Home / Жиноят ва жазо / «Полковник» лақабли фирибгар

«Полковник» лақабли фирибгар

«Сутдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади», деган нақлни ҳаётда кўп эшитганмиз. Бу гап кўпинча бир ёки бир неча марта адашиб, сўнгра ўзига тегишли хулоса чиқариб олган кимсаларга нисбатан айтилади. Лекин, афсуски, орамизда ўз хатосидан сўнг тўғри йўлни танламай, жиноят кўчасига қайта-қайта «ташриф буюриш»ни одат қиладиганлар ҳам бор. Масалан, Элдор Гасанов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1985 йилда Тошкент вилоятида туғилган, маълумоти ўрта, оилали, ишсиз. Бу шахс аввал бир эмас, бир неча маротаба, яъни 4 марта судланиб ҳам «оғзи куймаган» экан.

Э.Гасанов охирги жазосини ўтаб чиққанидан сўнг қимматбаҳо кийимлар харид қилиб, ишбилармонлардек кийиниб олади ва «ов»ини бошлайди. Дастлаб унга такси ҳайдовчиси Нодир Содиқов рўпара келади. 2018 йилнинг апрель ойи бошларида Элдор кўчада Нодирнинг машинасини тўхтатади ва нархини келишиб, унга ўтиради. Манзил олис бўлгани учун икковлон уёқ, буёқдан суҳбатлашиб кетишади. Ўзини «ҳожатбарор» қилиб кўрсата олган Э.Гасанов божхона органида ишлашини, юқори лавозимда ишлайдиган, «полковник» унвонига эга таниши борлиги, хоҳласа, божхона ҳайдовчиси қилиб, ишга жойлаб қўйишини айтади. Аммо бу иш текинга эмас, 200 АҚШ долларига битишини ҳам қистириб ўтади. Н.Содиқов Элдорни манзилига етказгач, телефон рақамини олиб қолади ва орадан бир неча кун ўтгач, унга қўнғироқ қилиб, иш масаласида гаплашиб олади. Икковлон келишиб олишгач, Нодир 200 АҚШ долларини чўнтагидан олиб, Элдорга узатади. Биринчи «ов»и бароридан келган фирибгар пулни қўлга киритгач, ваъдасини унутади.

Ўзининг гаплари билан фуқароларнинг кўнглини олишга устасифаранг бўлиб кетган Э.Гасанов пойтахтимиздаги кафеларнинг бирида Самия Атаева билан танишиб қолади. Ўзини «автосалонда ишлайман», деб таништирган Элдор аёл билан қисқа вақт ичида қадр­донлардек бўлиб олади. Унга автосалондан навбатсиз «Нексия-3» автомобили олиб беришни ваъда қилиб, 3100 АҚШ доллари, кейинроқ яна 4000 АҚШ доллари олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарф­лаб юборади ва С.Атаеванинг қўнғироқларига жавоб бермай юраверади.

Элдор кейинги «ўлжа»сини пойтахтимиздаги «Кўҳинур» ресторанида бўлган тўйда тўрига илинтиради. Фуқаро Дилшод Андаев ҳам навбатсиз «Кобальт» автомобили оламан, деб пешона тери билан топган салкам 7 миллион сўм пулини Э.Гасановнинг қўлига топшириб, «чапак» чалиб қолаверди.

Қорақалпоғистон Республикасидан келган Нияра Ҳабибуллаева Тошкент шаҳридаги янги қурилган уйлардан харид қилиб, пойтахтга рўйхатга турмоқчи бўлади. Буни қарангки, бахтга қарши унга дастлаб Э.Гасанов рўпара бўлади. Элдор аёлга пойтахтимизнинг турли ҳудудларида қурилаётган «Golden House» уйларини кўрсатиб, ёққанини сотиб олишига кўмаклашишини айтади. Шу тариқа Э.Гасанов фуқаро Н.Ҳабибуллаеванинг ишончига кириб, унинг 120 миллион сўм пулини қўлга киритиб, уни «чув» тушириб кетади.

Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтиб, 2018 йилнинг октябрь ойи ҳам келади. Лекин Нодирнинг иши битай демасди. Нодирнинг сабр косаси тўлиб, Э.Гасановнинг ёқасига ёпишади. Шу пайтда Элдор ҳаммаси жойида фақат яна 300 АҚШ доллари берса, иши битишини айтади. Аммо Нодир унинг гапларига ишонмайди. Шунда у муассасада ўзи билан бирга жазо ўтаган «полковник» лақабли таниши Сардор Дунгаровга қўнғироқ қилиб, у билан гаплаштиради. Собиқ маҳбус эса «божхона полковниги» ролини қойилмақом қилиб ўйнайди. Хуллас, икки фирибгар бир бўлиб, Н.Содиқовдан яна 300 АҚШ доллари олмоқчи бўлишди. Бироқ бу уларнинг охирги «ов»и эди. Элдор жабрланувчидан яна 300 АҚШ долларини олган пайтида Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Фирибгарларга жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан тегишли жазо тайинланиб, ҳукм ўқилди. Унга кўра, Э.Гасанов 8 йил 6 олти ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. «Полковник» лақабли маҳбус, С.Дунгаровга эса жарима жазоси тайинланди.

 

Ҳусниддин МАНСУРОВ,

Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси

бўлим бошлиғи ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: