Home /   / Сиёсий жараённинг муҳим негизи

Сиёсий жараённинг муҳим негизи

2017 йилнинг 7 январида давлат раҳбари прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда соҳа ходимларининг мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида тизимли ишларни амалга ошираётганини алоҳида эътироф  этган эди.

Таъкидлаш жоизки, прокуратура органлари истиқлол йилларига келиб, инсон ва унинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминловчи органга айланди ва албатта фуқароларимизнинг прокуратурага бўлган ишончи мустаҳкамланди. Ўтган йиллар мобайнида прокуратура органлари қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш борасида кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Жуда тез ривожланиб бораётган замон талаби зиммамизга катта масъулият юкламоқда. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ходимлари мана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда адолатга, тенглик ва ҳалолликка таяниб меҳнат қилишмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси про­куратураси томонидан 2019 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ижтимоий қонунчилик ижроси бўйича ўтказилган 190 та текшириш натижасида 537 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Соғлиқни сақлашга оид қонунчилик ижроси шуни кўрсатадики, жами 3803 нафар ногирон 1156 та аравача, 690 та эшитиш мосламаси каби протез-ортопедия маҳсулотлари билан таъминланган. Бундан ташқари 2559 кишига санаторийга йўлланма, 11840 кишига шифохона ва клиникаларда даволаниш учун ордер берилган.

Бу каби ишлар ёрдамга муҳтож инсонларга давлатимиз катта эътибор қаратаётганидан дарак. Прокуратура органлари ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, Республика прокуратураси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2019 йил 8 январь куни ишлаб чиқилган қўшма дастур асосида йил давомида 29470 нафар шахс чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, улардан 9652 нафари соғломлаштирилди. 869 кишига эса ихтисослаштирилган тиббий марказ ва клиникаларда бепул даволаниш учун йўлланма берилди.

Бундан ташқари, республика аҳолисининг турмуши билан танишиш ва муаммоларини ўрганиш натижасида оғир шароитда яшаётган 1328 нафар хотин-қизнинг рўйхати тузилиб, уларнинг 629 нафарига моддий, 643 нафарига тиббий ёрдам кўрсатилди. Шаҳар ва туманларда ёрдамга муҳтож 14974 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланиб, 348 нафарига тадбиркорликни йўлга қўйиши учун Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди орқали 11 млрд. 446 млн. 100 минг сўм кредит ажратилишида кўмаклашилди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ўтган йили 75144 киши ишлаш учун хорижга чиқиб кетган ва 58784 нафари қайтиб келган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда уларнинг 15470 нафари ишга жойлаштирилди. Умуман, бандликка кўмаклашиш органларига иш сўраб мурожаат қилганлардан 30798 нафарининг бандлиги таъминланган.

Конституциямизга кўра мамлакатимизда яшаётган ҳар қандай шахс давлат органи ва муассасаларига ариза, таклиф ёки шикоят билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир мурожаат ортида эса инсон тақдири, обрўси, шаъни ва қадр-қиммати ётади. Шуни ҳисобга олган ҳолда Қорақалпоғистон Респуб­ликаси прокуратурасида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат этиши учун зарур шароитлар яратилган. Бу борадаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши ҳам алоҳида назоратга олинган. Хусусан, ўтган йил давомида қонун бузилиши юзасидан 33 та тақдимнома киритилиб, 34 киши маъмурий, 78 киши интизомий жавобгарликка тортилди.

Соҳавий бўлимга келиб тушган мурожаатлардан 797 таси ҳал қилинди, шундан 136 таси қаноатлантирилди, 661 та мурожаат юзасидан тушунтириш берилди. Натижада 127 нафар шахснинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимояси таъминланди. Масалан, Шуманай туманида яшовчи А.Тажимуратовнинг мурожаати юзасидан у раҳбарлик қилаётган «Шуманай строй комплекс» МЧЖга 260 млн. сўм имтиёзли кредит ажратилиши таъминланди.

Аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг негизи ҳисобланади. Шу боис ижтимоий соҳага оид қонунларнинг ижросини таъминлаш прокуратура органлари эътиборидаги масалалардан бири  бўлиб қолаверади.

Довранбек АБДАЛОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: