Home /   / Ёрдамчининг қилмиши

Ёрдамчининг қилмиши

Касбга садоқат фазилатларнинг энг масъулиятлиси, жамиятнинг моддий тиргаги саналади. У қанча пок ва беғараз бўлса, инсонни шунча юксакликка кўтаради. Лекин, афсуски, садоқатдан йироқ, шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб турибди.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хоразм вилояти бошқармаси Гурлан тумани бўлими ҳамда туман прокуратураси ходимлари ўтказган тезкор тадбирда мансабини суиистеъмол қилган шахсларнинг фирибгарлиги, порахўрлиги фош этилди.

Гурлан тумани ҳокимининг ёрдамчиси А.Н. шу туманда яшовчи фуқарони мактабгача таълим тизимидаги муассасаларнинг бирига ишга киритиш эвазига 600 АҚШ доллари сўрайди. Ҳоким ёрдамчиси ишга кириш масаласи Гурлан тумани мактабгача таълим бўлимининг кадрлар бўйича мутахассиси Х.М. орқали ҳал бўлишини билдиради. Ўтказилган тадбирда А.Н. фуқародан 600 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга тушади. Тадбир давомида у пушаймонлик аризаси билан мурожаат қилиб, фуқародан олган 600 доллардан 300 долларини Гурлан тумани МТБнинг кадрлар бўйича мутахассиси Х.М.га беришини билдиради. Ариза асосида давом этган тадбирда МТБ мутахассиси ҳоким ёрдамчисидан 300 долларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Жиноятга жазо муқаррар, фирибгарликни, порахўрликни касб қилмоқчи бўлган ушбу кимсалар ҳам қонунга панд бера олмади. Айбдорлар қилмишига яраша жазосини олишди.

Аминбай КАЛАНДАРОВ,  

Департаментнинг Хоразм вилояти бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: