Home /   / Пoeзд тaгидa қoлгaн «нayшник»

Пoeзд тaгидa қoлгaн «нayшник»

Бутун дунёни эгаллаган ушбу замонавий қурилмалар инсонга бирмунча қулайликлар яратади. Аммо уларга муккасидан кетиш зиёнлигини ҳам унутмаслик керак. Келинг, бир мисол келтирамиз.

Назокат (исм-фамилиялар ўзгартирилган) турмуш ўртоғига янги телефон олдиргач, уйдаги юмушларини бажарар-бажармас уни қўлига олиб, қулоқчинини тақиб оларди. Мусиқани баланд қўяр, орада интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали дугоналари билан гап сотишдан чарчамасди. Бу ҳолат бир кун келиб фалокатга сабаб бўлишини билганида унга бунчалик боғланиб қолмаган бўлармиди…

Ўша куни ҳам Назокат эрталабдан телефондан бош кўтармади. Оқибатда ишига кеч қоладиган бўлди. Шу боис шошиб йўлга отланди. Кетаётганида ҳали мактабга ҳам бормайдиган ўғли Анвар телефонини ташлаб кетишини айтиб, хархаша қилди. Ҳатто қайнонасининг «буни қандай кўндираман, ўзингизникини қолдириб, меникини олиб кета қолинг» деганига ҳам кўнмай, эшикдан чиқиши билан қулоқчинни тақиб, мусиқани баланд қўйганча ишига шошилди. Йўл-йўлакай телефонга шунчалик берилиб кетдики, ҳатто темирйўлдан ўтаётганида баланд сигнал чалиб келаётган поездни ҳам илғамади. Оқибатда поезд уни уриб юборди. Гўё онасини ҳалокатдан қутқариб қолиш учун хархаша қилган Анвар онасиз қолди. Гувоҳи бўлганингиздек, телефонга муккасидан кетиш бир оилага оғир мусибат келтирди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2020 йилнинг ўтган 5 ойида респуб­ликамиз темирйўлларида 25 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган. Уларнинг аксарияти телефон қулоқчини билан боғлиқ.

Мутахассисларнинг фикрича, бир суткада қулоқчин орқали 3 соатдан ортиқ мусиқа тинглаш эшитиш тизими учун хавфлидир. Қулоқларимиз қабул қилиши мумкин бўлган энг баланд товуш 80-85 децибел. Қулоқчинлар эса 110-130 децибел товуш беради ва бу қулоқ пардасига салбий таъсир қилади. Бундан ташқари, у икки қулоққа тақилганида мия учун ўта кучли электромагнит майдон юзага келади. Натижада миядаги воқеаларни англаш қобилияти сусаяди. Шунингдек, қулоқчин сурункали тақиб юрилганда қулоқ бўшлиғида зарарли микроорганизмларнинг кўпайишига қулай шароит яратилади.

Тўғри, қулоқчиннинг фойдали жиҳатлари бор. Бироқ хавфли жойларда баланд мусиқа тинглаб ёки гаплашиб кетишнинг оқибати аянчли бўлишини ёдда тутиш лозим.

 

Садоқат КАРИМОВА,

Тошкент транспорт прокурорининг ёрдамчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: