Home /   / Тадбиркорларга мадад

Тадбиркорларга мадад

Тадбиркорлик иқтисодиётнинг жадал ривожланиши, аҳоли турмуш даражаси юксалиб боришининг етакчи омилидир. Уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бўлиб келмоқда. 

Бешариқ туман прокуратураси томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатлари ижроси мунтазам равишда таҳлил этиб борилмоқда. Давлат хизматларини кўр­сатишда қонун бузилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш чоралари кўрилаяпти. Прокурор назорати ҳужжатлари қўлланиб, қонун бузилган ҳолатлар бартараф этилмоқда.

Хусусан, туман давлат со­лиқ инспекциясининг қўшимча даромадларни аниқлаш ва ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бўлими юридик шахслар билан ишлаш шўъбаси катта инспектори Ў.Эсоналиев тадбиркор М.Қодиров топширган 1 млн. 500 минг сўм пулни солиқ тўловига йўналтирмасдан ва тадбиркорнинг солиқ-шахсий ҳисобварағида акс эттирмасдан, бошқа мақсадга сарфлаб юборгани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Туман прокуратурасининг ёрдами билан 2019 йилда 1011 та ҳолатда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Бунга йўл қўйган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, қонун талабига зид бўлган учта ҳуқуқий ҳужжатга нисбатан протест келтирилди. Аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш ҳақида тақдимнома ҳамда туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида туман маъмурий судига иккита ариза киритилди.

Суднинг ҳал қилув қарори билан туман ҳокимининг «Чорбоғтўронғи сервис» ММТП ҳудудидаги «Аҳлиддин келажаги орзуси» фермер хўжалиги билан тузилган ер ижараси шартномасини муддатидан аввал бекор қилиш ва ер участкасини туман захирасига қайтариш тўғрисидаги қонунга зид қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, фермер С.Алиевнинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ҳокимнинг «Қўрғонча келажаги» фермер хўжалигига ер ажратиш тўғрисидаги қарори эса бекор қилинди.

Ўзбекистон Президентининг «Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман прокуратурасининг ташаббуси билан масъул идоралар ходимлари жалб қилинган ҳолда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан жами 388 та бўш турган бино аниқланиб, улардан фойдаланиш бўйича 333 та лойиҳа ишлаб чиқилди. 220 та бўш бинода тадбиркорлик субъектларининг фаолияти йўлга қўйилиши таъминланиб, 298 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, ҳокимлик ҳузуридаги ишламаётган ва устав жамғармасини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича комиссия фаолияти ўрганиб борилмоқда. Шунинг баробарида, прокуратура томонидан ишламаётган 30 та кичик бизнес субъектининг фаолиятини тўхтатиш сабаби ўрганилиб, уни тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Тадбиркорларнинг муаммолари тезлик билан ҳал қилинаяпти. Битта тадбиркорга 80 млн. сўм кредит олишда, учта тадбиркорга фаолиятини кенгайтириши учун 11 гектар ер олишда ҳамда тўртта ҳолатда бошқа масалаларни ҳал этишда ёрдам берилди. Ўтказилган тадбирлар натижасида 42 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 45 та янги иш ўрни яратилди.

Масалан, Л.Ураимжонова мурожаатида тадбиркорликни бошлаш учун кредит олишда ёрдам сўраган эди. Туман  прокуратурасининг ёрдами билан тадбиркорга «Миллийбанк»нинг Бешариқ филиалидан 30 млн. сўм кредит берилди.

Туман прокуратураси томонидан тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаатига алоҳида эътибор қаратилиб, муаммолари қонун доирасида ҳал қилинмоқда. Давлат органлари ходимларининг ҳаракатлари устидан келиб тушган  12 та шикоятдан 4 таси қаноатлантирилди, 8 таси бўйича қонун талаби тушунтирилди. Мурожаатларни кўриб чиқиш давомида қонунга зид учта ҳужжатга нисбатан протест келтирилди, битта ҳолат бўйича маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди.

Маҳаллий матбуот орқали ҳамда бевосита учрашувларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларга имтиёзлар бериш тўғрисидаги янги қонун ҳужжатлари шарҳлаб берилмоқда. Тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилинаётгани туфайли туманимизда ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш кўлами ортиб, сифати яхшиланиб бормоқда.

Музаффар ЭГАМОВ,

Бешариқ тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: