Home / Жиноят ва жазо / «Шум бола» «операция»си

«Шум бола» «операция»си

Ўтган йили пахта терими маҳали эди. Жўрабек кўнгил қўйган қизи Замира билан телефонлашиб, унинг теримга кетганини эшитди. Суриштириб, у жойлашган шийпонни излаб борди.

Оқшом тушиб қолган, пахтани тарозида тортиш якунланаётган паллада машинасини дала четида тўхтатиб, Замирага қўнғироқ қилиб, келганини айтди. Қиз ҳам ҳаялламади. Машинада уларнинг суҳбати узоқ чўзилди…

Бир пайт машина ойнасидан кимдир уларга фонарь тутди. Жўрабекнинг кўзлари қамашиб кетди. Кимдир “Қани, машинадан туш” деб бақирди. Кейин телефонида машинадагиларни тасвирга ола бошлади. Жўрабек вазият чатоқлигини ҳис этиб, машинани қулфлаб олди.

– Қиз билан учрашувга келган, тегма, кетдик, – деди бақирганнинг ёнидаги шериги.

– Сенинг ишинг бўлмасин, бор, жўна, – дея фонарь кўтаргани уни ҳайдаб юборди. Кейин машинани тепиб, яна таҳдидга ўтди: – Қани, тушинглар деяпман, ҳозир ойнани синдириб ташлайман…

– Нима гап? Тушмайман, нима ишинг бор? – деди Жўрабек. Қиз эса машинанинг бир четида индамай ўтирарди.

Йигит энди машина рақамини тасвирга олди-да, тиржайди:

– Мана бу машинада келиб, бузуқчилик қилаяпти деб интернетда тарқатиб юбораман, қизинг билан бирга шарманда бўласан…

Жўрабек машинадан тушиб йигитнинг олдига борди. Ундан кимлигини, нега ўзидан-ўзи дағдаға қилаётганини сўради. Йигит ўзини Эргаш деб таништирди, шу далада ишлашини айтди. Сўнг яна пўписага ўтди:

– Сенлар даламизни ҳаром қилаяпсанлар…

– Бу нима деганинг? – йигитнинг сурбетлигидан Жўрабекнинг жаҳли чиқиб кетди. – Бу менинг унаштирилган қизим. Бир-биримизга кўнгил қўйганмиз. Тинч­гина гаплашиб ўтирибмиз. Ҳеч кимга халақит бераётганимиз йўқ.

Эргаш баттар авжига чиқди:

– Ҳозир участковойни чақириб, бериб юбораман иккалангни…

Охири машинадан Замира ҳам тушиб келди:

– Нима дейсиз?  Биз унаштирилганмиз. Гаплашиб ўтирибмиз…

Жўрабек уни тинчлантириб, шийпонга жўнатиб юборди. Сўнг Эргашни инсоф­га чақирди:

– Бу ишларингиз яхши эмас, видеони тарқатманг, шарманда қилманг бизни, севган ва уйланадиган қизим билан учрашгани келганман деяпман сизга…

Шундай деб «Nexia»сига минаётганида Эргаш унга «Кўчадан чиқиб кетмоқчи бўлсанг, мени ҳам ташлаб кет» деб, машинага ўтириб олди. Йўл-йўлакай қўл телефонидан бир кишига телефон қилиб, деди:

– Далада бир йигит билан қизни ушлаб олдим, келинг…

– Кимни чақираяпсиз? – деди Жўрабек яна хавотири ошиб.

– Участковойни чақирдим, гапинг борми? – яна овозини баланд кўтарди Эргаш. – Видеоларни унга бераман…

Шу вақт «Жигули»да бир киши келиб, уларнинг ёнида тўхтади. У Эргашнинг акаси экан, илдам келиб, Жўрабекни машинасидан судраб туширди. «Сенга бу ер наҳсхонами?» деб юзига бир мушт урди.

Эргаш уларни ажратиб қўйиб акасига кетаверишини, ишни ўзи ҳал қилишини айтди. Сўнг «Nexia»нинг орқа ўриндиғига ўтириб, юзини чангаллаб ўтирган Жўрабекка деди:

– Агар юз доллар берсанг, видеоларингни ҳеч кимга тарқатмайман, интернетга чиқармайман, ўчириб ташлайман…

Жўрабекнинг рози бўлмасдан иложи қолмади. Фақат ёнида пули йўқлигини, эртага олиб келиб беришини айтди. Эргаш гаровга бирон нарса ташлаб кетишини сўрагач, телефонини берди.

Жўрабек пул топа олмади. Эргашга қўнғироқ қилиб, вазиятини тушунтирмоқчи бўлди. Ўзи 900 минг сўм маош олишини, оилавий шароити оғирлигини айтди. Аммо Эргаш таҳдидда давом этди. Сўнг ўзича унга шафқат қилган бўлиб, 600 минг сўм олиб келишни буюрди. Жўрабек унга пулни келтириб берди. Эргаш унга телефонини қайтариб, ўзининг телефонидаги тасвирларни ўчириб ташлаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Қарши тумани судининг сайёр суд мажлисида Эргаш Шокировнинг мазкур жиноятига қонуний баҳо берилди. Суд ҳукми билан унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

«Шум бола»нинг ўчоқбошидаги ҳангомаси ёдингиздами? «Пулдан чўзинг, мулла ака», – дейди у ноқулай вазиятда «қўлга  тушган» нотаниш кишига. Аммо «Шум бола»нинг қилиғи бизнинг қаҳрамонимизга анча қимматга тушди…

Бегзод ХЎЖАЕВ,

Нишон тумани прокурорининг ёрдамчиси

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: