Home /   / Салкам 625 миллиард!

Салкам 625 миллиард!

Мажбурий ижро бюросининг Наманган вилоят бошқармаси, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида энергия ресурслари, қаттиқ маиший чиқиндилар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши, электр, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ҳамда олдини олиш, шунингдек, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида тизимли чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Бу борада амалга оширилган ишларнинг жорий йил 6 ойлик таҳлили ҳам фикримизни исботлаб турибди.

Биргина энергия ресурслари ва сув таъминоти учун салкам 625 миллиард сўм миқдоридаги қарздорликни ундириш чоралари кўрилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 228 миллиард 692 миллион сўм кўп, демакдир. Мазкур жараёнда бюронинг қонун доирасидаги ваколатларидан самарали фойдаланилмоқда. Жумладан, 150 миллиард сўмлик қарздорликни тўлаш ҳақида 450 мингдан ортиқ қарздорга талабнома юборилди. Шу тариқа электр энергиясидан 73,6 миллиард сўм, табиий газдан 51,5 миллиард сўм ва ичимлик сувидан 3,8 миллиард сўмдан ортиқ қарз ундирилди.

Қарздорликни иш ҳақидан ушлаб қолиш бўйича иш берувчиларга юборилган 25 миллиард сўмлик 13 мингта талабномага асосан электр энер­гия­си учун 14 миллиард, табиий газ учун 2,5 миллиард ва ичимлик суви учун 934 миллион сўм қарздорлик ҳам бартараф этилди.

Бюро органлари томонидан, шунингдек, электр, газ узатиш ва тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланишлар, талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда бартараф этиш, бу каби ноқонуний ишларнинг олдини олиш борасида кунлик назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Шу мақсадда олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида биринчи ярим йилликда энергия ресурслари ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 1319 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, етказилган 3 миллиард 921 миллион сўм зарарни таъминотчи корхоналар фойдасига ундириш чоралари кўрилди. Бу борада 6 та жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланди. Масалан, бюронинг Мингбулоқ туман бўлими томонидан жорий йилнинг 11 июнь куни ўтказилган назорат тадбирида «Ингичка» маҳалла фуқаролар йиғини Илғор кўчасида яшовчи А.Абдураҳмонов уйининг томида яширин равишда электр ҳисоблагичдан ташқари тармоққа уланиб олгани аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича хонадон эгаларига нисбатан далолатнома расмийлаштирилиб, ҳисоб-китоб қилинганда, туман электр тармоқлари корхонасига етказилган зарар салкам 39 миллион сўмни ташкил этди.

Хонадон аъзолари тармоқдан тўғри фойдаланишганда эди, шунча чиқимдор бўлишмасмиди?! «Фойда қиламан» деб ортиқча ташвиш орттириб олган бундай кишиларнинг қилмишидан дилинг ғашланади.

Албатта, зарарни тўлаш жуда аччиқ. Айниқса, у «отнинг калласидек» бўлиб кетса! Шундай экан, ҳар бир истеъмолчи тармоқдан тўғри фойдаланса, юқоридаги каби ҳолатлар юз бермайди.

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги фаолиятимиз ҳам тизимли чора-тадбирлар доирасида амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида иш юритувида бўлган жами 692 миллиард сўмлик 162 879 та ижро ҳужжатидан 129 869 тасининг ижроси тамомланди.

Албатта, жамиятда қонунийликни таъминлаш устувор вазифалардан биридир. Бунда, биринчи навбатда, фуқароларга қонунга ҳурмат руҳини сингдириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, бошқарма, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхона ва ташкилотларда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтириш ва тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундай тадбирларда фойдаланилган энергия ва сув ресурслари учун истеъмолчилар томонидан тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш ҳамда тармоқлардан ноқонуний фойдаланишнинг ҳуқуқий оқибатлари юзасидан тушунчалар берилмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярмида жами 2 524 та ана шундай тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони асосида бошқарма, шаҳар ва туманлар бўлимлари томонидан мурожаатларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бир қаторда, бошқарма раҳбарияти томонидан мунтазам равишда шаҳар ва туманларда сайёр қабуллар ўтказилиб, аҳолининг соҳага оид муаммолари, мурожаатлари эшитиб борилмоқда, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Шуҳрат ҚОСИМОВ,

МИБ Наманган вилоят бошқармаси бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: