Home /   / Шифoкopлap paғбaтлaнтиpилaяптими?

Шифoкopлap paғбaтлaнтиpилaяптими?

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва унинг аҳоли орасида тарқаб кетишининг олдини олишда соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ҳиссаси беқиёс. Бунинг исботини касалликдан тузалаётган беморларнинг сони кундан-кун ортиб бораётганида кўриш мумкин. Шу боис фидойи ва заҳматкаш шифокорларимизни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шундай кунларда ўз вазифасини етарлича бажармаётган мутасаддиларнинг ҳаракатсизлигини эса ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди.

Бош прокуратура томонидан коронавирус пандемияси даврида тиббиёт ходимлари қандай рағбатлантирилаётгани Сурхондарё вилояти мисолида ўрганилди.

Маълум бўлишича, вилоятда жами 2868 киши карантинга олинган, 44 нафар шахсда коронавирус инфекцияси аниқланган, шундан 43 нафари тузалган ва бир киши вафот этган.

Карантин тадбирларига 235 нафар шифокор, 459 та ўрта тиббиёт ходими, 155 нафар кичик тиббиёт ходими ҳамда 139 нафар бошқа ходимлар жалб этилган. Лекин уларга рағбатлантириш пули ўз вақтида берилмай келинаётгани аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўлов жорий этилиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан тасдиқланган вақтинчалик низомга кўра кунлик қўшимча тўловлар ҳар 5 кунда тўланиши белгиланган.

Ўрганишлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман тиббиёт бирлашмалари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарлари тиббиёт ходимларини рағбатлантириш ҳақидаги буюртмаларни молия органларига ўз вақтида бермагани сабабли рағбатлантириш пули тўланмаганини кўрсатди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 1 майгача 1473 нафар ходимга 2,5 млрд. сўмлик рағбатлантириш пули тўланмаган. Бундан ташқари, (15 майгача) 1264 нафар ходимга 1,6 млрд. сўмлик рағбатлантириш пулини молиялаштириш ва тўлаш масаласи кўриб чиқилмагани аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидимиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ тиббиёт, санитария­эпидемиология хизмати ходимлари ва бошқаларга ҳар 14 кунлик фаолияти учун махсус қўшимча рағбатлантириш пули тўланиши белгиланган.

Ўрганиш давомида 32 нафар ходимга 488,5 млн. сўм махсус тўлов тўланмагани, 48 нафар ходимга 1,011 млрд. сўм махсус тўловни молиялаштириш ва тўлаш масаласи кўриб чиқилмагани аниқланди.

Бош прокуратуранинг аралашуви билан ўз вақтида тўланмаган 5,6 млрд. сўм рағбатлантириш пули тўланиши таъминланди ва ортиқча ҳисобланган 302,1 млн. сўм иқтисод қилиниб, бюджет маблағи  ўзлаштирилишининг олди олинди.

Соғлиқни сақлаш ва молия органларидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш, бюджет пулининг тўғри сарфланишига масъулият билан ёндашиш талаб этилади.

Искандар Давлатов,

Бош прокуратура бошқарма катта прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: