Home /   / Сайлов кодекси – демократия ифодаси

Сайлов кодекси – демократия ифодаси

Кейинги йилларда давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайловларни очиқ, шаффоф ва мустақиллик принциплари асосида ўтказишда халқ ҳокимияти ва сиёсий плюрализмнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва сайлов тизимини босқичма-босқич модернизациялаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинди. Сайлов тизими нафақат давлат ҳокимияти органларини демократик шакллантириш тизимининг элементи, балки фуқаролик жамиятининг давлат бошқарувида иштирок этиш даражаси кўрсаткичига айланди.

Мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат органларини шакллантириш жараёнини янада демократлаштириш сиёсати сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича тўпланган тажриба, замонавий халқаро сайлов стандартларини ва сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда сайлов тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этди. Айнан шунинг учун ҳам жорий йил 25 июнда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинди.

Маълумки, Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Олий Мажлисга сайлов, республика Президенти сайлови, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунларда жами 190 та модда мавжуд эди. Эндиликда улар тизимлаштирилиб, қайтарилишлар, такрорлар бартараф этилиб,       18 та боб, 103 моддадан иборат бўлган Сайлов кодекси қабул қилинди.

Кодексда аввалги қонунларда бўлмаган бир қатор алоҳида моддалар ўрин олди. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайловчининг турган жойида овоз бериш, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз беришни ташкил этиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш тартиби, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, участ­ка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар шулар жумласидандир.

Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

Авваламбор, кодекс нима — деган саволга жавоб берсак. Кодекс ҳам қонун ҳисобланади, қонун билан тасдиқланади, унда бир турдаги муҳим ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар бирлаштирилган ва тизимлаштирилган бўлади. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бизда бир-бирига ўхшаш бўлган, сайлов муносабатларини тартибга солувчи 5 та қонун нормалари бирлаштирилиши ва тизимлаштирилиши натижасида Сайлов кодекси қабул қилинди.

Кодекснинг оддий қонундан афзаллиги нимада?

Биринчидан, жуда катта миқдордаги ҳуқуқий нормаларни ягона принциплар асосида тўлиқ тизимлаштириб, ихчамлаштиришга имкон беради.

Иккинчидан, ўхшаш муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғланиши, комплекслилиги ва уйғунлигини таъминлашга, эскирган, номутаносиб қоидаларни чиқариб ташлашга, турлича тартибга солинган нормаларни унификациялашга шароит яратади.

Учинчидан, сайлов ташкилотчиларидан тортиб, сайловчиларга қадар сайловга оид муносабатларни тўғри, осон тушуниб олиш учун қулайлик яратади.

Таъкидлаш жоиз бўлган жиҳати яна шундаки, қонун чиқарувчи фақатгина мавжуд қонунларни тизимлаштириб ягона кодекс қабул қилибди, дейиш тўғри бўлмайди. Қабул қилинган кодексимизда жуда кўп янгиликлар, халқаро стандартлар талаблари, авваллари Марказий сайлов комиссиясининг қарорларида акс этиб келган айрим масалалар қонун даражасида мустаҳкамлангани эътиборга моликдир.

Сайлов кодекси сайловга оид хал­қаро стандартлар, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссиясининг бир қатор тавсияларини ўзида акс эттирган. Хусусан, қуйи палатадаги барча ўринларнинг тўғридан-тўғри сайланиши, аввалги Экологик ҳаракатга 15 та жойни квоталашнинг бекор қилиниши, сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши қонун билан ўрнатилгани (бу тенг сайлов ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади), сайлов комиссиялари фаолиятида очиқлик, шаффофлик, коллегиалликни таъминлашга оид аниқ талаблар ўрнатилганлиги, номзодларни қўллаб-қувватловчи имзоларга нисбатан оқилона талаблар белгиланганлиги (бу умумий сайлов ҳуқуқига мувофиқ келади), сайловчиларга бир нечта сиёсий партияни, номзодларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйиш ҳуқуқи таъминланиши (аввал фақат битта партияни қўллаб-қувватлаб имзо чекиши мумкин эди), сайловчиларни тўлиқ ва аниқ рўйхатга олишни таъминловчи, кўп марта рўйхатдан ўтиш имкониятини истисно этадиган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига оид қоидаларнинг киритилиши, сайлов кампанияси жараёнида номзодларларга тенг имкониятлар ва шароитлар таъминланиши шулар жумласидандир.

Яна шуни алоҳида қайд этиш жоизки, сайловга оид барча муҳим ижтимоий муносабатлар ягона кодекс билан тартибга солинишининг ўзи ўта муҳим сиёсий-ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш тартибини қонунлар орқали белгилаш сайловга оид турли халқаро стандартларнинг муҳим талабидир. Масалан, “Эркин ва адолатли сайловлар мезонлари тўғрисидаги Декларация”нинг 4-бандида  доимий ҳақиқий эркин ва адолатли сайловлар ўтказиш учун халқаро ҳуқуқий мажбуриятларга мувофиқ равишда давлатлар ҳуқуқларни кафолатлашни таъминлаш мақсадида қонун ҳужжати қабул қилишлари ва бошқа чораларни кўришлари лозимлиги белгиланган. Бундан ташқари ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳам сайлов қонунчилигини кодификация қилишни тавсия этади. Мазкур кодекснинг қабул қилиниши ҳам мамлакатимиз айнан мазкур тавсияларни оғишмай, изчиллик билан бажарганидан далолатдир.

Қонуннинг бевосита 6 та жиҳати айниқса эътиборга моликдир.

Биринчи жиҳат ва Кодексдаги энг катта янгиликлардан бири бу — сиёсий майдоннинг тўлиқ сиёсий партияларга берилишида, Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташланганида, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан номзод кўрсатиш ҳуқуқининг чиқариб юборилганида намоён бўлади. Эндиликда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлиб ўтадиган сайловда 135 эмас, балки тўлиқ 150 та сайлов округида номзодларини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўладилар. Экологик ҳаракатга қўйилган квота чиқариб ташлангани, маҳаллаларни жойлардаги давлат ҳокимияти кенгашларига сайловларда номзод кўрсатиш ҳуқуқининг бекор қилиниши сиёсий майдонда партияларнинг янада ўзини намоён қилишига, кўппартиявийликни ва партиялараро рақобатни ривожлантиришга, парламентда кўпроқ ўрин олишига имконият яратади.

Кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аввалги қонунларда унинг фақат сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқигина қайд этилиб, шунинг­дек партия ваколатли вакилни ўз аъзолари орасидангина тайинлаши белгиланган эди.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда бундай чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади.

Кодексда тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш механизмлари янада кенг таъминланиб, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этилди. Аввалги қонунларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгиланган эди. Бу турли номзодлар ҳар хил вақтларда, кимдир аввалроқ, кимдир кейинроқ ташвиқот бошлашига олиб келар эди.

Аввалги Президент сайловига оид қонунчиликда номзодларга қўйилган талабларда ўзларига нисбатан жиноий иш қўзғатилганлиги муносабати билан қонун томонидан таъқиб этилаётган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмаслиги қайд этилган эди. Ушбу талаб айбсизлик презумпциясига унчалик ҳам тўғри келмасди. Шунинг учун ҳам Кодексда ушбу талаб чиқариб юборилди.

Олдинги Президент сайлови тўғрисидаги қонунда сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкинлиги белгилаб қўйилган эди. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда бу муддат тўрт ойни ташкил қилар эди. Кодексда ушбу талабларни бирхиллаштириш мақсадида камида олти ой олдин — деган талаб “камида тўрт ой олдин”га ўзгартирилди.

Аввалги қонунда “имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этади. Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий пар­тия­ларнинг раҳбарларига ваколатли вакилига белгиланган тартибда маълум қилади”, деб белгилаб қўйилган эди. Бу қоида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олмаслигига олиб келиши мумкин бўлиб, партияларга ҳолатни тўғрилаш учун имкон беришга оид нормани назарда тутмаган эди. Янги қабул қилинган Кодексга “имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этиши”га оид қоида киритилмади, сиёсий партияларга эса ҳужжатлардаги аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатиш ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиш ҳуқуқи берилди.

Иккинчи муҳим жиҳат бу — Кодексда фуқаролар, сайловчилар учун янада кенг имкониятларнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Авваллари фуқаролар фақатгина 135 та округдан Қонунчилик палатасига номзодларни сайлаш имкониятга эга бўлган бўлсалар, ҳозирда бу яна 15 тага кўпайиб, 150 тани ташкил этмоқда. Бу фуқароларнинг давлат ишларини бошқаришда имкониятларини янада оширишга, фуқаролар вакилликларини кенгайтиришга, давлат ҳокимиятига таъсирини оширишга хизмат қилади.

Агар аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар, деган мазмундаги қоида белгиланган бўлса, мазкур Кодексда уларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, “сайловда қатнашмайдилар” деган жумла чиқариб ташланди. Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини Кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. Буларнинг барчаси эса умумий сайлов ҳуқуқи принципи янада кенгроқ таъминланганидан, халқаро стандартлар талаблари имплементация қилинганидан далолат беради.

Авваллари фуқароларнинг овоз бериш тартиби чегаралаб қўйилган, яъни сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга фақат битта белги, крестик қўярди. Кодексда фуқароларнинг овоз бериш имкониятлари янада кенгайтирилиб, сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга учта белгидан: яъни «+» ёки «» ёхуд «х» белгисидан бирини қўйиш имкониятига эга бўлди.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада мустаҳкам кафолатлаш мақсадида Кодекснинг 7-моддасида “Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади”, деб белгилаб қўйилди.

Имконияти чекланган шахсларнинг сайловга оид конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш мақсадида Кодекснинг 31-моддасида сайлов бюллетенлари Брайль алифбоси асосида тайёрланиши мумкинлиги, 49-моддасида жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зарур шарт-шароитлар яратиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг зиммасига юклатилиши, 50-моддасида овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Учинчи муҳим жиҳат сайлов комиссиялари билан боғлиқдир. Агар авваллари қонунларда фақат Марказий сайлов комиссиясига нисбатан фаолиятининг ҳуқуқий асослари, мустақиллик, очиқлик принциплари, фаолиятига аралашмаслик кабилар қайд этилган бўлса, эндиликда барча сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органларидан, жамоат бирлашмаларидан ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга ошириши белгилаб қўйилди.

Сайлов комиссияларининг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, сайлов комиссиялари ва уларнинг аъзолари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Кодексга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиши, сайлов комиссиялари ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга ошириши, сайлов комиссиясининг мажлисларида сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ҳозир бўлиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Сайлов комиссиялари номзодларга, сиёсий партияларга сайлов кампания­сини ўтказиш учун тенг шарт-шароитларни, сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш учун ажратилган бюджет маблағларининг адолатли тақсимланишини, овоз беришнинг ва сайлов якунларини чиқаришнинг ҳалол бўлишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўриши белгилаб қўйилди.

Авваллари фақат Марказий сайлов комиссияси аъзолигига талаблар белгиланиб, бошқа сайлов комиссиялари аъзоларига нисбатан талаблар қонунларда акс этмаган эди. Кодекснинг 25-моддасида ушбу бўшлиқ тўлдирилиб, йигирма бир ёшга тўлган, ўрта ёки олий маълумотга, қоида тариқасида, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган фуқаролар вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиясининг, округ ва участка сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкинлиги қайд этилди.

Бошқа сайлов комиссияларининг аъзолари, сиёсий партияларнинг аъзолари, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура органларининг, судларнинг мансабдор шахслари, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишонч­ли вакиллари, шунингдек номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.

Авваллари сайлов комиссиялари қайси ташкилот биносида жойлашган бўлса, унинг аъзолари ҳам одатда деярли тўлиқ мана шу ташкилот аъзоларидан иборат бўлиб қолар, кўпинча унинг раҳбари комиссия раиси бўларди. Бу эса уларнинг холислиги, объективлиги, қарорларни демократик асосда, коллегиал қабул қилишига нисбатан саволларни келтириб чиқарар эди. Эндиликда бундай амалиётни бартараф этиш мақсадида участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, деган норма киритилди. Бу демократик талаб бўлиб, коллегиаллик, адолатлиликни таъминлашга хизмат қилади.

Авваллари муддатидан аввал овоз берувчилар учун “сайлов варақаси” деган тушунча бўлар эди. Сайлов бюллетени билан бирга сайлов варақаси деган тушунча борлиги кўпинча сайлов комиссиялари аъзоларини, оддий фуқароларни ҳам чалғитарди. Эндиликда сайлов варақаси, деган тушунча қонунчиликдан чиқарилиб, барча овоз берувчилар учун ягона тушунча — бу сайлов бюллетени бўлди.

Агар авваллари Қонунчилик палатасига депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан тузилган бўлса, эндиликда Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов округлари халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномасига биноан тузилиши алоҳида белгилаб қўйилди.

Мавжуд амалиётни ҳисобга олиб, Кодекснинг 10-моддасида Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бир вақтда ўтказилган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари томонидан ягона сайлов участкалари тузилиши белгилаб қўйилди.

Агар авваллари вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан белгиланиши мазмунидаги қоида мустаҳкамланган бўлса, эндиликда комиссияларнинг мустақиллигини ошириш мақсадида раис ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланиши белгилаб қўйилди.

Кодексда Марказий сайлов комиссияси фаолиятининг доимийлиги ва профессионаллиги, мустақиллигини кучайтириш мақсадида Марказий сайлов комиссиясида доимий асосда ишловчи комиссия аъзоларининг сони кўпи билан етти кишидан иборат бўлиши,  доимий асосда ишловчи аъзолар илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмаслиги, аъзоларга Қонунчилик палатаси депутатларига, Сенат аъзоларига нисбатан қўлланиладиган дахлсизлик тўғрисидаги қоидалар татбиқ этилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Кодексда шунингдек овоз бериш сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилиши белгилаб қўйилди. Аввалги қонунларда бу соат 6:00 дан бошланиши белгилаб қўйилган бўлиб, сайлов комиссияси аъзоларига ҳам бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Шунингдек, сайлов декабрда бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу вақтда ҳали кун чиқмаган, қоронғи вақт бўлади.

Кодексда участка сайлов комиссия­сининг баённомасида акс эттирилган, овозларни санаб чиқиш чоғида номувофиқликлар аниқланган тақдирда, округ сайлов комиссияси ўз мажлисида участка комиссиясига ушбу номувофиқликларни бартараф этишни таклиф қилишга ҳақли, деган норма киритилди. Аввалги қонунда бундай қоида мавжуд эмас эди.

Тўртинчи муҳим жиҳат бу Кодексда фуқаролик жамияти институтларига берилган имкониятлар, жамоатчилик назорати ва иштироки билан боғлиқ. Авваллари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар барча сайловларда қатнашиши мумкинлиги қайд этилди. Бу сайловлар устидан фуқаролик кузатувини, шаффофликни таъминлашга, сайлов жараёнига жамоатчилик ишончи ошишига омил бўлиб хизмат қилади.

Кодексда Марказий сайлов комиссияси раиси комиссия мажлисларида иштирок этиш учун жамоат бирлашмаларининг вакилларини ва мансабдор шахсларини таклиф этишига оид қоида ҳам мустаҳкамланди.

Шунингдек агар аввал участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тайинланади, деб белгилаб қўйиш билан чекланган бўлса, эндиликда Кодекснинг 23-моддасига асосан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Кодексда сайловчи турган жойида овоз бериш вақтида ҳам кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳозир бўлиши мумкинлиги қайд этилди. Бу ҳам жамоатчилик назорати, очиқлик ва ошкораликни таъминлашга хизмат қилади.

Бешинчи муҳим жиҳат Кодексда юқори палата — Сенатни шакллантириш тартиби батафсил тартибга солинганидир. Аввалги қонунда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг қўшма мажлисини чақириш, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, шунингдек овоз беришни ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида Сенат аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши билан чегараланган эди. Кодексда Сенатни шакллантиришга оид тўғридан-тўғри амал қилувчи 13 та модда бағишланиб, бу муносабатлар бевосита қонун билан тартибга солиниши таъминланди.

Олтинчи муҳим жиҳат Кодексда сайлов жараёнини янада такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш асослари қонунан мустаҳкамланганлигида намоён бўлади. Кодексда Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатидан фойдаланишга оид қоидалар белгиланди. Сайловчилар рўйхатлари Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини шакллантириш бўйича ахборот тизими маълумотлари асосида тузилади.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати ваколатли давлат органлари томонидан тақдим этиладиган ахборот негизида шакллантирилади ва янгилаб турилади, сайлов кампанияси даврида эса тегишли участка сайлов комиссиялари томонидан аниқлаштирилади.

Ҳар бир участка сайлов комиссияси тузилганидан кейин уч кун ичида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида тақсимланган мазкур участ­ка сайловчиларининг дастлабки рўйхатини олади.

Сайлов комиссиялари аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш натижалари бўйича сайловчининг “Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати”даги фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзилига оид тузатишлар қилиб, сайловчилар рўйхатларига ўзгартишлар киритиши мумкин. Сайлов куни сайлов участкаларида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан олинган сайловчилар рўйхатларидан фойдаланилади.

Миравзал Миракулов,

юридик фанлар доктори, доцент

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: