоддан-авлодга ўтиб, Васил Қора деган улуғ шайхга, ундан кейин Шайх Абулҳасанга етиб келади. У киши ва унинг авлодлари дунёдан ўтиб кетишгач, бу муқаддас либос асримиз бошларида лангарлик Абдулла бобонинг қўлига тегади. Хирқайи муборакни ўз кўзи билан кўрган кишиларнинг гувоҳлик беришича, унинг ранги қўнғирга мойил, сояда қорамтир, ой ёғдусида мовий, қуёш нурида эса зангор тусда товланиб турган. Неча асрлардан бери қўлдан-қўлга ўтиб келаётган бўлса-да, асло эскирмаган, ранги ҳам униқмаган.

Ушбу либоснинг Иброҳим пайғамбарники эканлиги анча баҳсли. Чунки у кишига нисбат бериладиган чакмон ҳозирги пайтда Бағдод шаҳрида сақланиши тўғрисида маълумотлар бор. Лангар отадаги Хирқайи муборак бошқа либос эканлиги ҳақиқатга яқинроқ. Лекин бундан унинг илоҳийлигига заррача шубҳа туғилмаслиги керак. Буюмнинг қарийб янги ҳолатдалиги, матоси ва ранги шундан далолат беради. Хирқайи муборак тарихий жиҳатдан ҳам ғоят қимматлидир.

Хирқайи муборакнинг кейинги тақдири қандай кечган? Қишлоқ қарияларининг гувоҳлик беришича, 1925 йилгача у Абдулла бобоникида сақланиб келган. Шу йили Москвадан «маданият жонкуярлари» келишини ва Хирқайи муборакни ўзлари билан олиб кетишини эшитган қишлоқ совети раиси Поён Жалилов буюмнинг тарихий аҳамиятини тушуниб етиб, уни асраб қолиш ҳаракатига тушади. Тезда туя жуни топтириб, ундан нусха тайёрлатади ва эски туси бериш учун унга чанг ва нафталин сепиб, ДХҚ ходимларига тақдим этади. Асл нусха шу тариқа сақлаб қолинади. Абдулла бобо вафот этгач, либос Қулфин момога, ундан сўнг Тўхта бувага ўтади. Кейин ҳам бир неча марта либосни олиб кетишга уринишлар бўлган. Охири 1984 йилда Хирқайи муборакни Москвага олиб кетишга муваффақ бўлишади.

Шу ўринда совет ҳукумати даврида ўзбек халқининг қанчадан-қанча бойликлари, осори-атиқалари марказга ташиб кетилганини айтмасдан иложимиз йўқ. Юртимиз мустақилликка эришгач, давлатимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракати билан маънавий бойликларимизнинг бир қисми ўзимизга қайтарилди. Жумладан, Хирқайи муборак билан бирга олиб кетилган кулоҳ ва кийик терисига битилган Каломуллоҳ (Катта Лангар Қуръони эмас) Лангар отага қайтарилган. Муқаддас либос эса Истанбул шаҳридаги «Ҳирқайи шариф» масжидида сақланмоқда.

Норбўта ҒОЗИЕВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: