Home /   / Пухта режа — ривожланиш кафили

Пухта режа — ривожланиш кафили

Аграр соҳани ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг замон талабига мос бўлган ҳуқуқий асослари қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлган муаммоларни тартибга солиш билан бир қаторда давлат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб берувчи корхоналар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу боисдан ҳам прокуратура органлари томонидан қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ҳолатлар жойларнинг ўзида ҳар томонлама ўрганиб чиқилиши йўлга қўйилган.

Жумладан, ўтган йил давомида бу борада 89 та текшириш ўтказилиб, 632 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди. Қонунга хилоф бўлган ҳужжатларга нисбатан 126 протест келтирилиб, қонун бузилишига сабаб бўлаётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан 115 тақдимнома киритилди. Шунингдек, 252 шахсга интизомий, 174 шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик масаласи кўрилиб, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 5 та жиноят иши қўзғатилди.

Фермер хўжаликларига ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида 1700,8 гектар ер майдони фермер хўжаликларини ташкил этиш мақсадида олиб берилди. Шу билан бирга, 1 миллиард 955 миллион сўм кредит, 557,9 миллион сўм иш ҳақи, 604,5 миллион сўм кредиторлик қарзларни ундиришда, 7 та фермер хўжалигига давлат рўйхатидан ўтиб, банкдан ҳисоб-рақами очишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Қўнғирот туман прокуратураси томонидан ўтказилган текширишда 154 та шартли қорамоли мавжуд бўлган «Мухан ота» фермер хўжалигига туман ҳокими қарори билан 13,1 гектар суғориладиган, 17,8 гектар суғорилмайдиган ер майдони кам ажратилганлиги аниқланди. Худди шу каби қонун бузилиши ҳолатларига тумандаги 10 тага яқин фермер хўжаликларида ҳам йўл қўйилган. Натижада туман ҳокимининг 15 та қарорига протест келтирилиб, қонунга мувофиқлаштириш бўйича тақдимнома киритилди.

Сув ва гидротехника иншоотларидан фойдаланиш бўйича ўтказилган назорат тадбирлари давомида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича 6 та тақдимнома киритилиб, камчиликларга йўл қўйган шахслар интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди. Давлатга етказилган зарарлар ундирилиб, 21 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Нукус тумани «Қаттиағар-Бозатаў» ирригация тармоқлари бошқармасига қарашли трактор  2015 йилдан буён носоз ҳолатда бўлишига қарамасдан, тракторчи номига 25 миллион 984 минг сўм иш ҳақи ёзилиб, талон-торожликка йўл қўйилгани аниқланди ва жавобгар шахсларга нисбатан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Бугунги кунда аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, бозорларимизни сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида бир қатор қулайлик ва имкониятлар яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг паррандачиликни, иссиқхона комплексларини, пиллачилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қарорлари шу мақсадларда қабул қилинди, десак, муболаға бўлмайди. Бу каби қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида прокуратура органлари томонидан масъул ташкилотларга топшириқлар берилиб, уларнинг бажарилиши юзасидан кундалик назорат ўрнатилди.

Президентимизнинг иссиқхона комплексларини ривожлантиришга қаратилган қарори асосида 2019 йилда Қорақалпоғистонда 2 та йирик лойи­ҳанинг амалга оширилиши белгиланган. Мана шу ло­йиҳалар учун «Мўйноқ агро дос» ва Элликқалъа туманидаги «Қорақалпоқ агро комплекс» МЧЖ томонидан йирик кўламдаги, замонавий типдаги иссиқхоналар қуриш белгиланган. Бугунги кунда бу ишларни амалга ошириш учун туман ҳокимининг қарори билан зарур ер майдонлари, Жаҳон банки томонидан кредит маблағлари ажратилди.

Ҳукуматимиз томонидан томорқа ерларни қўшимча даромад турига айлантириш ва етиштирилган маҳсулот ҳисобидан  аҳоли дастурхонининг тўкин-сочинлигини таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.  Давлатимиз томонидан бу мақсадларда 10 миллиард сўм миқдоридаги банк кредитлари ажратилган бўлса, кам таъминланган оилалар учун шартнома асосида энг кам иш ҳақининг 3 баробаридан 10 баробаригача миқдорида субсидиялар берилмоқда. Бундан ташқари, томорқа ер эгаларига ёрдам бериш мақсадида ҳар бир туманда ташкил этилган «Томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳудудлардаги томорқа ерлардан самарали фойдаланиш, тупроқ-иқлим шароити ва сув билан таъминланганлик ҳолатидан келиб чиқиб, қандай экин турларини жойлаштириш, ҳосилни йиғиш ва реализация қилиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.

Жорий йилда республикада томорқа ерларда 3 600 та иссиқхона қуриш белгиланган. Томорқа ерлардан  9765 гектарига сабзавот ва 1 миллион 670 мингдан ортиқ кўчатлар экилади. Айни кунга қадар 100 мингдан ортиқ хонадонлардаги томорқалар аҳволи ўрганиб чиқилиб, 920 дан ортиқ хонадон соҳиблари огоҳлантирилди.

Президентимизнинг «Балиқчилик соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижроси ҳам қатъий назоратга олинган. Мазкур ҳужжатга асосан тузилган ишчи гуруҳ мониторинги натижасига кўра, ўтган йилда республикадаги мавжуд  6 та инкубацион цехлар томонидан 200 мил­лион дона балиқ чавоқлари етиштирилган. Шунингдек, соҳани ривожлантириш мақсадида «Нукус агро фиш» масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига 300 тонна балиқ етиштириш қувватига эга ёпиқ сув ҳавзаси ташкил этилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 15 миллиард 648 миллион сўмлик 34 та лойиҳа амалга оширилиб, 153 та янги иш ўрни яратилган.

Қарор талабларидан келиб чиқиб, аҳолини арзон ва сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида Нукус тумани деҳқон бозори ҳудудида 4 та аквариум ва 1 та пластик бассейнда тирик балиқ сотиш ишлари йўлга қўйилди. Тахтакўпир, Кегейли, Чимбой, Қўнғирот, Мўйноқ, Нукус, Тахиатош, Шўманай, Амударё, Хўжайли, Қонликўл, Қораўзак туманлари деҳқон бозорларида ҳам 2 тадан, Тўрткўл ва Беруний туманларида 4 тадан, Элликқалъа туманида 5 та жойда савдо нуқталари ташкил этилган.

Жорий йилда «Междуречье», «Жалтирбас», «Қаратерен» ва «Ақшакўл» табиий сув ҳавзаларига 25 донадан жами 100 дона қафас мосламаларини ўрнатиш белгиланган бўлиб, ҳозирда уларни харид қилиш чоралари кўрилмоқда. Бундан ташқари, Дастур асосида 35 та балиқчилик лойиҳалари амалга оширилади ва қўшимча 344 тонна балиқ маҳсулотлари етиштирилади.

Шунингдек, жорий йилда «Азия-силк» корхонасида пилла етиштириш миқдорини ошириш мақсадида қишлоқ жойларда яшовчи оилаларда 42 минг бош парранда боқиш ва уларнинг томорқа ерлари атрофида минглаб туп тут кўчатлари экиш режалаштирилган. Шунингдек, пиллачилик корхоналари томонидан ипак қурти етиштириш учун қиймати 1 миллион 290 минг АҚШ долларига тенг бўлган иморатлар қуриш кўзда тутилган.

Ерпулат ҚАИПБЕРГЕНОВ,

Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: