Home / Тавсия этимиз / Руҳига жангарилик сингаётган ёшлар бунга ким айбдор?

Руҳига жангарилик сингаётган ёшлар бунга ким айбдор?

МУЛОҲАЗА

Юртимизда ёш авлодни жисмонан ва руҳан соғлом, ватанга садоқат руҳида тарбиялаш бўйича кўп ишлар қилинаяпти. Айниқса, ёшларнинг билим олиш ва касб танлаш борасидаги имконияти йил сайин кенгайтириб борилмоқда. Иқтидорли ёшлар ҳақида эшитсак барчамиз қувонамиз. Лекин айрим ёшлар ўртасида зарарли одатларга ружу қўйиш ҳолатлари учраб турганини ҳам инкор қилиб бўлмайди.

Ёшлар тарбиясида ота-она асосий ўрин тутади. Бироқ аксарият ота-оналар иш, тирикчилик деб, фарзандлари кун бўйи нималар билан машғуллигини эътибордан четда қолдираётгани ҳам сир эмас.

Фарзанди ҳар томонлама етук бўлиб улғайишини истаган инсон у билан жиддий, самимий суҳбатлашиб туриши лозим. Бирор нарса олиб беришни ваъда қилган бўлса, албатта уни бажариши, агар бажара олмаса, сабабини ётиғи билан тушунтириб, боланинг ишончига эришиши керак. Тарбияда ота-она ва фарзанд ўртасидаги ишонч муҳим аҳамиятга эга. Ота-онага ишончини йўқотган бола ке­йинчалик турли зарарли одатларга ўрганиши ва буни улардан сир сақлаши мумкин. Баъзи ота-оналар фарзандининг ичкилик ва тамакига ўрганиб қолганини узоқ вақтгача билмайдилар.

Муборак ҳадисларда тарбия ахлоқнинг муҳим шарти экани айтилади. Жумладан, Жобир ибн Самурадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бирингизнинг боласига одоб бермоғи ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир», — дедилар» (Термизий ривояти). Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан ҳам савобли экан.

Яна бир ҳадисда «Ҳеч бир ота ўз фарзандига хулқу-одобдан буюкроқ мерос бера олмайди» дейилади. Демак, ҳар бир оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғи керак.

Она учун холадан олинган қасос

Ҳатто фарзандингиз олдида бировни ёмонлашни ҳам одат қилманг, чунки у бир кун келиб, қасд олиш учун ўша одамга ёмонлик қилади, яъни жиноятга қўл уради. Жиноят эса жазосиз қолмайди. Мисол тариқасида бир воқеани келтириб ўтамиз.

Муниса Солиҳованинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) катта ўғли безорилик қилгани учун вақтинча қамоққа олинади. Хуллас, агар гаровга пул қўйилса, судгача озодликда юриши мумкинлиги тушунтирилади. Онаси гаров учун керак бўлган 5 миллион сўмни топа олмай, кичик ўғли Фаррух Шамсиев билан ўз опасининг уйига қарз сўраб боради. Мухтасар Қодирова синглисининг ялиниб ёлворишлари-ю йиғлаб-сиқташларига эътибор бермайди. Аввалига пулим йўқ деган опа синглиси гаров эвазига тилла тақинчоқларини бергандан сўнггина унга 600 АҚШ доллари қарз беради. Шу билан муаммо ҳал бўлади. Аёлнинг катта ўғли тарафлар яраштирилиши натижасида жазодан қутулиб қолади.

Лекин М.Солиҳова опасининг ёнидан чиққач, уни ўғлига ёмонлайди. Балки бу гапларга аёлнинг ўша пайтдаги тушкунлиги сабаб бўлгандир. Аммо ўсмир ёшидаги Ф.Шамсиев онасининг гапларини ўзича қабул қилади. Унга онасининг кўз ёшига акаси эмас, балки холаси сабабчидек туюлади. Бу эса орадан қанчадир вақт ўтгандан сўнг жиноятга сабаб бўлади. Чунки тергов жараёнида Ф.Шамсиев айнан холасининг ишидан жаҳли чиқиб, бир куни унинг уйига босқинчилик қилиб, пулларини олиб кетиш фикри туғилганини баён қилади.

Хуллас, Фаррух кўнглига тугиб қўйган жиноятини амалга ошириш учун дўсти Дилшод Саматовни шерик қилади. Икковлон бозордан иккита қора футболка, қўлқоп, скотч, темир болға харид қилиб, жиноятга тайёргарлик кўришади.

Ўтган йилнинг декабрь ойлари, кун қисқа, кечки пайт атрофга қоронғулик чўккан эди. Шу пайт Фаррух билан Дилшод холаси М.Қодированинг уйи яқинига келиб, қўлларига қўлқоп, юзларига футболка, устидан капюшон кийиб олиб, темир қувур бўлаги ва скотчни сумкасига солиб, учинчи қаватга кўтарилишади. Эшикни итариб кўришса, қулфланмаган экан. Ичкарига кирган вақтида у ердан холасининг набираси чиқиб қолди. Уларни кўриб, бақириб ошхонага кириб кетади. Шундан кейин ошхонадан чиққан холасини уриб ерга ўтқазишади ва овоз чиқара олмайдиган қилиб юзини скотч билан ўраб ташлашади. Бақир-чақирни эшитиб чиққан холасининг таниши Шерзод Қудратовни ҳам йигитлар темир қувур билан уришади. Шундан сўнг Фаррух Ш.Қудратовни ошхонага қамаб, уйдан сейфни кўтариб чиқиб кетади. Икковлон четроқ жойда болға билан сейф қулфини бузиб, ундаги 23 миллион 400 минг сўм, 2250 доллар пулни ва тилла тақинчоқларни бўлиб олишади.

Босқинчилар эртаси куни қўлга олинди. Ушбу ҳолатни кўриб чиққан суд қасоскор йигит ва унинг дўстини бир неча йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Воқеадан хулоса қиладиган бўлсак, фарзандларимиз олдида ҳар бир гапимизни ўйлаб гапиришимиз керак. Акс ҳолда шу каби кўнгилсизликлар содир бўлиши мумкин.

Фарзандингизнинг телефонини текшириб турасизми?

Яна шуни таъкидлаш жоизки, зўравонлик, шафқатсизлик акс этган компьютер ўйинларини ўйнаш айрим ёшларнинг таълим-тарбияси, турмуш тарзига таъсир этмай қолмаяпти. Олимларнинг тадқиқотича, жангари ўйинлар бола қизиққон, жиззаки, шафқатсиз бўлиб қолишига олиб келади.

Мисол учун, тасодифан пойтахтдаги компьютер клубларидан бирига кириб қолиб, ўсмирларнинг хатти-ҳаракатлари ва компьютерда қандай машғулот билан бандлигига эътибор қаратдим. Гуруҳларга бўлиниб жангари ўйинлар ўйнаётган болаларнинг бир-бирларига айтаётган ҳақоратли сўзларини эшитиб, ҳайрон қолдим.

Яна бир воқеа. Яқин танишим ўргансин деган мақсадда фарзандларига компьютер олиб берибди. Катта ўғли эса унга турли ўйинлар олиб келиб жойлаштирибди. Ўн бир ёшли ўғли бир жангари ўйинни ҳар куни ўйнар экан. Буни ота оилада бўлган бир ҳодисадан кейин билиб қолган. Хуллас, ўша ўйинга берилиб кетган боланинг феълига бора-бора жангарилик сингиб борган. Натижада тўққиз ёшли синглиси билан уришиб қолган ва унинг катта ўйинчоғига бир неча бор пичоқ тиқиб, бошини кесиб ташлабди. Бу ҳам етмаганидек, синглисига кўриб қўй, яна мен билан уришсанг сен ҳам шу ҳолатга тушасан дебди. Танишим бу воқеадан хабардор бўлган заҳоти барча ўйинларни ўчириб ташлабди.

Бу каби ҳодисалар кишини ҳушёр бўлишга ундайди. Ота-оналар фарзандига компьютер ўйинларига рухсат бергач унинг саломатлиги, ахлоқига ҳам кўпроқ эътибор беришлари лозим.

Яна бир ҳолатга тўхталамиз. Айни вақтда фарзандларимизга ёшлигидаёқ қимматбаҳо телефон олиб беришни урфга айлантирдик. Баъзи ўқувчиларнинг қўлидаги телефон катталарда йўқ. Хотираси «отнинг калласидек» бўлган бу телефонларга эса истаганча ўйин, видео ва бошқа нарсаларни жойлаштириш мумкин. Шу­нинг­дек, бу телефонлардан интернетдаги хоҳлаган сайтга кириш мумкинлигини ҳам биласизми? Фарзандингизнинг телефонини ойда бир марта бўлса ҳам қўлингизга олиб текшириб турасизми?..

Конституциямизнинг 64-моддаси ва Оила кодексининг 65-моддаси ота-оналар зиммасига фарзандларини тарбиялаш, уларнинг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш мажбуриятини юклайди. Юқорида айтиб ўтилган воқеалар эса эҳтиёткорликни янада ошириш, масалага чуқурроқ ёндашиш зарурлигини кўрсатади.

Таъкидланганидек, қаерда бепарволик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг заиф нуқтага айланади. Демак, ёшлар тарбиясига барчамиз масъул бўлиб, иллатларга қарши биргаликда курашишимиз лозим.

Қолаверса, боланинг бегонаси бўлмайди. Ёшларни суд залида, панжара ортида кў­риш, ота-оналарнинг йиғлаб ўтиришига гувоҳ бўлиш жуда оғир. Аммо жиноятни жазосиз қолдириб ҳам бўлмайди. Ёшларимиз жиноят учун жазо муқаррарлигини тушуниб етиши керак. Оқ-қорани фарқлай оладиган, ўзи, оиласи, халқининг шаъни, обрўсини ўйлайдиган, маънавий илдизлари ҳақида етарли тушунчага эга бўлган бола жиноят кўчасига кирмайди. Уни шундай тарбиялаш ўзимизга боғлиқ.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: