Home /   / Тадбиркор ҳуқуқи тикланди

Тадбиркор ҳуқуқи тикланди

Айни вақтда халқимизни кўп йиллардан буён ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган муаммоларни ҳал этишда жойларда ўтказилаётган сайёр қабулларнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Хусусан, мана шундай сайёр қабулларнинг бирида пойтахтимизда фаолият юритиб келаётган “Haq-Do`st” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Р.Ҳусанов Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил 10 августдаги қарорини бекор қилиш ҳақида мурожаат қилган эди.

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 718-қарорига асосан ҳокимнинг 2010 йил 16 августдаги “Haq-Do`st” хусусий фирмасига қурилиш ишларига рухсат бериш ҳақидаги 506-қарори бекор қилинган. Хусусан, 2004 йил 5 мартда “Haq-Do`st” хусусий фирмаси ва “Bimits” хусусий корхонаси ўртасида тузилган олди-сотди шартномасига кўра “Haq-Do`st” Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чорбоғ 2-тор кўчаси 11-а уйда жойлашган, жами 1726 метр квадрат ерни эгаллаган юк кўтарувчи кран ҳамда бетон қоришма ишлаб чиқарадиган узелни, яъни ягона мажмуа бўлган корхонани сотиб олган. Олди-сотди шартномасига асосан Фуқаролик кодексининг 84-моддаси тартибида кўчмас мол-мулк давлат рўйхатидан ўтказилиб, кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилган.

Шунингдек, шаҳар ҳокимлиги ва “Haq-Do`st” хусусий фирмаси ўртасида 2007 йил 21 сентябрда тузилган ижара шартномасига кўра 2007 йил 1 октябрдан 2012 йил 1 октябрга қадар юк крани ҳамда бетон қоришма ишлаб чиқарадиган узел жойлашган 1726 метр квадрат ер “Haq-Do`st”га ижарага берилган.

Бундан ташқари, 2010 йилда “Haq-Do`st” шаҳар ҳокимлигига тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида фирмага тегишли ҳудудда ишлаб чиқариш биноларини қуришга рухсат сўраб мурожаат қилган. Мурожаат кўриб чиқилиб, шаҳар ҳокимининг 2010 йил 26 августдаги 506-қарори билан “Haq-Do`st”га Чилонзор тумани Чорбоғ кўчаси 11-уйда жойлашган ўзларига тегишли ҳудуднинг 0,032 гектар қисмида маъмурий, ишлаб чиқариш ва омборхона биноларини қуришга рухсат берилган.

Шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг 2011 йил 18 ноябрдаги баённомасига кўра лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, қурилиш ишлари бошланган. 2014 йил 8 октябрда “Haq-Do`st” билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги номидан ҳаракат қилувчи шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ўртасида ижара шартномаси тузилиб, янги шаклдаги кадастр ҳужжати тайёрлаб берилган.

Аммо кейинчалик Тошкент шаҳар ҳокимининг 506-қарори бекор қилиниб, 2015 йил 10 августда ўрнига 718-қарори қабул қилинган.

Ер кодексининг 22-моддасида корхонага, бинога, иншоотга ёки бошқа кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектлар билан биргаликда мазкур объектлар жойлашган ҳамда улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ва ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 26-моддасида ер участкаларини доимий эгалик қилишга ва фойдаланишга, мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга, узоқ муддатли вақтинча фойдаланишга, ижарага ва мулк қилиб олган юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ ер участкасини сақлаш вазифасига оид мажбуриятлар бажарилган тақдирда ўзлари олган корхоналар, бинолар, иморатлар, иншоотларни белгиланган тартибда қуриш, бузиш ёки реконструкция қилишга ҳақлилиги белгиланган. Бундан ташқари, ушбу ҳолатда корхонанинг, яъни тадбиркорнинг мулки дахлсизлиги инобатга олинмаган.

Фуқаролик кодексининг 85-моддасида бутун корхона мулкий комплекс сифатида кўчмас мулк ҳисобланиши; бутун корхона ёки унинг қисми олиш-сотиш, гаровга қўйиш, ижара ҳамда ашёвий ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бошқа битимларнинг объекти бўлиши мумкинлиги; мулкий комплекс бўлган корхона таркибига унинг фаолияти учун мўлжалланган ҳамма мулк турлари, шу жумладан ер участкалари, бинолар, иншоотлар, ускуна, инвентар, хомашё, маҳсулот, талаб қилиш ҳуқуқи, қарзлар, шунингдек корхонани, унинг маҳсулоти, ишлари ва хизматларини акс эттирувчи хусусий аломатларга бўлган ҳуқуқлар ва бошқа мутлақ ҳуқуқлар кириши белгиланган.

Ўзбекистон Конституциясининг 53-моддасида хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсизлиги ва давлат ҳимоясида эканлиги, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу боис Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур қарорга протест келтирилиб, қонунга зид  равишда қабул қилинган қарор бекор қилинди.

Яҳё АБДУРАҲМОНОВ,

Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: