Home /   / Сув таъминоти ёмон бўлса…

Сув таъминоти ёмон бўлса…

Бугунги кунда фермер хўжаликларининг ишчилари, деҳқон ва боғбонларнинг меҳнати қадрланаяпти. Давлат эҳтиёжи учун етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг харид нархи ошириб борилмоқда. Ҳосилдорлиги паст ерларда маҳсулот етиштираётган фермер хўжаликлари молиявий қўллаб-қувватланмоқда. Тупроқ унумдорлигини ошириш чоралари кўрилаяпти. Янги техникалар етказиб берилмоқда.  Ёнилғи, уруғлик, минерал ўғит таъминотидаги муаммолар ҳал этилмоқда.

Тумандаги 12055 гектар ерда 174 та фермер хўжалиги пахта ва ғалла етиштирмоқда. Прокуратура томонидан ердан бошқа мақсадда фойдаланишнинг олдини олиш чоралари кўрилди. Экинлар парвариши, агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши ўрганиб борилди. Ушбу жараёнда туғилган муаммоларни ҳал этиш учун ёрдам кўрсатилди. 6630 гектар ерда етиштирилган ғалла нест-нобуд қилинмасдан ўриб олиниб, 2019 йилги режа бажарилишига эришилди.

Ўзбекистон Президентининг “Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжи учун пахта хомашёси етиштирувчи фермер хўжаликларини молиявий қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори ижроси таҳлил қилинганида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилди. Айни чоғда пахтани йиғиб-териб олиш қизғин паллага кирди. Ҳосилни ўз вақтида ва сифатли йиғиб олиш ишлари тўлиқ назоратга олинган.

Туманда қарийб 2000 гектар ерда мева, сабзавот, балиқ, асалари, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш, тут дарахти парваришлашга ихтисослашган 160 та фермер хўжалиги фаолият кўрсатаяпти. Ишни тўғри ташкил қилиб, қонун доирасида фаолият юритаётган фермерлар етиштирган маҳсулотларини бозорларга узлуксиз етказиб беришаяпти. Хорижга экспорт қилишаяпти. Деҳқон ва боғбонларнинг, шунингдек то­мор­қа ерларидан самарали фойдаланаётган фуқароларнинг даромади ортиб, турмуши яхшиланиб бораяпти. Туман захирасидаги мелиоратив ҳолати, сув таъминоти ёмонлиги туфайли фойдаланилмай ёт­ган 14 гектар ерда анорзор ташкил этилмоқда.

Чорвачиликнинг ривожи озуқа базасига боғлиқ. 34 та фермер хўжалигида боқилаётган 3241 бош қорамолга 918 гектар ер ажратиб берилган. Бироқ ер ажратишда маҳаллий ва наслли қорамолларга ҳисобланадиган меъёр эътиборга олинмаган. Фермер хўжаликларидаги қорамолларнинг 1657 боши наслли бўлиб, уларга меъёр бўйича 828 гектар, 1584 бош маҳаллий қорамолга эса 475 гектар, жами 1303 гектар экин майдони талаб этилади. Ер танқислиги туфайли ҳалигача бу муаммо бартараф этилмаган.

Фермер хўжаликлари, қиш­лоқ хўжалиги корхоналарида тўлов интизомига оид қонун ҳужжатлари ижроси ўрганилмоқда. Хусусан, “Агросервис МТП”да ўтказилган текшириш давомида 22 нафар ходимнинг тўланмаган иш ҳақи ундирилиб, ҳуқуқлари тикланди.

Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги назорат идоралари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларнинг юритилиши, кўрсатилаётган юридик хизматнинг самарадорлиги, белгиланган режаларнинг бажарилиши, меҳнат ва ижро интизомига риоя этилиши, мурожаатлар кўриб чиқилишида қонунчиликка амал қилиниши бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига, Фарғона вилояти ветеренария бошқармасига тақдимнома киритилди.

Барча соҳаларда қонунийликнинг таъминланиши тараққиёт омилидир. Туман прокуратураси томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантиришга оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида мунтазам иш олиб борилмоқда.

Санжарбек Аминжонов,

Фурқат тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: