Home / Жиноят ва жазо / Судланувчи… суд раиси экан ёхуд ҳамкор ҳам, ҳакам ҳам ғирром чиқди

Судланувчи… суд раиси экан ёхуд ҳамкор ҳам, ҳакам ҳам ғирром чиқди

Бу жиноят тафсилотини эшитиб, беихтиёр “ажаб савдолар” деб юборсангиз ажабмас. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди Олим Қулмуродовнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноят ишини кўриб чиқди. Энг ажабланарлиси, судланувчининг ўзи суд раиси эди…

О.Қулмуродов 1963 йилда Ғузор туманида туғилган. Олий маълумотли. Оилали, тўрт фарзанди бор. Илгари унга нисбатан юритилган жиноят иши амнистия туфайли тугатилган. Ўзбе­кис­тон ҳакамлик судлари ассоциацияси вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи Нишон тумани ҳакамлик суди раиси, шу билан бирга, Қарши тумани ҳакамлик суди раиси вазифасини бажарувчи лавозимида ҳам ишлаб келган. Бундан таш­қари, вилоят ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси ҳуқуқшуноси сифатида ҳам фаолият юритган. Нишон тумани “Наврўз” МФЙда яшаган.

…Қаршилик тадбиркор, “Тантана Ойбек сервис” МЧЖ раҳбари Муниса Толипова 2018 йилнинг октябрь ойида тадбиркорликни янада ривожлантириш учун “Халқ банки”нинг Қарши шаҳар филиалидан 500 миллион сўм кредит олди. У бу пулга ўзи раҳбарлик қилаётган “Нигоҳ” тўйхонасининг иккинчи қаватида маиший хизмат кўрсатиш марказини ташкил этмоқчи эди. Шу мақсадда ҳар хил товарлар олиш учун ҳамкор МЧЖ билан шартнома тузиб, унинг ҳисоб рақамига кредитга олинган пулларни ўтказиб берди.

Келишилган муддатдан анча вақт ўтиб кетди ҳамки, ҳамкорлар молларни етказиб беришни пайсалга солаверди. М.Толипова ҳамкор МЧЖ раҳбари билан битим тузиб, ўртадаги можарони ҳал қилишни ҳакамлик судига топширишга келишишди.

Шу тариқа Муниса Толипованинг турмуш ўртоғи Шукур Суяров Қарши туманлараро ҳакамлик суди раиси Олим Қулмуродовга мурожаат қилди. Ҳакамлик судининг раиси ишни уларнинг фойдасига ҳал қилиб бериши эвазига ундан 5 000 АҚШ доллари талаб қилди. Тадбиркор қулоқларига ишонмади. Аниқлик киритиш мақсадида ўзи суд раиси билан учрашди. Шу гап — “ҳакам жаноблари” қайсар чиқди, беш минг деб туриб олди. Тадбиркор ўйланиб қолди. Бу ёқда ҳамкор ғирромлик қилса, бу ёқда ҳакам…

Ҳакам билан музокара узоқ давом этди. Охири Олим Қулмуродов тадбиркорга ўзича “инсоф қилди”: ҳамкоридан ўша 500 миллионни 730 миллион сўм қилиб ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариб беришини, иқтисодий суд мансабдорлари орқали гаплашиб, ижро варақаси чиқартириб, Мажбурий ижро бюросига топширишини айтиб, “хизмат ҳақи” 3 500 АҚШ доллари бўлишини маълум қилди.

О.Қулмуродов тадбиркорнинг “Ни­гоҳ” тўйхонасидаги хизмат хонасида М.Толиповадан 3500 долларни олган чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинди…

Суд ҳукмига кўра О.Қулмуродов 1 йилга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқу­қидан, 2 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Ҳа, ғирром ҳакам бир оддий ҳақиқатни унутган экан чамаси — бу дунёда барча нарсадан улуғроқ ҳакам бор. Бу ҳакам, ҳеч шубҳасиз, адолатдир.

Рустам САЙФИЕВ,

Қашқадарё вилояти прокуратураси

бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: