Home / Жиноят ва жазо / Шифокор баднафс бўлса…

Шифокор баднафс бўлса…

Туппа-тузук, эл ҳурматида бўлган, оқу қорани таниган, олий маълумотли, боз устига қонун-қоидадан яхши хабардор одам жиноят кўчасига кириб қолса-я… Эшитган одамнинг бунга ишониши қийин…

Тошкент вилоятининг Оққўр­ғон туманига қарашли «Қонқа» қишлоқ врачлик пунктида умумий амалиёт шифокори бўлиб ишловчи Гули Акбарова (исм-фамилиялар ўзгартирилган) нафсига қул бўлган аёллар хилидан чиқиб қолди. У қабулига келган бемор Ҳамида Жабборовадан «хизмат ҳақи» талаб қилди. Унга оилавий шароити оғирлигини тушунтирган аёлга бусиз ёрдам беролмаслигини айтиб, ишни пайсалга солаверди.

Йигирма йилдан буён суяк касаллигидан азият чекиб келаётган Ҳ.Жабборова туман тиббиёт бирлашмаси рўйхатида турарди. У ҳар уч ойда ўзининг ҳудудидаги қишлоқ врачлик пунктига бориб даволанарди. У 2-гуруҳ ногиронлиги бўйича маълумотнома олиш мақсадида керакли ҳужжатларни йиғади. Унга фақатгина қишлоқ врачлик пунктидан олиш керак бўлган  ҳужжат етишмаётганди. Чорасиз қолган аёл яна ёрдам сўраб, Г.Акбаровага учрашади. Бу сафар ҳам ўз шартини қўйган «оқ халатли мададкор»га бемор «Қозоғистоннинг 10 минг танга пулини олиб келдим, шунга рози бўл», дейди. Бироқ шифокор ҳозирда турмуш ўртоғи ишламаётганини рўкач қилиб, кўпроқ пул кераклигини айтади.

— Агар менга 500 минг сўм олиб келсангиз, сизга 2 йиллик «виписка» қилиб бераман. Эртага тайёр бўлади — дейди.

Ҳамида Жабборова ўйлаб-ўйлаб ноилож Г.Акбарованинг талабига розилик билдиради. Шифокорнинг хонасидан чиққан Ҳамида туман прокуратурасига мурожаат қилиб, тамагирнинг танобини тортиб қўйишларини сўрайди…

Ҳ.Жабборова Департаментнинг туман бўлими ходимлари чақирувига биноат 2019 йил 10 январь куни қишлоқ врачлик пунктига келиб, шифокорга 400 минг сўм беради. Пулни олган Г.Акбарова беморнинг номига юритилган амбулатор картасига унинг ҳақиқатда даволанмаган кунларига даволангани, муолажа олгани ҳақида маълумотлар киритиб, ҚВП мудирасининг ўрнига ўзи имзо қўйиб тайёрлаган сохта ҳужжатларни беморга тақдим қилганида қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Оққўр­ғон туман судида тамагир шифокорнинг қилмишлари атрофлича муҳокама қилиниб, суд ҳукми билан унга тегишли жазо тайинланди.

Муродбек Ғофуров,

Департаментнинг Оққўрғон туман бўлими бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: