Home /   / Саҳна ортидаги «қаҳрамон»лар

Саҳна ортидаги «қаҳрамон»лар

Саҳнада бўри, тулки, қарға образларини кўраётган болалар кўнгли нечоғлик беғубор. Улар намойиш этилаётган эртакларни ҳақиқий ҳаёт воқеалари сифатида қабул қилишади. Барча эртакларнинг яхшилик билан тугаши эса уларнинг кўнглига эзгулик нурини олиб киради.

Тўғрилик, эзгуликнинг ғалабасини кўрган кичик томошабин ёлғончилик, фирибгарлик барибир ошкор бўлишини билади.

Аммо, минг афсуски, Бухоро  вилоят қўғирчоқ театри директори лавозимида ишлаб келган Завқиддин Ёдгоров, ҳисобчи Санобар Бақоева ҳамда кадрлар бўйича мутахассис Истат Касимовалар ёлғоннинг умри қисқа бўлишини ҳатто болалар тушунган даражада ҳам англашмаган. 2016 йилнинг март ойидан бошлаб театрга  раҳбарлик қилган З.Ёдгоров театрнинг моддий ва маънавий омилларига эътибор қаратиши, актёрларнинг ишлари, салоҳияти, спектакль репертуарларини доимий назорат қилиши лозим эди. Бироқ мансаб мавқеидан «чалғиган» директор бош ҳисобчи ва кадрлар бўйича мутахассис билан жиноий тил бириктирди.

— Театрнинг кундалик харажатлари учун қайси йўл билан пул топсак бўлади?

— Йўли бор, бироқ…

— Билсангиз айтинг, ҳаммамиз ҳам шу театр гуллаб-яшнасин деймиз-да…

— Мирали Қосимовнинг табелларини давом эттирамиз.

— Яна ким бор? — ҳушёр тортгандек овозини баландлатди директор.

— Энди, ҳар ҳолда айтдим-қўйдим-да…

Бу суҳбат баҳонасида театр­да ишламай ойлик маош оладиганлар сони ортиб борди. Театрда бош рассом бўлиб ишлаб турган Азимбек Ҳайдаров ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганида ҳам директор уни сақлаб қолишга уринмади. Лекин пластик карточкасини сақлаб қолди. Бош ҳисобчи С.Бақоевага А.Ҳайдаровга табеллар тўлдирилиши ва маош ёзилиши ҳақида топшириқ берди. Укаси Алишер Ёдгоров дурадгор, ўғли Шоҳжаҳонмирзо Расулов театр рассоми сифатида ҳужжатларда қайд этилди. Ишга келмайдиган ходимларга ҳисобланган ойлик маошлар директорнинг қўлидаги пластик карточкаларга мунтазам тушиб турди.

«Давринг келди, сур бегим!» қабилида иш юритиб, жами    29 миллион 792 минг сўмдан зиёд иш ҳақини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган директор қонун олдида жавобгарлик масаласи борлигини унутган эди.

Бу қилмиши учун театр директори ва унинг жиноий шерикларига тегишли жазо та­йинланди. Бироқ, беғубор болажонлар саҳна ортидаги «қаҳрамон»лар ҳақида маълумотга эга эмаслар. Йиллар ўтиб эшитиб қолишса, бу «эртак»ка ишонишармикан?

 

Рамзиддин НУРИДДИНОВ,

Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси тезкор бўлими ходими

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: