Home /   / Шаффофлик таъминланмоқда

Шаффофлик таъминланмоқда

Сўнгги йилларда юртимизда шаҳар ва қишлоқларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, қурилишни жадаллаштириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди ҳамда қурилиш соҳасида давлат бошқарувининг самарали механизмлари жорий этилди.

Шундай бўлса-да, таҳлиллар соҳада бир қатор камчиликлар борлигини кўрсатди. Шу боис қурилиш жараёнларининг барча босқичида жамоатчилик учун шаффофликни таъминлаш мақсадида 2019 йил 20 сентябрда давлат раҳбарининг «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Бош прокуратура томонидан мазкур қарор ижросини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Ўтган даврда қурилиш соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи ахборот тизимлари жорий этилишини мувофиқлаштириш бўйича Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раислигида тузилган комиссия муайян ишларни амалга оширган.

Хусусан, 13 та банд ва 37 та топшириқдан иборат «Қурилиш соҳасига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш тўғрисида»ги чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, вазирлик ва идораларга юборилди. Қурилиш соҳасида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан йўл харитаси тасдиқланиб, ижросига киришилди. Ўтган йиллар давомида капитал қурилиш соҳасида хавф-хатарга энг кўп дучор бўлган йўналишлар, содир этилган коррупцион жиноятлар таҳлил қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилди.

Шунингдек, коррупция ҳолатлари бўйича аҳоли фикрини аниқлаш мақсадида «Ижтимоий фикр» маркази ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда республиканинг барча ҳудудларида буюртмачи, тадбиркор ва қурувчилар ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилди.

Қурилиш соҳасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, 14 та янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, Қурилиш вазирлиги фаолиятида «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимини жорий этиш борасида қуйидаги ишлар қилинди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривож­лантириш маркази иш бошлади.

«Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимини ишга тушириш мақсадида 4,7 млрд. сўм маблағ молиялаштирилди. Марказ томонидан «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими доирасида «Қурилиш ишлари сифати назорати», «Лойи­ҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси» ва «Инвестиция дастуридаги объектлар» ахборот таҳлилий тизимлари Тошкент шаҳри ва вилоятида тажриба тариқасида 2020 йилнинг 29 май кунидан (http://nazorat.me.uz:8888 глобал интернет манзилида) ишга туширилди.

Марказ, шунингдек, «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими концепцияси асосида «Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси хулосалари» электрон реестри, лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш бўйича лицензияга эга давлат ва хусусий корхоналар бераётган эксперт хулосалари, «Архитектура режалаштириш топшириқлари», «Келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари» ҳамда барча лойиҳа ҳужжатларининг ягона маълумотлар базасини шакллантирмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 февралдаги фармойишига асосан Қурилиш вазирлигида коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» (compliance control) тизимини жорий этиш бўйича вазирликнинг буйруғи қабул қилиниб, соҳада коррупция хатарларини ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатлари ва сабабларини бартараф этиш ҳамда минимум даражага тушириш ишлари амалга оширилмоқда. Коррупцияга дучор бўлган тендер жараёнларини рақамлаштириш, бу борада холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида «Қурилиш ишлари тендер платформаси» ҳамда «Қурилиш жараёнлари калькулятори» интерактив хизмати яратилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2020 йил                  13 мартдаги «Ўзбекистон Республикасининг қурилиш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан Қурилиш  вазирлиги ҳузурида Қурилишда техник меъёрлаш маркази ташкил этилиб, Бош прокуратура томонидан соҳада белгиланган вазифалар ижроси юзасидан қатъий назорат ўрнатилган.

Абдураҳим Муҳиддинов,

Бош прокуратура бошқарма
катта прокурори

Дилмурод ВАЛИЖАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси бўлим катта
ҳарбий прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: