Тезкор хабарлар
Home / Тавсия этимиз / Почтачини кўрган борми?

Почтачини кўрган борми?

Dolzarb mavzu

Ислоҳотталаб тизимдаги муаммолар

Болалигимда қишлоғимизда Банат опа (охирати обод бўлсин) исмли почтачи аёл бўлиб, уни танимаган одам деярли йўқ эди. Опанинг исмини ҳар сафар тилга олганимда, почта билан боғлиқ ширин хотира кўз ўнгимда намоён бўлади. Биринчи синфни тамомлаб, ёзги таътилга чиққан пайтларим. Хат-саводим чиққан, ёзувим хунук бўлса ҳам, қоғоз қоралашга салоҳиятим етади. Ҳарбий хизматни ўтаётган тоғамга хат ёзиб, маҳалла гузаридаги почта қутисига ташлаб келдим.

Орадан қанчадир вақт ўтиб, Банат опа уйимизга кириб келди. Онамнинг қўлига хат бериб, “Укангиз сизга армиядан мактуб жўнатибди”, деди. Онам гўёки ёмон хабар бордек, конвертни очиб, дарҳол мактубга кўз югуртирди. Маъносини билгач, менга табассум билан қаради. Кейин мен томон ишора қилиб: «Опа, шу ўғлим тоғасига хат жўнатган экан, укам жавоб ёзибди», деди. Почтачи аёл менга юзланди, бошимни силаб, кўп мақтовлар айтди. Шу-шу бу аёлни ширин хотиралар билан эсга оламан. Каттароқ бўлиб билдимки, опа фақат конверт ташимас, балки оиламиз обуна бўлган севимли нашрларни ҳам уйимизга вақтида келтирар экан…  Ҳозирги ёш авлод эса почтачини таниш у ёқда турсин, бу одам нима иш қилади, деб сўраши ҳам табиий. Дарҳақиқат, айни вақтга келиб, почтачиларни танимайсиз ҳам.

Кўчада қолган ходимлар

«Ўзбекистон почтаси»нинг Тошкент вилояти Келес туманлараро почта алоқа боғламасига қарашли почта бўлимларининг ҳолатларини ўрганиш мақсадида Зангиота туманидаги     «Хонобод» алоқа бўлимига бордик. Мазкур қишлоқ шаҳарнинг шундоқ биқинида жойлашган бўлса-да, ҳудуддаги алоқа бўлими жойлашган бино ғариб аҳволга келиб қолган. Ичкарига кирсангиз, ўзингизни 20-асрга тушиб қолгандек ҳис этасиз. Томидан чакка ўтиб кетган, хона совуқлиги боис, бўлим ходимлари қалин кийимларида аҳолига хизмат кўрсатишмоқда. Бўлим ҳеч қандай замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланмаган. Қисқаси, на ходимларга ва на мижозларга шароит яратилган.

Келес туманлараро алоқа боғламаси (исм-фамилиясини келтиришимизни истамаган) ходимининг айтишича, айни вақтда ҳудудда 1 та марказий ва жойларда 45 та алоқа бўлими фаолият олиб бораётган бўлиб, улар жойлашган биноларнинг аксариятида ҳам шароит юқоридагидай. Қибрай туманидаги “Оқолтин” ҳамда Тошкент туманидаги “Кўктерак” алоқа бўлимлари жойлаштирилган бинолар авария ҳолатига келиб қолганлиги боис, ходимлар кўчада фаолият олиб бораётган экан. Энг афсусланарлиси, ходимлар уч ойдан буён маош олмаган. Пойтахтга туташган икки туманда ҳолат шундай бўлгандан кейин, марказдан узоқ ҳудудлардаги алоқа бўлимларининг аҳволини тасаввур қилаверинг…

Кечиккан хат ортидаги муаммо

Шу каби муаммолар гирдобида қолган мазкур тизимдан айни вақтда фойдаланаётган фуқароларнинг аксарияти камчиликларга рўпара бўлмоқда. Хусусан, на даврий матбуот, на хатлар ўз вақтида манзилига етказилмоқда. Айниқса, давлат идоралари томонидан жўнатилган хабарномалар ўз вақтида эгасига етказилмаса қандай муаммолар келиб чиқишини тушуниш қийин эмас. Мисол учун, ўтган йилнинг бошларида қандайдир тушунмовчилик сабабли ер ва мулк солиқлари тўлови амалга оширилмаганлиги тўғрисида туман солиқ идорасидан отамга хабарнома жўнатилган. Конверт устида манзилимиз аниқ кўрсатилган бўлса-да, мазкур хабарномани почта ходими орадан бир неча ҳафта ўтиб, маҳалла фуқаролар йиғини идорасига ташлаб  кетибди. Хабарномани олган куннинг эртасигаёқ солиқ идорасига бордик. Муаммони айтганимизда, бизга хабарнома юборилганига икки ҳафтадан ошгани-ю, вақтида келмаганимизни иддао қилиб, ишни судга оширишганини билдиришди. Воқеа қандай якун топгани бошқа масала, аммо хабарнома бизга вақтида етказилганида, бу муаммо солиқ идорасининг ўзида ечимини топган, ортиқча оворагарчиликларга ҳожат қолмаган бўларди.

Манзилини топмаган мактублар

Таҳририятимизга фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келади.  Уларга тегишли тартибда жавоб берилади. Айрим жавоб хатлари манзил топилмаганлиги иддаоси билан таҳририятга қайтиб келиши ҳолатлари ҳам бўлган. Мурожаат йўллаган фуқаролар қўнғироқ қилиб, мактубларининг тақдирини сўрашганида, биз уларнинг манзили ўзгаргани боис, жўнатган жавобимиз етиб бормай, қайтиб келганлигини тушунтирамиз. Аммо манзиллари ўзгармаганлигини айтиб, ҳайрон бўлган фуқаролар бизни ҳам ўйлантиради. Хусусан, ўтган йилнинг 26 январь куни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро Шаҳноза Қурбоналиева фирибгарликдан жабр кўргани, лекин ушбу ҳолат бўйича айбдор шахсга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаётганлиги юзасидан таҳририятимизга хат жўнатган. Ушбу шикоят аризаси ўрганилиб, 1 февраль куни тегишлилиги бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хат юборилган. Шу аснода муаллифга ҳам жавоб хати жўнатилган. Почта алоқа бўлими эса фуқаронинг  манзили топилмади, дея хатни 10 март санасида таҳририятга қайтариб юборади. Ваҳоланки, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари таҳририят томонидан жўнатилган хат асосида жабрланувчи билан боғланган ҳолда иш олиб бориб, шикоят аризада келтирилган шахсни топишган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатишган экан.

Тизимда бундай камчиликлар бўлиб туради-да, деган фикрга бормаслигингиз учун яна шу каби бир нечта ҳолатни келтириб ўтишни лозим топдик. Масалан, 2018 йилнинг 30 июнь куни таҳририятимизга Чуст туманида яшовчи фуқаро Зулфия Мирфатуллаеванинг йўллаган шикоят аризаси келди. Унинг мурожаати юқоридаги каби, қонуний тартибда кўриб чиқилиши учун таҳририят томонидан тегишли органга жўнатилди ва бу ҳақда муаллифга билдириш учун жавоб хати юборилди. Бу сафар ҳам ўша ҳолат: муаллифга жўнатилган хат орадан бир неча ўн кун ўтиб, «манзили топилмади» иддаоси билан таҳририятга қайтиб келди. Муаллиф билан телефон орқали боғланганимизда эса у манзили ўзгармаганлигини айтди.

Ёки, фуқаронинг муаммосига ечим излаб, вилоят прокуратураларидан бирига аниқ манзил кўрсатилиб мазкур вилоят прокурори номига юборилган хат орадан ўн кун ўтиб, “ушбу манзилда бундай киши истиқомат қилмайди” деган мазмундаги жавоб билан қайтиб келган. Бу ҳолатга куласизми ёки ачинасизми?

Айни вақтда почтачиларнинг аксарияти масъулиятини тўлиқ ҳис қилишига ишонч билдириш мушкул. Алоқа бўлимларининг масъуллари хатлар ортида одамларнинг тақдири бор-ку, деб ўйлаб кўришармикан?!

Ўргимчак «инкубатор»лари

Авваллари барча туман ва қишлоқ марказларида, маҳалла гузарларида почта қутилари бўлар, уларга ташланган хатлар кунда ёки кунора олиб кетилар ва манзилига етказиларди. Бугун бундай почта қутилари фақатгина алоқа бўлимларининг ўзида қолган, холос. Улар ҳам айни пайтда ўзига хат-хабар тушишини кутиб, ойлар давомида бўш турган бўлса, ажаб эмас. Айниқса, кўп қаватли уйларга кираверишда ўрнатилган почта қутиларидан бугун ҳеч ким фойдаланмаётганлиги сабабли, улар ўргимчаклар учун «инкубатор» вазифасини ўтамоқда.

Яхшики, айни вақтгача фақатгина давлат идоралари ва ташкилотлари Ўзбекистон почтасининг “ҳаминқадар” хизматидан фойдаланиб турибди, агар бу ҳам бўлмаганида, тизимда конверт ва хат каби иборалар аллақачон унут бўлган бўлармиди?

Унутилаётган мажбурият

Фикримизни даврий нашрлар борасида гувоҳ бўлаётган ҳолатлар асносида давом эттирамиз. Боиси, республикамиздаги босма нашрларни тарқатиш,  яъни газета-журналларни эгаларига етказиб бериш уларнинг зиммасида. Охирги пайтда нашр манзилга ўз вақтида ёки умуман етиб келмаётгани борасида обуначиларнинг қўнғироқлари кўпайди. Уларга таҳририят газетани фақатгина чоп этишини, тайёр нашрни обуначига етказиш билан эса почта, матбуот тарқатувчи ва мазкур фаолият тури билан аҳолига хизмат кўрсатаётган бошқа тадбиркорлик субъектлари шуғулланиши тушунтирилади. Мисол учун, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг маълумотига кўра, унинг ҳудудлардаги бўлинмаларига босма нашрларга обуна бўлиб, уни ўз вақтида ёки умуман ололмаётган фуқаролардан 2017 йилда 124 та шикоят тушган бўлса, 2018 йилда уларнинг сони 196 тани ташкил этган.

Баъзи ҳудудларда чоп этилган нашрларнинг бир нечта сони тўплангач, обуначига етказилаётган экан. Табиийки, бундай ҳолатда нашрнинг обрўсига путур етади. Тўғри-да, бугун чоп этилган газета бир ҳафтадан кейин обуначига етиб борса, унинг қадри қоладими?

Назаримизда, нашрларни эгасига етказиш масаласи умуман мониторинг қилинмайди. Обуна пуллари аллақачон “чўнтаги”га тушиб бўлган почта учун эгасига етказилмай тўпланиб ётган тахлам-тахлам газета-журналларнинг тақдири қизиқ эмас. Олдиндан хизмат ҳақини олган почта тизими таҳририятларнинг оёғига “болта” урмай, хонадонларга матбуот нашрларини вақтида етказиб берганида, балки ҳозир газеталарнинг адади бир неча баробар кўпроқ бўлармиди?

Йиллар давомида почта ва алоқа бўлимлари газеталарнинг обунаси ҳисобидан яхшигина даромад топиб келишган. Аммо бу даромадлар кимларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли топилгани ҳам кундек равшан.

Рақобатчи янги тизим

Демак, юртимизда почта тизими йиллар давомида ривожланиб, замон билан ҳамнафас одимлаш ўрнига, бир неча йил аввалги жойида қолиб кетган.  Почта хизматига эҳтиёж қолмадими ё унинг ўрнини бошқа замонавий хизматлар эгалламоқдами? Ундай дейдиган бўлсак, дунёнинг кўпгина давлатларидаги поч­та хизмати кўрсатиш сердаромад тизим эканлиги юқоридаги фикрни инкор этади. Агар бу тизим ўтган йиллар давомида замон билан ҳамнафас равишда ривожланиш йўлини босиб ўтганида, бугун почтадан фойдаланувчилар сони кўпчиликни ташкил қилган, фуқаролар ҳам бошқа кафолатланмаган хизматлардан фойдаланмаётган бўларди.

Айни вақтда жисмоний шахсларнинг каттагина қисми (деярли барчаси, десак ҳам янглишмаймиз) почта жўнатиш билан боғлиқ юмушларини ҳудудларга қатнайдиган хусусий таксилар орқали амалга оширмоқдалар. Тўғри-да, зарурат юзасидан бирор ҳужжат ёки буюмни бошқа ҳудудга почта орқали жўнатсангиз, бир неча кунда етиб боради. Агар таксида юборсангиз, ҳудудларнинг масофасига қараб, ҳайдовчилар бир неча соатда етказишмоқда.

Гувоҳи бўлганингиздек, айни вақтда фуқароларга хизмат қилаётган мазкур усул почта ва алоқа бўлимлариникидан бир неча баробар тезлиги сабабли ҳам одамларнинг ишончига сазовор бўлган. Бу яхши албатта, аммо… Танганинг иккинчи томонини ўгирсак, яна бир муаммо юзага чиқадики, ундан фақатгина фуқаролар жабр кўради. Чунки, мазкур хизматнинг ҳеч қандай ҳуқуқий кафолати йўқ. Ҳеч ким “Питак”да мижоз кутиб турган таксичиларнинг барчасига ҳам покдил, лафзида туради, дея кафолат бера олмайди. Фақатгина оғзаки келишувга асосланиб, пул, ҳужжат, буюмларни етказиб бериш ваъдаси билан одамларнинг омонатига хиёнат қилган кимсалар ҳам талайгина. Бундай ҳолатлар бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўплаб жиноят ишлари қўзғатилганлигига ҳам гувоҳ бўлганмиз.

Қоғозда қолаётган ижро

2018 йил 19 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технология­лари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган. Мазкур ҳужжатда почта алоқа хизматлари ва логистика тизимини модернизация қилиш, почта алоқаси миллий оператори фаолиятининг сифат жиҳатдан янги услубларини жорий этиш ва бозорда унинг фаолияти мавқеини оширишга доир таъсирчан чоралар кўрилмаётганлиги таъкидланган. Шу билан бирга, “Матбуот тарқатувчи” АКни белгиланган тартибда “Ўзбекис­тон почтаси” АЖга қўшиш масаласи маъқулланган. Шунингдек, ҳужжатда “Ўзбекистон поч­таси” АЖни чет эллик маслаҳатчиларни жалб қилган ва илғор халқаро тажрибани ўрганган ҳолда ислоҳ қилиш, почта алоқаси операторлари ва курьерлари тармоғини ривожлантириш, хорижда халқаро почта жўнатмаларининг алмашинув пунктларини ташкил этиш белгиланган. Мазкур ҳужжат қабул қилинганига бир йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, тизимда бирор-бир эътиборли ўзгариш сезилмади.

Бу каби ҳолатлар давом этаверса, келажакда почта орқали жўнатмалар эртакка айланиб қолмасмикан?! Мамлакатимиз Президенти раҳбарларни эскича ишлашдан воз кечиб, уйғонишга даъват этаётган айни пайтда, соҳа мутасаддилари тизим аянчли аҳволга тушиб қолмасидан аввалроқ тегишли хулоса чиқарадилар, деган умиддамиз.

Камолиддин АСҚАРОВ,

«Huquq»

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: