Home /   / Таълим тизимидаги ўзгаришлардан хабардормисиз?

Таълим тизимидаги ўзгаришлардан хабардормисиз?

Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизи ёки 12 миллиондан ортиғи ёшлар ва болалардир. Шу боис таълим тизимини такомиллаштириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳам ёш авлоднинг истиқболини кўзлаб қабул қилинган десак, муболаға бўлмайди.

Мазкур фармонда профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКОнинг Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (ТХСТ) даражалари билан уйғунлашмагани, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг миллий квалификация тизими тўлиқ жорий этилмагани тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашига тўсқинлик қилаётгани таъкидланган. Шу билан бирга, профессионал таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошлан­ғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб қилиш бўйича қатор вазифалар белгиланди. Энг муҳими, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистонда ТХСТ (кейинги ўринларда — халқаро таснифлагич) даражалари билан уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилиши белгиланди. Фармонга мувофиқ профессионал таълим муассасаларига халқаро таснифлагич бўйича асосий таълим дастурларидан ташқари қуйи даражадаги таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш ҳуқуқи берилади. Шу жумладан, тизимда касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғи ташкил этилади.

Ҳунар мактабларида умумтаълим муассасаларининг 9-синф битирувчилари ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда икки йиллик умумтаълим ва мутахассислик фанларининг интеграциялашган дастурлари асосида кадрлар тайёрланади. Ўқувчилар давлат бюджети ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида ойлик стипендия ҳамда уч маҳал овқат билан таъминланади ёки овқат пули тўлаб берилиши ҳам мумкин. Кадрлар тайёрлаш харажатлари давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Коллежларда эса кадрлар халқаро таснифлагичнинг камида 3-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда икки йилгача муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида тайёрланади. Харажатлар вазирлик ва идораларнинг бюджетдан таш­қари маблағи, ўқувчиларни давлат буюртмаси ва тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағ ҳамда қонунда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Техникумларда кадрлар тайёрлаш халқаро таснифлагичнинг камида 3 ёки 4-даражасига мос таълим дастурларини тамомлаган, камида умумий ўрта маълумотга эга бўлган шахслар ҳисобидан шакллантирилган гуруҳларда касблар ва мутахассисликларнинг мураккаблигидан келиб чиққан ҳолда икки йилдан кам бўлмаган муддатда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклида давлат буюртмаси ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилиши белгиланди.

Энди ўрта махсус таълим дастурларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз, якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Асосийси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларга идоравий бўйсунувидан қатъи назар ўқув-методик раҳбарлик қилиши ҳамда бу соҳада давлат сиёсатини юритиши қатъий белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг умумий ўрта таълим муассасаларининг 10-11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини тугатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди, мазкур мажмуалар тугатилиши ҳисобига бўшайдиган маблағ профессионал таълим тизимини молиялаштиришга йўналтирилиши белгиланди.

Фармонга мувофиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Савдо-саноат палатаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой ичида миллий квалификация тизимига мувофиқ Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчи касблари классификаторини қайта кўриб чиқади, шунингдек, илғор хорижий тажриба асосида уч ой муддатда миллий квалификация рамкасини, 2020 йил 1 январгача иқтисодиётнинг барча тармоқлари учун квалификация рамкаларини, 2020 йил 1 апрелгача Миллий профессионал стандартларни ишлаб чиқади ва амалиётга жорий этади.

Шу билан бирга Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳам бир қатор вазифалар юкланди. Жумладан, вазирлик икки ой муддатда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаши, уч ой ичида эса ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларнинг намунавий уставларини тасдиқлаши лозим бўлади.

Фармонда 2020 йил 1 январгача ҳудудларда инвестициявий ло­йиҳалар асосида яратилаётган иш ўринлари, кадрларга бўлган реал эҳтиёждан келиб чиқиб, таълим муассасаларининг ихтисослашувини инобатга олиб мавжуд жиҳозларнинг қайта тақсимланиши ҳамда 2020 йил 1 апрелгача идоравий бўйсунувидан қатъи назар профессионал таълим муассасаларининг ўқитувчи ва усталарини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги тизимини жорий этишни назарда тутувчи ҳукумат қарори ло­йиҳалари Вазирлар Маҳкамасига киритилиши белгилаб қўйилди. Шу жумладан, 2020 йил 1 июнгача бошланғич, ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим тизими учун таълим дастурлари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши керак.

Хуллас, профессионал таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган ушбу фармон малакали кадрлар тайёрланишига, шу орқали мамлакатимизнинг янада тараққий этишига хизмат қилади.

Сарвар Аҳмедов,

Бош прокуратура бошқарма прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: