Home / Тавсия этимиз / Пoмиp марвариди

Пoмиp марвариди

Тожикистон аҳли Помир марвариди деб эътироф этадиган Сарез кўли  100 йилдан ошиқ вақт мобайнида оммани ҳайратга солиш билан бирга одамларда қўрқув ҳам уйғотиб келади. 1911 йил март ойида содир бўлган 9 балли зилзила оқибатида Бартанг дарёсининг йўлида баландлиги 500 метр бўлган табиий тўғон ҳосил бўлиши натижасида сув тўпланиб, ушбу кўл пайдо бўлган.

Сарез кўли Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти Мурғоб туманида жойлашган. Унинг узунлиги – қарийб 70 километр, чуқурлиги эса – 500 метрга яқин. Ушбу кўлда 17 километр куб сув тўпланган. Солиштирадиган бўлсак, Тошкент вилоятидаги Чорвоқ сув омборининг сиғими 2 километр куб бўлса, узунлиги 19 километр, чуқурлиги 130 метрдан ошиқ. Яъни Сарезда Чорвоқдагидан 8,5 баробар кўп сув тўпланган. Мисол учун, Орол денгизи тўлиқ бўлган пайтларда 68 километр куб суви бўлган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида келтирилишича, дарёдан ташқари кўлга яна 16 та доимий ва 20 дан зиёд вақтинча сув оқимлари қуйилиб туради. Кўл асосан муз сувларидан тўйинади.

«Спутник» нашрининг ёзишича, айни вақтда Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси дунё ҳамжамиятига Сарез кўлининг сувини камайтиришдан манфаатдорлигини билдирган. Акс ҳолда Марказий Осиёга тошқин хавф солишини айтишмоқда. Чунки кўл сейсмологик жиҳатдан хавфли зонада жойлашган.

Нашрнинг ёзишича, СССР парчаланмасдан аввал ҳам Сарез кўлини ўрганиш учун илмий экспедициялар ташкил этилган. Ўша пайтда тадқиқотчилар 500 метрлик табиий тўғонга сув чиқариб турувчи дренаж қуриш ёки уни умуман сув йўлидан олиб ташлашнинг имкони йўқ деб баҳолашган. Шундан сўнг иттифоқ олимлари вазиятнинг жиддийлигини ҳисобга олиб, 1970-йилларда кўл ҳудудида гидроэлектр станциясини қуриш лойиҳасини ҳам ишлаб чиқишган. ГЭС қурилиши натижасида кўлнинг сатҳи 100 метрга пасайиши керак эди. Натижада хавф ҳам камаярди. Бироқ техник ва моддий муаммолар туфайли лойиҳа амалга оширилмаган. Лекин иттифоқ пайтида олимлардан иборат махсус гуруҳлар кеча-ю кундуз ҳудудда навбатчилик қилишган. Бу каби ҳаракатлар иттифоқ парчаланиб кетгандан сўнг тўхтаб қолган.

Орадан бир неча йил ўтиб, 2000 йилда Жаҳон банки бошчилигида Сарез кўли хавфини камайтириш бўйича халқаро лойиҳа ишга туширилган. Аммо бу ишлар огоҳлантириш тизимини яратиш билан чекланган. Яъни 2006 йилда минтақада фавқулодда огоҳлантириш тизими яратилган. Бу тизим кўл тубига ва атрофига ўрнатилган махсус механизмлар ёрдамида юз берган фалокатни аниқлаб, аҳолини таҳдид ҳақида огоҳлантириш имкониятига эга. Бироқ кўлнинг хавфсизлиги масаласи бу билан ҳал этилмаган. Кўл сатҳи йилига ўртача 20 сентиметр кўтарилиб бормоқда.

2018 йилнинг август ойида Тожикистон президенти Ўзбекистонга ташрифи чоғида ўтказган матбуот анжуманида икки давлатнинг идора ва институтларига Сарез кўлининг сувини ўрганиш бўйича топшириқ берилганини таъкидлаган. Агар кўл сувидан қандай фойдаланиш масаласига ечим топилса, келгусида минтақа мамлакатларини сув билан таъминлаш яхшиланиши мумкин.

Сарез сувидан фойдаланишга оид лойиҳалар Душанбеда ўтказилган сув форумида ҳам муҳокама этилган.

Шунингдек, «Human.uz» нашрида келтирилишича, кўлнинг сувини дренажлар ёрдамида чиқариш ва канал қазиб, Амударё орқали Орол денгизига йўналтириш ёки кўлдаги сув чучук бўлгани сабабли уни қадоқлаб, аҳолига сотиш каби лойиҳалар кўрсатилган.

Иккала лойиҳа ҳам катта маблағ талаб этади. Аммо сув танқислиги йил сайин ортиб бораверса, бу лойиҳалар албатта амалга оширилиши мумкин.

«Спутник»нинг таъкидлашича, кўл қуйида жойлашган аҳоли пунктларига хавф туғдиради. Чунки сув чиқиб кетса оқим деярли Орол денгизигача етиб бориши мумкин. Хавф зонасида 6 миллион киши истиқомат қилади. Шунинг учун ҳам 2000 йилнинг май ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Сарез кўли тошиб кетган тақдирда биргаликда кўриладиган чора-тадбирлар ҳамда ўз вақтида хабардор қилишда кўмаклашиш тўғрисида битим тузилган. Ушбу ҳужжатда икки давлат ўртасида Сарез кўли тошса ёки тошиш хавфи туғилса, бунинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорлик масалалари белгиланган.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: