Home /   / ТАБИБ БЕРГАН ДАМЛАМА унинг таркибини биласизми?

ТАБИБ БЕРГАН ДАМЛАМА унинг таркибини биласизми?

Айни вақтда республикамизнинг турли вилоят, шаҳар ва туманларида табиблар одамларни даволаётганлигини эшитамиз. Энг қизиғи, булар қаторида баъзи бир фолбин, кинначилар ҳам ўзларини табиб деб аташмоқда. Халқ орасида «синиқчи», «мош табиб» ёки «илгир» деб ном таратиб, фаолият олиб бораётганлар ҳам талайгина. Ҳаттоки, уларнинг айримлари ўзига яраша «машҳур»лик даражасига эга бўлишмоқда. Лекин, интернет сайтларидаги ёки бошқа информацион тармоқлар орқали «сохта табиб»лар фаолиятининг салбий оқибатлари ҳақидаги хабарлар ҳам эътиборимиздан четда қолмайди. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, табибларнинг маълумоти ва билим даражасини қандай билса бўлади? Табиб деб ном қозонаётганларнинг фаолияти давлатимиз томонидан тегишли қонун ва ҳужжатлар асосида тартибга солинадими?

Бугунги кунда фуқаролар ўз шароитларидан келиб чиққан ҳолда бепул ва пуллик тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлсаларда, аҳолининг табибларга мурожаатлари сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Шунга мос равишда табибчилик билан шуғулланувчи шахслар сони ҳам кам эмас. Тарихдан маълумки, қа­дим Шарқда беморларни аср­лар оша табиблар даволаб келишган. Улар ишлатган мал­ҳамларнинг 70-80 фоизи шифобахш ўсимликлардан олиниб, қолганлари ҳайвонлардан, яна бир қисми эса табиий маъданлардан тайёрланган экан. Ҳозир Хитой, Япония, Вьетнам, Корея, Лаос, Малайзия каби мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Ҳар бир мамлакатнинг ўз халқ табобати мавжуд. Маълумотларга кўра, Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизи табиблар томонидан кўрсатилар экан. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хал­қаро соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтган асрнинг охирги йилларида халқ табобатини чуқур ўрганиш ва бу соҳадаги тадқиқотларни янада кенгайтириш бўйича бир неча қарорлар қабул қилган.

Лекин юртимизда табибларнинг даволаш услублари турли баҳс-мунозараларга сабаб бўл­моқда. Мисол учун, табибларнинг беморларга бераётган дамлама ва гиёҳлари таркиби ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлолмайсиз. Гиёҳ ва дамламаларнинг яроқлилик муддати эса жумбоқлигича қолаверади. Айни дамда ҳар бир дорихона савдосида турган «Раъно»,» Осиё», «Мунис» каби бренд­лар остида турли гиёҳлардан тайёрланган чой ва дамламаларга кўзингиз тушади. Брендли шифобахш дамлама қутиларида уларнинг таркиби, тайёрланиши, қўлланилиши ҳамда яроқлилик муддатлари ҳам аниқ кўрсатилган. Афсуски, табибларнинг беморларга қўллаш учун бераётган дамламаларида бундай аниқ маълумотлар йўқ.

Шифокорларнинг таъкидлашича, кимёвий дори воситаларидан кўра гиёҳлардан заҳарланиш ёмон оқибатларга олиб келаркан. Мабодо, табибларнинг гиёҳларидан заҳарланиш ҳолати содир бўлса беморларга қандай ёрдам берилади? Ҳолбуки, беморнинг нима ичгани шифокор учун номаълум бўлса?! Бу ҳам бир жумбоқ. Бундан ташқари, «биоқувват» асосида, яъни экстрасенслик ёки турли ирим-сиримларни қўллаб даволаётганлар ҳам ўзларини «табиб» санаб келмоқдалар. Бир неча йиллар аввал Кашпировский, Джуна каби турли экстрасенсларни билмаганлар кам эди. Бугун эса ўзимизда ҳам биоқувват билан даволовчиларни учратиш мумкин. Қадимда, машҳур файласуф, олим Афлотун таъкидлаганидек: «Шифокорларнинг энг катта хатоси шундаки, улар одам танасини даволашга ҳаракат қилишади. Лекин аксар ҳолатда улар инсоннинг руҳини даволашга уринишмайди. Руҳ ва тана бир бири билан яхлитдир, уларни алоҳида-алоҳида даволаш мумкин эмас». Бу назарияда диний дунёқарашни ҳам ёдда тутишимиз керак. Зеро, қодир Аллоҳнинг ўзи дардини берганга шифосини ҳам беради. Энг муҳими, ҳар бир бемор шифо топишдан умидни узмаслиги керак. Балки ушбу қоида ўзидан «табиб» ясаб олган баъзи шахс­ларга қўл келаётгандир.

Ёки яна бир мисол, баъзи бир ёш болаларни иссиғи кўтарилганда «боласи илгир бўл­ганга ўхшайди», деб зудлик билан илгирга (қоғоз, ип ёки бошқа майда нарсаларни гўё оғзидан олиб ташловчилар) олиб боришади. Ҳаттоки, ёш болаларни суннат қилдириш, яъни хатна қилувчи усталарнинг фаолияти шу кунгача ҳуқуқий жавобгарликдан холи эди. Ёки кейинги пайтларда зулук қўйдириш ёки хижома усули билан қон олдириш масканлари ҳам кўпайиб бормоқда. Бу каби табобатнинг амалиёти асосан қон билан боғлиқ бўлгани учун уларнинг стириллик ва санитар-гигиеник ҳолатлари ҳам рисоладагидек деб айтолмаймиз. Ваҳоланки, инсон саломатлигининг энг муҳим жиҳатларидан бири қон билан боғлиқ. Ҳозир табиблик фаолияти билан шуғулланаётганларнинг беморларни қабул қилиш жойларидаги санитар-гигиеник ҳолатдан ҳам кўнглингиз тўлмайди.

Юқоридаги фикрлардан хулоса қиладиган бўлсак, аввал республика миқёсида халқ табобати вакилларининг фаолиятини баҳолашда ҳуқуқий мезон бўл­маган ва қонун доирасида тартибга солинмаган эди. Эндиликда, табобат соҳасига ҳам эътибор берилиб, табиблар фаолияти ҳам қонунлар назорати ва ҳимоясига олинди. 2018 йилнинг 12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида халқ табобати соҳасини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғ­рисида»ги Қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан табобат ва табиблик фаолиятида катта ўзгаришлар кутилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон халқ табобати академияси бош­қарув раиси Меҳри Нурузова қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

— Бир неча йиллар давомида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида халқ табобати соҳасининг ҳу­қуқий мақоми аниқланмаган эди. «Халқ табобати амалиёти» билан шуғулланишга рухсат берувчи, ёхуд бу фаолият билан шуғулланишни тақиқловчи бирор-бир норма ҳам мавжуд эмас эди. Аниқроқ айтганда, шу кунгача республикамизнинг турли ҳу­дуд­ларида фаолият олиб бораётган табибларнинг лицензияси ҳам бўлмаган эди. Жорий йилнинг 29 январь куни эса Тошкент халқ табобати олий мактаби учун илк бор лицензия берилди. Бу халқ табобати соҳасида илк лицензия ҳисобланади.

Томирни ушлаб беморларга тўлиқ ташхис қўйиш ҳам кўзбўямачилик. Аслида ҳар қандай касалликни аниқлаш ва беморга аниқ ташхис қўйиш учун тери, тил ва кўз қорачиғидаги ўзгаришларни ҳам синчковлик билан кўриш тавсия этилади. Бунинг учун ҳам катта тажриба талаб қилинади. Энг муҳими, инсон саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиклаш билан боғлиқ ҳар қандай фаолият юқори малакали тиббиёт мутахассислари томонидан олиб борилиши лозимлигини ҳеч ким инкор этмайди.

Айни вақтда халқ табобати фаолияти билан шуғулланиб келаётган «табиб»ларни икки тоифага бўлиш мумкин. Биринчи тоифа табиблар, тиббий маълумот тўғрисида дипломга ҳам эга эмаслар. Бундай «табиблар» авлоддан-авлодга ўтиб келаётган халқ табобати анъаналари асосида даволаш ишларини олиб боришмоқда. Уларни халқ орасида «ота мерос» табиб деб аташади.

Иккинчи тоифадагилари аввал тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатганлар ҳисобланади. Мазкур тоифадагилар, албатта, «дипломли табиблар» бўлиб, яъни нафақага чиққанларидан сўнг «табибчилик» қилишга бел боғлаган шахслардир. Бундай «дипломли табиблар»нинг сони бугунги кунда кўпчиликни ташкил этади.

Аввало, аҳолига кўрсатиладиган ҳар қандай тиббий хизмат биринчидан, малакали бўлиши керак, иккинчидан, қонунлар назорати доирасида амалга оширилиши лозим. Қолаверса, Ўзбекистонда халқ табобатининг сиё­сий-ҳуқуқий ва иқтисодий жиҳатдан таъминланиши янгича тиббий маданиятнинг оммалашувига ёрдам беради.

Тўғри, биз кўпинча замонавий тиббиёт ютуқларига суянамиз ва уларга қаттиқ ишонамиз. Бу табиий ҳол. Чунки ўта мураккаб операциялар, кўзларни даволаш, юрак хасталигидан фо­риғ қилувчи жарроҳлик амалиётлари, дунё аҳлини лол қолдираётган сиам эгизакларини ажратиш операциялари росмана мўъ­жиза саналади. Аммо ҳаётда шундай воқеалар ҳам рўй берадики, улардан кўз юмиб бўлмайди. Масалан, кучли таъсирга эга дори-дармонлар узоқ вақт қабул қилинса, организмни ҳолдан тойдиради. Баъзилари бир хасталикка шифо бўлгани ҳолда организмнинг бошқа аъзосига путур етказади, кундалик ҳаётда бундай ҳолатлар кўп кузатилади. Шунинг учун ҳам халқ табобатидан ўринли фойдаланиш одамлар саломатлигида муҳим ўрин тутади.

Ўзбек халқ табобати бир неча минг йиллик тарихга эга бўлиб, буюк аждодимиз олим Абу Али Ибн Синонинг «Тиб қонунлари»дан дунё медицина мактабларида асосий дарслик сифатида фойдаланиб келинмоқда. Ана шундай бой тарихга эга табобатимиз қўллаб келаётган шифобахш ва безарар дори-дармонлар билан тенглаша оладиган воситалар Ер юзида камдан-кам топилади.

Ўзбек халқ табобатини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, табибларнинг манфаатларини ҳимоялаш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида Халқ табобати ассоциациясининг ташкил этилиши ҳам қувончли янгиликлардан бири бўлди. Қутлуғ диёримиз халқ табобатининг илдизи 4-5 минг йиллик мозийларга (Авесто битиклари) бориб тақалса-да, ҳанузгача халқ табобати бўйича аҳолига хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқланмаган, табиблар томонидан кўрсатилаётган тиббий муолажа ва хизматларнинг сифатлилиги ҳамда хавфсизлиги даражаси ўрганилмаган, давлат назорати йўлга қўйилмаганди. Эндиликда, мазкур қарор ана шундай тушунмовчиликларга бар­ҳам бериб, табибнинг шахсиятини, фаолияти кўламини, мажбуриятларини тўлиқ белгилаб бериш учун хизмат қилади. Олдимизга аниқ мақсад ва масъулиятли вазифаларни юклайди.

Энг асосийси, Халқ табобати усулларини қўллаш билан касалликларни даволаш учун тавсия қилинадиган (ишлатиладиган), аниқ номдаги ўсимликлар, уларни парвариш қилиш ва ўстириш жойи, ўсимликлардан фойдаланиш ва бошқа зарур маълумотларни ўзида жамлаган миллий ўсимлик турлари тўғрисидаги маълумотлар базасини яратиш ҳам энг масъулиятли вазифа сифатида Қарор билан белгилаб қўйилди.

Қарор муқаддимасида мазкур камчилик ва нуқсонлар эътироф этилган ҳолда аҳоли саломатлигини янада яхшилаш мақсадида халқ табобати замонавий тиббиёт билан бир қаторда аҳоли саломатлигини сақлаш усули сифатида эътироф этилади. Шунингдек, табибларимизнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи лицензияларга эга бўладилар. Бундан таш­қари, халқ табобати ходимлари кўрсатган хизматлари учун жавобгар бўлиб, улар ўз фаолиятлари мобайнида йўл қўйган хато ҳамда камчиликлари, беморларга етказилган зиён учун тўлиқ ҳажмда жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон халқ табобати академияси кўп йиллардан буён Хитой, Болгария, Германия, Эрон ва Россия мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Қарорда халқаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилганки, бу тизимни янада кенгайтириш мақсадида мутахассислар алмашинуви, қайта тайёрлаш бўйича кенг кўламли ишлар қилинади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасига республика тиббиёт олий ўқув юртларининг «Даволаш иши», «Педиатрия иши», «Тиббиёт-педагогика иши» бакалавриат йўналишларидаги ўқув дастурларига халқ табобати бўйича махсус ўқув циклини жорий этишни ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида халқ табобати кафедраси ва «Халқ табобати» йўналиши бўйича малака ошириш курсини ташкил қилиш вазифалари юклатилди. Бундан ташқари, амалдаги «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонунига ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Гули Ҳожибоева,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: