Тезкор хабарлар
Home / Жиноят ҳақиқати ва адолати / “Саховатли” фермер

“Саховатли” фермер

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ердан фойдаланиш соҳасида кўплаб янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, ердан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқи ривожланди, ер участкалари кимошди савдоларида сотила бошланди, энг муҳими, ер участкаларини хусусийлаштириш йўлга қўйилди. Бугунги кунда мамлакатимиз қонунчилик тизимида ер ва тупроқ муҳофазасининг ҳуқуқий асослари шакллантирилган.

Аслида бебаҳо заминимизнинг ҳар бир қаричи олтинга тенг. Ундан тўғри фойдаланиш, сифатини яхшилаш ва шу орқали мўл ҳосил етиштириш шу куннинг долзарб вазифасига айланган. Шуларни инобатга олган ҳолда Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг Фар­ғона вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси ҳамда ердан фойдаланиш тартибини белгиловчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси ўрганиб борилмоқда.

Ўтган йилда бу борада 28 та ўрганиш ўтказилиб, жами 213 та ҳолатда фермер хўжаликларида ердан ноқонуний фойдаланиб келинаётгани маълум бўлди. Хусусан, 117 та ҳолатда ердан мақсадсиз фойдаланилган. Шунинг­дек, ўрганишлар давомида ер билан боғлиқ турли низолар, хусусан, фирибгарлик жиноятлари ҳам аниқланмоқда. Масалан, Инспекциянинг Бешариқ туман бўлимига бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, тумандаги собиқ «Бешовул файзи» фермер хўжалигининг иш юритувчиси А.К. 2015 йилда хўжалик экин майдонидан 0,08 гектар ер майдонини сотиб, шу кунга қадар ҳужжатларини расмийлаштириб бермаётганини баён этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланишича, А.К.таниши М.Қ.га ке­йинчалик ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, уни алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан фермер хўжалигига тегишли ер майдонининг бир қисмини жами 24 миллион сўмга якка тартибда уй-жой қуриши учун сотиб, ушбу пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, А.К. таниши У.И.ни ҳам худди шундай йўл билан алдаб, унга уй-жой қуриш учун ер бераман деб, унинг ҳам қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирган. Натижада у У.И.нинг 7 800 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини қўлга киритган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Инспекциянинг Бешариқ туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича туман прокуратурасига юборилди.

Илёс Одилхўжаев,

Инспекциянинг Фарғона вилоят бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: