Home /   / Суд залидаги маҳалла посбони

Суд залидаги маҳалла посбони

Спиртли ичимлик ичиб кўнгилхушлик қилиш аксарият оилавий можаролар, қўйди-чиқдиларга сабаб бўлаяпти. Ошна-оғайни, қариндошларни юз кўрмас қилиб қўймоқда. Бундан-да аянчли оқибатларни келтириб чиқараяпти. 

28 ёшга кирган судланувчи “Чеккўприк” МФЙда посбон, жамоатчилик тузилмасининг раҳбари бўлган. Жанжал, можароларнинг олдини олиш, маҳалла осойишталиги учун масъуллардан бири бўлган Ортиқали Раҳимбердиевнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўзи жиноятга қўл урди.

27 октябрь — шанба куни кечқурун Ортиқали маҳалла гузарига чиқиб боради. Ўша куни кечки соат саккизларда Аҳмадали ўртоғи Валижонга қўнғироқ қилади. У билан жамоатчилик масканида кўришади. Валижоннинг ёнида ўтирган Салоҳиддиннинг бир оз кайфи бор эди, уларни чойхонага таклиф қилади. Чойхонада ароқ ичиб, газак қилиб ўтиришганида ёнларига келган Ортиқали “велосипедимни кўрмадингизми?” деб сўрайди. Нафасидан спирт ҳиди анқийди. Тўртовлон яна ароқ ичиб, отамлашиб ўтиришади. “Қорним очди,  юринглар”, — дея Салоҳиддин Томоша қишлоғидаги чойхонага бошлайди. Ортиқали уларга қўшилади. Йўловчи машинада боришганида чойхона берк экан. Чойхоначини чақиришади. У егулик ҳеч нима қолмади дегач туман марказига бормоқчи бўлишади. Аҳмадали автомашинаси бор ўртоғига қўнғироқ қилади. Ўртоғи “кеч бўлди, ҳамма ошхоналар ёпилган” дея гапни калта қилади. Шундан сўнг улфатлар шу яқиндаги балиқ пишириб сотадиган емакхонага йўл олишади. У ер ҳам ёпилиб бўлганини кўриб пиёда уйларига қайтишади. Фурқат — Бешариқ автомобиль йўлидан қайтаётганларида бир оз ортда қолган Ортиқали қўшниси билан гап талашиб қолади. Улар муштлаша бошлашади. Аҳмадали ва Валижон ортларига қайтиб боришганида Салоҳиддин: “Узр, узр, мендан ўтди”, — дея Ортиқалидан кечирим сўраётганининг устидан чиқишади. Аҳмадали уларни муросага келтирмоқчи бўлади. Ортиқали “Аралашманглар, ўзим гаплашиб, ҳал қилиб оламан” дея Аҳмадали ва Валижонни кеткизиб юборади.

— Орадан ўн-ўн беш дақиқа ўтгач, йўловчи машина чироғининг ёруғида иккаласи катта йўлдан ўтган газ қувури аркаси ёнида тик туриб гаплашаётганини кўрдиму, келишиб олишибди деб ўйлаб уйга кириб кетдим, — дейди гувоҳ Аҳмадали Сатторов. — Тунги соат учларда Ортиқали қўнғироқ қилиб, велосипедини кўрган-кўрмаганимни сўради. Уни “Салоҳиддин билан келишиб олдиларингми?” деб саволга тутдим. У эса “урдим, ўша жойга ташлаб кетдим” деди. Кўп ўтмай Ортиқалининг икки укаси келиб қанақа жанжал бўлганини сўрашди. Улар билан ўша жойга бордик. Салоҳиддин ерда ётган экан. Қоронғи эди. Мен уйга қайтдим. Ортиқалининг укалари иккинчи бор қайтиб боришганида ётган жойида йўқ экан. Менга келиб, “Кимдир олиб кетган, ё ўзига келиб, уйига кетган бўлса керак” дейишди. Эрталаб соат бешларда жанжал бўлган жойга бордим. Асфальтда қонга ўхшаш доғларни кўрдим. Атрофда ҳеч ким кўринмади. Келаси куни ИИБ ходимларидан Салоҳиддиннинг мурдасини зовурдан топишганини эшитдим.

Худди туяқуш тумшуғини қумга тиқиб олгани каби Аҳмадали ўзига гард юқтиришни истамаган, қон қақшаб ётган ҳамқишлоғи, улфатини шифохонага етказиб боришни ўйламасдан, ўз ҳолига ташлаб кетаверган.

— Ўғит омборининг ёнидан ўтаётганимизда Салоҳиддин тағин бўлар-бўлмас гаплар билан нафсониятимга тегаверди, — дейди айбига тўлиқ иқрор бўлган судланувчи. — Сўкиниб ҳақорат қилди. Бурнимга калла солди. Бўйнимдан бўғиб, оёғимга тепди. Бурнимни ушлаб энгашганимда сочимдан тортди…

Кайфи баланд, ғазаби қайнаган Ортиқали Салоҳиддинни ўласи қилиб уради. Дуч келган жойига тепаверади. Қонга беланиб хириллаб қолганидан сўнг ташлаб кетади. Уйига кириб қон юқи кийимларини ечиб, печкага ташлайди. Бош­қа уст-бош кийиб, велосипедини қидиргани кўчага чиқади.

Ўша куни тун ярмидан оқ­қанда Рафиқжон “Дамас” машинасида бораётиб, йўлга чиққан итни айланиб ўтмоқчи бўлади. Машина ағдарилиб, ўнг ёни шилинади, олд ва ён ойналари синиб кетади. Рафиқжоннинг қизи амакисига қўнғироқ қилади. Турдиали Томоша қишлоғига кираверишга етиб боради. Акаси ва унинг хотинини уйларига жўнатиб юбориб, телефонда автомашина устасини чақиради. Уста машинани кўриб, миниб кетиши мумкинлигини айтади. Бошқара олмаслигини айтиб турганида маҳалла посбони Ортиқали келиб қолади. У машинани мина олишини айтади. Ортиқали “Дамас”­ни Рафиқжоннинг уйига ҳайдаб бораётиб ортига қайтаради. “Нимага қайтараяпсиз?” деб сўраган Турдиалига “Кунчиқар маҳаллада бир одам билан уришдим, калтак еган жойида қолди, бориб кўришим керак” дейди. Ойнаси йўқ машинада ўша жойга боришади. Ортиқали тушиб машина чироғининг ёруғида зовурнинг бўйида яланғоч ётган Салоҳиддиннинг тепасига боради. Бироз қараб туриб ортига қайтади. Тушмасдан қараб ўтирган Турдиалининг саволига жавобан “Кайфи тарқамасдан ётибди” дейди. Ортиқали машинани бошқариб, Турдиалини ҳовлисига ташлаб кетади.

— Ортиқали Салоҳиддинни олиб кетайлик демади, — дейди гувоҳ Турдиали Олимжонов. — Мен ҳам машина ўриндиғи ифлос бўлишини ўйлаб, олиб кетайлик демадим.

Судланувчи ҳам, гувоҳлар ҳам аёвсиз калтакланган Салоҳиддин жон талашиб ётган жойга қайтиб боришган. Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра марҳумнинг жони тунги соат 22.00 дан 2 гача бўлган тўрт соат оралиғида узилган. Судланувчининг ўзи, шунингдек, гувоҳлар айтганидек, даст­лаб ётган жойига бориб кўришганида у ҳали тирик бўлган. На судланувчи, на гувоҳлардан бирортаси “тез ёрдам” чақиришни ёки бирорта автомобилда чалажон Салоҳиддинни туман шифохонасига етказиб боришни хаёлига келтирмаган. Ҳолбуки, ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилганида у ўлмай қолиши мумкин эди.

Маҳаллада хулқ-атвор, ах­лоқ-одоб, юриш-туришда ибрат бўлиши, кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиши лозим бўлгани ҳолда спиртли ичимлик ичиб, жанжаллашиб, бировнинг умрига зомин бўлган маҳалла посбони О.Раҳимбердиев 8 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Анваржон Мўминов,

Фурқат тумани прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: