Home / Жиноят ва жазо / Тамагир хирург

Тамагир хирург

Абу Али ибн Сино келажак авлод шифокорларига инсон соғ­лиғига ҳеч қачон хиёнат қилмаслик, ҳар қандай шароитда ҳам беморга беғараз ёрдам кўрсатиш каби олижаноб фазилатларни мерос қилиб қолдирди.

Аммо беш қўл баробар эмас деганларидек, улар орасида қинғир йўллар билан пул топишни мақсад қилганлари ҳам учраб турибди. Ҳузурига шифо истаб келаётган беморлардан муолажа ва жарроҳлик амалиётлари учун ҳеч қўрқмасдан пора талаб қилаётган, халатининг чўнтагига пул солиб қўймаган беморларга қўл учида истар-истамас хизмат кўрсатаётган, давлатимиз томонидан бепул ажратилаётган дори-дармонларни аҳолига пуллаб ўз ҳамёнини қаппайтираётган, тиббий билим ва малакаси талаб даражасида бўлмаган таниш-билишларини пора эвазига тиббиёт бирлашмаларига ишга жойлаштиришга ҳаракат қилаётган, бир сўз билан айтганда, ҳаром луқма билан кун кечиришни ўзига одат қилган айрим тубан шифокорлар ҳозир ҳам учраб тургани жамиятимиздаги соғлом муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Урганч туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими врач-хирурги Нодир Эгамов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) енгил даромад топиш мақсадида қабулига келган беморларни тамагирлик йўли билан даволашга бел боғлайди. Н.Эгамов бемор Отажон Собировни Урганч туман тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизиб, операция қилишни ваъда қилади ва эвазига 1 миллион сўм сўрайди.

Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган хизмат текшируви хулосасига кўра эса навбатчи хирург Н.Эгамов мустақил равишда, бўлим бошлиғи ва бошқаларга боғлиқ бўлмаган ҳолда беморларга касаллик тарихи очиш, уларни бўлимга ётқизиш, операция тайинлаш ва ўтказиш ваколатига эга эмас эди.

О.Собиров ушбу ноқонуний ҳаракат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Урганч туман бўлимига мурожаат қилади. Ариза асосида ўтказилган тезкор тадбирда шифокор Нодир Эгамов бемор Отажон Собировдан ўз ваколатига кирмаган операцияси учун 1 миллион сўм пулларни олаётган вақт­да қўлга олинди.

Порахўрликни, тамагирликни касб қилган ҳеч бир шахс жазосиз қолиб кетмайди. Бундай қилмиш эртами-кечми барибир фош бўлиши аниқ. Тамагир шифокор устидан жиноят иши қўзғатилиб, у суд томонидан тегишли жазога тортилди.

Ғайратжон СУЛТОНОВ,

Департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: