Home /   / Суднинг эътиборидан четда қолган «таклиф»

Суднинг эътиборидан четда қолган «таклиф»

Ҳар бир судья конституциявий нормаларга ва қонунларга, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, одил ва холис бўлиши талаб этилади. Аммо айрим судьяларнинг ноқонуний қарорлари аҳолининг норозилигига, юқори турувчи органларга ариза ва шикоятларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, суд қароридан норози бўлган «Skiflandiya» МЧЖ фаолияти бўйича иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори Бухоро вилояти прокуратураси томонидан ўрганилди.

Маълум бўлишича, Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 28 апрелдаги «Иқтисодиётда хусусий мулкнинг улуши ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва Бухоро вилояти ҳудудий танлов комиссиясининг 2015 йил 14 июлдаги йиғилиши баёнига асосан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоя­ти бошқармаси ва «Skiflandiya» масъулияти чекланган жамияти, Шофиркон тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси ўртасида 2015 йил 3 августда тумандаги Дўрмон қишлоғида жойлашган, собиқ «Шофиркон пилла» акциядорлик жамиятининг «Дўрмон» пилла пункти бино ва иншоотларини ноль харид қийматида «Skiflandiya» масъулияти чекланган жамиятига инвес­тиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш эвазига сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилган. Шартномага мувофиқ жамият 2018 йил 2 августга қадар жами 1 427 750 000 сўмлик инвестиция киритиш мажбуриятини олган.

Хуллас, МЧЖ уч йил ичида, яъни 2018 йил 2 августга қадар объектни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш эвазига кўмирни қайта ишлаш ва брикет ишлаб чиқариш, шлакоблок, ғишт ишлаб чиқариш, шунингдек, музхона ташкил этиб, 53 та янги иш ўрни яратиш мажбуриятини зиммасига олганди. Жамият 680,3 миллион сўм харажат қилиб, мазкур иншоотларни реконструкция қилган, коммуникация тармоқларини ўтказган, ҳудудни ободонлаштирган. Лекин бу ишлар бажарилганини тасдиқловчи ҳужжатларни бошқармага тақдим этмаган.

Бошқарма томонидан шартномани ўрганганда шартлар «Skiflandiya» томонидан бузилгани аниқланган. Шундан сўнг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти бошқармаси «Skiflandiya»дан мазкур бинони қайтариб олиш учун вилоят иқтисодий судига даъво аризаси киритади.

Вилоят иқтисодий судининг 2019 йил 28 январдаги ҳал қилув қарори билан шартнома бекор қилинади.

Вилоят прокуратураси томонидан суднинг мазкур ҳал қилув қарори қуйидаги асосларга кўра бекор қилиниб, қонунга мувофиқлаштирилди.

Суднинг 2019 йил 14 январдаги ажрими билан ишга низонинг предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида Шофиркон тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармаси жалб қилинган.

Даъвогар инвестиция мажбурияти бажарилмаётгани ҳақида жавобгарга огоҳлантириш хати, шунингдек инвестиция шартномаси бажарилмаган тақдирда тузилган шартномани бекор қилиш ҳақида талабнома юборган. Лекин шартномани бекор қилиш ҳақида Шофиркон тумани ҳокимлиги ва ободонлаштириш бошқармасига таклиф юбормаган. Ваҳоланки, ушбу тарафлар ҳам шартнома иштирокчиси ҳисобланади ва улар ҳам шартномани имзолаган.

Биринчи инстанция суди ушбу ҳолатга, яъни даъвогар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя қилмаганига эътибор қаратмаган ва даъвонинг шартномани бекор қилиш ҳақидаги қисмини қаноатлантирган. Ваҳоланки, даъвогар шартномани бекор қилишдан олдин шартноманинг барча иштирокчиларига талабнома юбориши шарт бўлган.

Иқтисодий процессуал кодексининг 107-моддаси 5-бандига кўра даъвогар низони судгача ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса, суд даъво аризасини кўрмасдан қолдиради.

Қайд этилган талабларга риоя этмаслик ИПКнинг 302 ва 322-моддаларига мувофиқ қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкин. Бу ҳақда Олий суд пленумининг 2007 йил 15 июндаги «Суднинг ҳал қилув қарори тўғрисида»ги 161-қарорининг 1-бандида тушунтириш берилган.

Вилоят прокуратураси қабул қилинган суд қарорини бекор қилиш тўғрисида 2019 йил 26 апрелда кассация тартибида протест келтирди, вилоят иқтисодий суди кассация инстанциясининг 2019 йил 21 майдаги қарори билан протест тўлиқ қаноатлантирилди ва мулк МЧЖга қайтарилди.

Яҳё Андаев,

Бухоро вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: