Шантаж

Тобора такомиллашиб бораётган ахборот технологиялари тараққиётни жадаллаштирувчи беқиёс воситага айланди.

Интернетнинг ижтимоий тармоқлари орқали турмушимизда содир бўлаётган воқеалар, янгиликлар ҳамда уларга муносабат яшин тезлигида тарқалмоқда. Уяли телефонлар ишда, турмушда асқотаяпти. Афсуски, айрим баднафс кимсаларнинг ундан паст ниятда фойдаланишга уриниши оилавий ажримлардан тортиб, ўч олишгача бўлган оғир оқибатларни келтириб чиқараяпти.

Қирқ ёшни қоралаган Содиқ (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2016 йили ишлаш мақсадида Россияга кетди. Оиласига ҳар ойда пул жўнатиб турди. Рафиқаси Мухтасархон билан ҳар куни телефонда гаплашишни канда қилмасди. Хушхабарни, иккинчи фарзанди туғилганини эшитиб хориждан уйига қайтди. Мухтасархон ўзгариб қолганининг сабабини билолмай боши қотди. Телефонига нотаниш рақамдан қўнғироқ қилган одамлар хотинининг қарзини тезроқ қайтаришни талаб қила бош­лашди. Мухтасархондан кимдан, қанча қарзи борлигини сўради.

– Марғилондан пахта ёғи олиб келиб қўни-қўшниларга сотганман, – деди у. – Уч юз қирқ дона идишдаги ёғнинг пулини йиғиб олгандим, қайтариб беролмадим.

– Ёғ олмаган бўлсанг, шунча пулни нимага сарфладинг?

Мухтасархон мум тишлади. Содиқ рафиқаси отасидан ҳам уч марта 100 доллардан пул олганини билиб қолиб, уни баттар қийин-қистовга солди. Тайинли жавоб ололмагач, жаҳл устида уйдан ҳайдаб юборди. Сўнг ўзининг номида бўлган, Мухтасархон фойдаланиб юрган телефон рақамига охирги ўн уч кундаги қўнғироқлар детализациясини олиб текширди. Улар орасидан рафиқаси ҳар куни икки-уч дақиқадан гаплашган, қўшни кўчада яшайдиган Жавлон исмли йигитнинг рақамини таниб қолди. Жавлонни сўроққа тутишдан аввал турмуш ўртоғидан изоҳ талаб қилмоқчи бўлди.

– Қиргули мавзесидан ижара уй гап­лашдим, хўп десанг, ўша ерда турамиз, – деди телефонда.

Кўпқаватли уйлардан биридаги ижарага олинган хонадонда рафиқасидан бўлиб ўтган ишларни рўй-рост айтиб беришни талаб қилди. Фойдаланган телефонидаги қўнғироқлар детализациясини кўрсатганидан сўнг Мухтасархон тилга кирди.

– Ҳа, Жавлон билан телефонда гап­лашганман, – деди у. – Қўнғироқ қилиб, олдинига ўзини танитмаган. Кейин маҳалладаги дўкон эгасилигини билиб олдим. Дўконига кирганимда икки-уч марта боламни ширинликлар билан сийлаган. Бир кирганимда ҳар доимгидек ширинлик ва шарбат берди. Шарбатни ичдик, ўғлим ухлаб қолди. Менинг бошим айланди. Жавлон телефон қилиб ташқарига чақирди. Кўчага чиқиб «Дамас» машинасига яқинлашганимни биламан, кейин нима бўлганини эслай олмайман. Бир неча кундан кейин Жавлон тағин қўнғироқ қилиб чақирди. Телефонидаги яланғоч  расмларимни кўрсатиб, пул талаб қилди. Уйдаги кўрпаларни сотиб тўрт юз минг сўм бердим. Лекин у яна бермасанг, эрингга суратингни кўрсатаман деб қўрқитди. Отамдан юз доллар сўраб олиб, бердим. Яна икки марта юз доллардан  сўраб олди. Охирги марта маҳалладан ёғ сотиб олгани йиққан пулларни ҳам беришга мажбур бўлдим.

Содиқнинг қўли мушт бўлиб тугилди. «Соғ қўймайман» дея қорамтир курткасининг ички чўнтагига пичоқ солиб, тўғри Жавлоннинг дўконига борди. Салом-алик қилиб, сендан қанча қарзимиз бор деб сўради. У дафтарини очиб 29500 сўмлигини айтди. Учта ўн минг сўмлик пулни олиб ичкарига юрди. Содиқ пештахта ичкарисига ўтиб кутди. Ичкаридан 500 сўм қайтимини олиб чиққан Жавлонга ҳамла қилди. «Тўхта, гаплашиб олайлик, орамизда ҳеч нарса бўлгани йўқ» дейишига қарамай биқинига, қорнига, бўйнига пичоқ санчди. Хириллаб, кўзлари юмилгач, дўкондан чиқиб кетди.

Уйга бориб ота-онасига хотинини алдаб суратга олиб, шантаж қилиб юрган Жавлонни пичоқлаганини айтди. ИИБ тезкор ходимлари Содиқни уйидан ҳибсга олиб кетишди.

Тўс-тўполонни эшитиб, ҳовлидан дўконга шошиб кирган Жавлоннинг  хотини ёрдам беринглар дея додлади. «Тез ёрдам»ни кутмасдан енгил машинада уни шифохонага етказиб боришди. Шифокорлар Жавлоннинг ҳаётини асраб қолишди. Бироқ чап тарафи, оёқ-қўли шол бўлиб қолди.

Ўзича ҳукм чиқариб, бировнинг жонига қасд қилган, айбига тўлиқ иқрор бўлган С.Мамасолиевга суд олти йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.

Музафар Мамаджонов,

Фарғона вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи

 

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: