Home /   / Прокурор ваколати таъминланмоқда

Прокурор ваколати таъминланмоқда

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлик­ларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан суд ҳокимиятининг мустақил тармоғи бўлган маъмурий судлар ташкил этилган эди.

Шунингдек, маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг процессуал тартибини белгилаш, давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий тартибини жорий этишга қаратилган Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс ва «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан Бош прокуратура тузилмасида Маъмурий суд иши юритувида прокурор ваколатларини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.

Бошқарма ўз вазифаларини бажариш юзасидан муайян ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг 11 ойи­да маъмурий судлар томонидан жами 388 099 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 19275 таси оммавий ҳуқуқий низоларга оид, 368 824 таси маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлардир.

Судларда кўрилган 18 мингдан ортиқ ишда прокурор иштироки таъминланиб, прокурор протести асосида судларнинг 935 та ноқонуний қарори қонунга мувофиқлаштирилган. Хусусан, апелляция инстанциясида 118 та, кассация инстанциясида 774 та ва Олий суднинг назорат инстанциясида 43 та қарор протест асосида бекор қилинган ёки ўзгартирилган.

Бевосита бошқарма ходимлари томонидан Олий судда назорат тартибида кўрилган 600 дан ортиқ ишда прокурор ваколати таъминланиб, қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш юзасидан асослантирилган фикрлар берилган. Жумладан, Олий суднинг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида прокурор иштироки таъминланиб, қонуний ва адолатли қарор қабул қилиш ҳақида судга фикр берилиши натижасида 38 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш шахснинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломати мавжуд эмаслиги сабабли МЖТКнинг 271-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 250 та мурожаат бевосита бошқарма томонидан ҳал этилиб, уларнинг 20 таси қаноатлантирилган. Мисол учун, Тахиатош тумани ҳокимининг «Замира» фермер хўжалигининг ерини захирага олиш бўйича қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси Хўжайли тумани маъмурий суди ва Қорақалпоғистон Республикаси суди апелляция инстанцияси томонидан рад этилган.

Бош прокурор ўринбосарининг протести асосида Олий суднинг 2019 йил 26 августдаги қарори билан қуйи инстанция қарорлари бекор қилиниб, фермер хўжалигининг аризаси қаноатлантирилди ва унинг бузилган ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

Шунингдек, бошқарма томонидан соҳада юзага келаётган муаммолар таҳлил қилиниб, Олий суд пленумининг қарорлари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларга ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган 60 дан ортиқ таклиф берилган.

2019 йилнинг апрель ойида Наманган, Хоразм ва Тошкент вилоятлари, сентябрь ойида Фарғона ва Қашқадарё вилоятларига борилиб, туман ва шаҳар прокурорларининг соҳа бўйича ёрдамчилари фаолияти таҳлил қилинди ва уларга судларда иш кўрилишида сифатли прокурор ваколатини таъминлаш ҳамда иш юзасидан судларга асослантирилган фикр бериш бўйича ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, Бош прокуратура академияси билан ҳамкорликда туман (шаҳар) прокурорлари ёрдамчиларининг маҳоратини ошириш мақсадида мунтазам равишда ўқув машғулотлари ташкил этиб келинмоқда.

Дилшод Ахмедов,

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: