Home /   / Сув талаш жон талашга айланди

Сув талаш жон талашга айланди

Инсонга ақл берилганки, жаҳлни жиловлашга, ҳар қандай вазиятда оқибатини ўйлаб йўл тутишга ишора бу. Инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилганки, унинг ҳар қадами умр йўлларини безаши, яхшилик билан из қолдириш учун чексиз имкон бу. Жоҳиллик, жабр ва жиноят оқибати ҳеч қачон хайрли бўлмаган ва бу инсонга хос эмас. Қанийди бундай тафсилотлар, фожиалар ҳақида сўз юритмасак!..

Таассуфки, огоҳлик ва ҳушёрликка чорлаш, инсон деган номга муносиб ҳаёт кечиришга ундаш учун ҳам жиноят ҳақида сўз юритишга мажбур бўламиз гоҳо…

Жаҳл ва муросасизлик 28 ёшли йигитни қотил сифатида юзини қора қилиб, суднинг  қора курсига олиб келди. Унинг қилмиши сабаб бир инсон ҳаётдан бевақт кўз юмди, бири эса жабр тортди.

Косонсойнинг «Бомраҳа» МФЙ ҳудудидаги далада отаси иккиси деҳқончилик билан шуғулланиб келган, фермер хўжаликларидан бирида сувчи бўлиб ишлайдиган Азим (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ерлар насос ёрдамида суғорилгани боис, сув тақсимоти учун масъул шахслар билан мунтазам низолашиб келарди.

2018 йилнинг ёзи. 8 июль куни кечки пайт соат 21:30 лар чамаси Азим отаси билан боғдаги экинларни суғориш учун умумий фойдаланишдаги сув тарқатиш иншоотига борди. Ғўзага очилган сув йўлини ўзбошимчалик билан тўсиб, ўз боғига йўналтирди. Ҳосил тақдири ҳал бўладиган дамлар эмасми, сув таъминотига масъул бўлган Акрам, Носир ва Шокир унга вазиятни тушунтирмоқчи бўлишди. Эртага унга сув иншооти назоратчисига айтиб, боғини суғориб олиши учун шароит яратиб беришни ваъда қилишди.

Азим эса бу ерда сув назоратчиси йўқ, деган хаёлга бордими, «Ким бўлибди ўша…», дея унинг шаънига ҳақоратли сўзларни айтишдан ўзини тия олмади.

Шокир унинг ҳақоратларига чидай олмади. Қўлидаги ёғоч билан унинг елкасига, сўнгра отасининг юзига урди…

Вазият шу тариқа қалтис тус олди. Ўзи ва отаси калтакланганидан жаҳл отига минган Азим ёнидаги пичоқни олиб, Шокирнинг ўнг оёғи сон қисмига икки маротаба қасддан урди. Уларни ажратишга ошиққан Акрам ҳам пичоқ зарбидан «бенасиб» қолмади. Азим унинг чап оёғига пичоқ санчди…

Жабрланувчилар зудлик билан туман шифохонасига олиб келинди. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, Шокир кўп қон йўқотганлиги туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Сув талашиш, тийиқсизлик, ҳақорат, гап уқмаслик оқибатида келиб чиққан жиноят бир навниҳол йигит қотилга, иккинчиси марҳумга айланиши билан якун топди. Жаҳлини жиловлай олмаган қотил суд ҳукми билан 8 йилу бир ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Аммо бу қилмиш туфайли бир оила, жўжабирдай жон отадан айрилди. Бунинг жабри ва виждон азобини йиллар бадали билан тўлаб бўлмайди.

Одамийлик сабоқлари, инсонийлик қиёфаси, олий мавжудотга хос феъл-атворга муносиб яшашга ундаш учун бундан оғирроқ, бундан аччиқроқ сабоқ бўлмаса керак.

Комил ҚАЛАНДАРОВ,

Наманган вилоят прокуратураси бўлим прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: