Home /   / Шантажчи ота

Шантажчи ота

— “Тез ёрдам”ни чақиринглар! Тезроқ, одам ўлаяпти!

Меҳмонхона ходимлари ярим тундаги бу чинқириқдан бир зум довдираб қолишди. Сўнг бирови телефонга ёпишди. Бошқалари овоз келган иккинчи қаватга югуришди ва даҳшатли манзаранинг устидан чиқишди. Даҳлизда, хоналардан бирининг эшиги олдида белига сочиқ боғлаган, бўйни ва қорни қонга беланган ярим яланғоч бир эркак дод солар, тақирбош, соқолли шериги эса унинг жароҳатларидан тирқираб чиқаётган қонни тўхтатишга уринарди. Соқолли киши меҳмонхона маъмурига уларнинг яна бир шериги бўлган аёлни кўрсатиб, негадир “уни йўқотинглар” деб буюрди…

Гулсевар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) биринчи турмушидан ёлчимади. Эри Омон ичкиликка ружу қўйгач, муносабатлар дарз кетди. Ўртада икки ўғил, бир қиз борлигига қарамасдан аёл эри билан бирга яшамай қўйди. Отасига тегишли чойхонага иш юритувчи бўлиб ишга кирди.

Кунлардан бирида чойхонада ўтирганида бир киши келиб, таом буюрди. Гулсеварнинг ўзи унга хизмат қилди. Эркак унга гап ташлаб, иккаласи яқиндан танишиб олишди. Сўнг қайта-қайта учрашиб, бир-бирларини ёқтириб қолишди. Эркакнинг исми Фаррух бўлиб, турмуш ўртоғи ва болалари билан пойтахтда яшар, бироқ вилоятдаги бир корхонада қўриқчи бўлиб ишлагани боис кўп вақти Қаршида ўтар экан.

Икки ошиқ-маъшуқнинг бу муносабатларига Гулсеварнинг отаси бошчилигида бутун оила аъзолари қарши бўлишди. Ҳатто қизини насиҳату танбеҳлари билан йўлга сололмаган ота уларни ажратишда Фаррухнинг хотини Дилнозадан ҳам ёрдам сўради.

Шунча норозилигу қаршиликларга қарамасдан Гулсевар ва Фаррух шаръий никоҳ асосида бирга яшай бошлашди. Ўгай фарзандлари катта бўлаверганидан кейин Фаррух арзимаган нарсалардан жанжал чиқариб, Гулсеварни урадиган бўлди. Бунга фарзандлар чидай олишмади. Ўгай отасига қаршилик кўрсатишди. Фаррух энди уларга ҳам қўл кўтарди.

Гулсеварнинг болалари Фаррухдан уйдан чиқиб кетишни талаб қилишди. Аммо у бунга парво ҳам қилмади. Шунда Гулсевар ота-онасидан, ака-укаларидан воз кечиб Фаррухни танлаганига минг пушаймон бўлди. Аммо энди кеч эди. Уларнинг ёнига қайтиб боришга юзи чидамасди. Тийиқсиз эрининг барча қилиқларига чидашга мажбур бўлди.

2014 йилда катта ўғли Султон пойтахтдаги нуфузли институтга ўқишга кирди. Бундан хабар топган Фаррух вазиятдан фойдаланиб қолмоқчи бўлиб, Гулсеварни аврай бошлади:

— Отанг олиб берган уйни сотамиз, сизлар билан бирга Тошкентда яшаймиз, икки оилам ҳам Тошкентда бўлади, Қаршига келмаймиз. Уйнинг пулига Тошкентдан сизларга уй олиб бериб, қолганига кунларингни ўтказадиган бизнес қилиб бераман…

Гулсевар уйнинг ҳужжатларини эрига тутқазди. Шундай қилиб, уй 49 минг АҚШ долларига сотилди. Фаррух уларни пойтахтга олиб бориб, кўп қаватли уйдаги бир хонадонни кўрсатди.

— Сизларга мана шу уйни сотиб олиб бераман, — деди.

Гулсевар индамай эрининг гапларига кўнди. Аммо кейинроқ Фаррух уйнинг пулига хорижий русумдаги автомашина сотиб олганини эшитди-ю, яна аламини ичига ютишга мажбур бўлди.

Бир куни Фаррух бўйи етиб қолган, эрта-индин Мансур исмли йигит билан тўйи бўлиши мўлжалланаётган ўгай қизи Маржонани чақириб, дўқ ура бошлади:

— Мансурни чақириб, “сенда кўнглим йўқ” деб айтиб, тўйни тўхтатасан. Агар мен айтгандек қилмасанг, кимлар билан гаплашганларинг фотосуратлари менда бор, шуларни унга кўрсатаман, Мансурингнинг калласи бўлса, ўзи кетиб қолади…

Бу гапларни эшитиб қолган Гулсевар алам ва ғазабдан титраб кетди ва важоҳат билан эрига ташланди:

— Яна нималарни бошлаяпсиз? Менинг ҳаётимни заҳарлаганингиз камлик қилдими? Қизимни тинч қўйинг. Боринг, чиқиб кетинг, бу бизнинг уйимиз…

Аммо Фаррух уни яна уриб ташлади. Кичкина ўғли Сардор Фаррухга ташланди, аммо кучи етмади. Фаррух эшикдан чиқиб кетар экан, заҳархандалик билан қичқирди:

— Шу кечадан Маржонанг қолмайди. Уни йигитлар Қўнғиртоққа олиб чиқиб кетиб, билганини қилишади…

Гулсевар уввос тортиб юборди. Акаси Султон уйга қайтгач, Сардор бўлиб ўтган воқеани унга айтиб берди. Нафрат ва аламдан Султоннинг қўллари мушт бўлиб тугилди.

Ўша кеча Султон танишининг тўйидан ичиб чиқди. Уйга қайтаркан, ширакайф эмасми, хаёлида яна Фаррухнинг қилиғи жонланиб, ғижиниб кетди. Йўл-йўлакай унга қўнғироқ қилди.

— Қанақа одамсиз ўзи? — деди ғазаб билан ўгай отасига. — Маржонадан нима истайсиз? Бизни тинч қўйинг… Бошқа безовта қила кўрманг…

— Бўпти, — деди Фаррух. — Бир оғиз гапинг, тинч қўяман. Фақат онангга айтасан, менга ўттиз миллион сўм беради. Ана ундан кейин қорамниям кўрмайсанлар…

— Қаердасиз ҳозир? — деди йигит нафратдан бўғилар даражада. — Гаплашиб олишимиз керак…

Фаррух ўзи ётган меҳмонхонанинг номини айтди. Тунги соат иккилардан ўтиб Султон ўгай отасининг меҳмонхонадаги номерига кириб борди. Фаррух хонада аллақандай тақирбош ва соқолли йигит ҳамда бир аёл билан ичкилик ичиб ўтиришар эди. Телефонда бошланган мавзу яна давом этди.

— Ўзингизнинг биздан 11 минг доллар қарзингиз бўлса, яна қандай сизга ўттиз миллион сўм пул берамиз, ўша қарздан ҳам кечдим, бизни тинч қўйинг…

Фаррухнинг жаҳли чиқиб, Султонни ҳақорат қила бошлади. Шу орада тунги клубда иш юритувчи бўлиб ишлайдиган Ибрат исмли таниши унга қўнғироқ қилиб қолди. Фаррух гаплашиб бўлгач, Султонга қараб истеҳзоли тарзда деди:

— Эсингдан чиқди шекилли, сени Ибратдан ҳам мен қутқарганман, бўлмаса клубдагилар дабдалангни чиқаришарди сен жўжахўрознинг… — сўнг “громко”га қўйилган телефонига қараб деди: — А, Ибрат, нима дединг? Ўгай ўғлимни нима қилардиларинг агар мен аралашмасам?

Телефондан Ибратнинг овози келди:

— Энди сизнинг ҳурматингиз учун тегмадик, Фаррух ака. Бўлмаса кўрарди кунини…

Султоннинг жаҳли чиқиб, Фаррухни ва Ибратни сўкиб юборди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Ибрат етиб келди. Меҳмонхонанинг ташқи тарафига ўтиб, орани очиқ қилмоқчи бўлишди. Фаррух ва Ибрат Султоннинг юзларига уриб, камситиб, ҳақоратлаб, роса адабини берган бўлишди. Бу орада жанжал устига келиб қолган ички ишлар ходимлари уларнинг ҳужжатларини сўрашди. Фаррух паспортини кўрсатди. Султоннинг ёнида эса ҳужжати йўқ эди. Уни бўлимга олиб кетишди. Наркология диспансерида енгил даражада маст экани аниқлангач, жанжал қилмасликни тайинлаб, қўйиб юборишди. Фаррух йўловчи автомашинада уйига кетди.

Йигит алам устида бир қарорга келиб бўлган эди: “Тинч қўймас экан, ўзини тинчитиш керак!”. Уйдан ҳеч кимга билдирмасдан пичоқ олиб, тўғри ўгай отаси ётган меҳмонхонага бориб, эшикни тақиллатиб, четда пойлаб турди. Белига сочиқ ўраган Фаррух чиқиб келди. Султон унга ҳеч нима демасдан орқа томонидан бўйнига пичоқ санчди. Фаррух дод солиб йиқилганидан сўнг қорнига икки марта тиғ урди. Сўнг чапдастлик билан иккинчи қаватдан сакраб тушиб, қочди. Йўл-йўлакай пичоқни ҳам отиб юборди…

Уйга бир аҳволда қайтган Султон онасига “Анави Фаррух кални ўлдириб қўйдим” деди. Онаси унинг гапига ишонмади. Икки соатлардан сўнг Султон нима қилиб қўйганини англаб, бошини чангаллади. Шаҳар прокуратурасига кириб бориб, бўлган воқеани гапириб берди…

Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судида мазкур жиноят иши кўрилди. Маълум бўлишича, ўгай отасининг умрига зомин бўлган судланувчи қаршилик Султон Ботиров 1996 йилда туғилган, маълумоти ўрта, бўйдоқ, илгари уч йилга озодликдан маҳрум қилиниб, амнистия туфайли жазодан озод қилинган. Сўнг суд ҳукмига кўра икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган, жазони ўтамаган. Ҳеч қаерда ишламайди.

Суд мажлисида Султоннинг иқроридан ташқари гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа бир қатор далиллар билан унинг жинояти ўз исботини топди. Суд ҳукмига кўра унга илгари ўталмай қолган икки йил озодликни чеклаш жазосини қисман қўшиш йўли билан 13 йилу 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эндигина йигирма тўрт ёшни қаршилаган навқирон йигит шу тариқа панжара ортига йўл олди. Алам, ғазаб ва нафрат унга жуда қимматга тушди…

Аброр ХИДИРОВ,

Нишон тумани прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: