Порага чора

Яроқлилик муддати ўтган гўшт ва гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо), сут, қатиқ, қаймоқ, сметана, мева-сабзавотларнинг сифати йўқолгани, айниб-ачиб қолганини билмай истеъмол қилинганда соғлиққа зарар етказиши мумкин. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун эса бозорлар, дўконлар, кушхоналарда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг доимий назорати йўлга қўйилган. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналар, кушхоналарда ветеринария, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши назоратга олинган.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат инс­пекцияси туман бўлими ва туман ветеринария хизмати ходимлари «Қуйи Авазбой» МФЙ ҳудудидан ўтган Катта Фарғона канали бўйида фуқаро Н.Козимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «Давлат ветеринария хизматида рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисида»ги Низом талабларига зид равишда, рухсатнома олмасдан ноқонуний равишда кушхона ташкил қилганини аниқлашади. Кушхонада Н.Козимовнинг жияни Полвонбек қариндоши Умриддин билан қорамолни санитария қоидаларига амал қилмасдан сўяётгани устидан чиқишади. Қассоблар кушхона фаолияти учун рухсатномани тақдим эта олишмайди. Шу боис тегишли рухсатнома олмай, кушхона ташкил этиб, фуқароларнинг чорва молларини сўйиб беришаётгани хусусида ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Полвонбек Козимов қариндоши Умриддин билан агроинспекциянинг туман бўлимига боради. «Ўзим тинчитаман» дея қариндошини ташқарида қолдириб, ичкарига киради. Бошлиқ ўринбосарига учраб, «Кушхона тоғамники, орамизга совуқчилик тушмасин, «хизмат ҳаққингиз»ни бераман» дейди. Бошлиқ ўринбосари пора олиш ҳам, бериш ҳам жиноят эканлигини, расмийлаштирилган ҳужжатлар юзасидан қонуний қарор қабул қилмаса бўлмаслигини тушунтиради ҳамда Полвонбек ва Умриддинга тушунтириш хати ёздириб, уларга жавоб беради.

Шундан кейин бошлиқ ўринбосарининг ноқонуний кушхона фаолияти ҳақидаги ҳужжатни расмийлаштирмаслик ва чора кўрмаслик эвазига пора бермоқчи бўлишаётгани ҳақидаги билдиргиси бўйича вилоят прокуратураси ва вилоят агроинспекцияси ходимлари томонидан тадбир ўтказилади.

— Жарима тўлаш керак бўлишини ўйлаб, тўрт юз минг сўм пул олиб келгандим, — дейди Умриддин. — Тушунтириш хатини ёзиб чиққанимиздан кейин Полвонбек «тоғамни ташвишга қўйдик» дея «ишни босди-босди» қилиш учун пулни сўраб олди.

Полвонбек бошлиқ ўринбосарининг хонасига кириб, яна «илтимос» қилади. Рад жавобини беришига қарамасдан, уч юз саксон минг сўм пулни стол устига қўяди. Шу заҳоти тезкор тадбир иштирокчилари хонага кириб келиб, сўроқ-саволга тутишади. П.Козимов тоғаси ташкил қилган ноқонуний кушхона фао­лиятини расмийлаштирмаслик учун пора бермоқчи бўлганини тан олади.

Суд мажлисида айбига тўлиқ иқрор бўлган П.Козимовга энг кам иш ҳақининг эллик баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. 380 минг сўм пуллар эса давлат эгалигига ўтказилди.

Ҳумоюн Абдурасулов,

Риштон туман прокурорининг ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: