Тезкор хабарлар
Home /   / ШАЙТОНГА «ДАРС» БЕРГАНЛАР

ШАЙТОНГА «ДАРС» БЕРГАНЛАР

Фарғона туманининг Хонқиз қишлоғилик ўрта маълумотли, қирқ ва қирқ олти яшар судланувчилар битта маҳалла, битта кўчада яшашган. Ниёзбек ва Субҳонали (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Енгил автомобиллар бозорига чиқиб юриб, даллоллик «ҳунарини», машинасини сотиш илинжида бўлган кишилар билан муомала «илми»ни пухта эгаллашган. Харидор бўлиб,  савдолашаётиб, бирон-бир сабаб билан енгил автомобилини тезроқ ёки айтган нархига сотишга умидвор, олдинига аванс тариқасида пича пул бериб, қолганини кейинроқ тўлашларига, муайян муддатли «вариант» (насия)га кўн­дирса бўладиган соддадилларга қармоқ ташлашган.

2017 йилнинг март ойида фуқаро Р.Аҳматов шайтонга дарс берадиган «устаси фаранг»ларнинг қармоғига илинган. У билан савдолашгандай бўлиб, автомобилини насияга 5200 АҚШ долларига сотиб олишга келишишган. Пулини икки ой муддатда келтириб беришга ишонтиришган. Тилхат ёзиб бериб, «Спарк» русумли машинасини миниб кетишган. Бу орада уяли алоқа телефонида гаплашиб туришган. Автомобилни эса бошқа бировга «Ишончнома» қилдириб берамиз, дея алдаб, 4800 АҚШ долларига сотиб юборишган. Бу пулнинг бир қисмини илгари насияга олган машина эгасига тўлашган. Орадан икки ой ўтса-да, Р.Аҳматовга пулларни келтириб беришмаган. Телефонларини ўчириб қўйиб, соддадилни доғда қолдиришган.

Юлдузни бенарвон ура оладиган фирибгарлар 2017 йилнинг август ойида олтиариқлик А.Жумаевнинг машинасига харидор бўлишади. Оилавий корхонаси ҳисобида бўлган «Ласетти» русумли автомашинасини 11 500 АҚШ долларига сотишга, 10 000 долларини ҳозир санаб олиб, қолганини кейин олишига кўндиришади. Машинани миниб кетиб, уни фуқаро Н.Санаевга 9 300 АҚШ долларига сотиб юборишади. Сўнгра, тағин А.Жумаевни аврашади. Унинг ўз номида бўлган «Ласетти» русумли автомобилини «вариант» асосида (насияга) пулларни икки ой ичида тўлиқ бериш шарти билан 8 000 АҚШ долларига «сотиб олишади». Машинани миниб кетиб, бошқа бировга пуллашади. Орадан икки ой ўтиб кетса-да,  ваъда қилинган 1 500 ва 8 000 АҚШ долларини ололмаган А.Жумаев бошини қайси деворга уришни билмай қолади.

2017 йилнинг куз фасли бошида Ниёзбек ва Субҳонали фуқаро Н.Исақов «Нексия-2» русумли автомобилини сотмоқчилигидан хабар топишади. Уни ҳам дарёга бошлаб бориб, суғормай келиш режасини тузишади. Енгидан кириб, ёқасидан чиқиб, авраб автомашинасини «вариант» бўйича 7 100 АҚШ долларига сотиб олишади. Унга аввалдан 2 100 АҚШ долларини бериб, қолган 5 000 долларни 45 кундан кечиктирмай тўлашни «ваъда» қилиб, автомобилни қўлга киритишади. Шу кетганларича қайтиб қораларини кўрсатишмайди.

Судланувчилар Ниёзбек Жиянов ва Субҳонали Сотиболдиев юқоридаги йўсинда салкам 40 нафар фуқарони чув туширишган. Турли русумдаги енгил автомобилларини «вариант» (насия)га аввалдан аванс бериб ёки қуруқ ваъдаларига ишонтириб, тўлиқ пулини кейин келтириб бериш шарти билан сотиб олгандай бўлиб, алдаб қўлга киритган автоуловларни бошқа бировларга арзонроқ нархда пуллаб юборишган. Алдов йўли билан қўлга киритиб сотиб юборишган автомобиллар пулларининг муайян қисмини аввал алданган машина эгаларига тўлаб, муайян қисмини шахсий эҳтиёжларига сарфлашган.

Жиноий қилмишлари жабр­ланувчи ва фуқаровий даъвогарларнинг кўрсатмалари билан тасдиқланган фирибгарларнинг ҳар бирига 8 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Суднинг ҳукми билан маҳкумлардан жабрланувчиларга етказилган зарар ундириладиган, жабрланганларнинг айримларига ашёвий далил тарзида қўйилган тақиқни ечган ҳолда автомобиллари қайтариладиган бўлди. Шунингдек, бир неча жабрланганлар етказилган зарарни ундириш хусусида фуқаролик судига мурожаат этишлари лозимлиги таъкидланди.

Ушбу жиноят иши мисолида кўрганимиздек, амалдаги қонун-қоидаларга риоя этмаслик фирибгарларнинг тегирмонига сув қуйиш билан баробар. Аксарият автомобиль эгалари дастлаб сотиб олганларида олди-сотди шартномасини тузишган, нотариал тасдиқлатиб олишган. Автомашиналарини сотаётганларида ҳам оғзаки келишмасдан, белгиланган тартибда нотариал идораларида олди-сотди шарт­номаларини тасдиқлатиб олганларида алданиб қолишмасди.

Бахтиёр Бобоқулов,

Қувасой шаҳар прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: