Home /   / Пичoқ кўтapгaн қaйнoнa

Пичoқ кўтapгaн қaйнoнa

Ҳаётда турфа тақдирлар учрайди. Сайёра бир ё икки эмас, нақ тўрт марта турмушга чиқди. Учинчи турмушидан орттирган қизи билан 2017 йилда Холиқ Хуррамовга тегди ва яна қизли бўлди.

Иккинчи гуруҳ ногирони Холиқ Хуррамовнинг вафот этган аввалги рафиқасидан уч ўғли бор эди. Уларнинг каттаси Полвон уйланган, пул топиш учун Россияга кетган, унинг хотини Руқия ва икки яшар ўғли ҳам шу ҳовлида яшарди.

Сайёранинг кичик қизи туғилганидан сўнг шундоқ ҳам унга ёвқараш қилиб юрадиган Руқия авжига чиқди. Уни қайнотасига ёмонлашдан ҳам тоймади:

– Сайёра болаларингизга ўгай она бўлади, уларга ўзининг фарзандидек қарамайди барибир…

Келин бу гапларни ўгай қайнонасининг олдида айтарди. Шундай қилиб Сайёранинг жиғига тегиб, ҳузур қиларди.

Бу орада Руқия Сайёранинг катта қизи Анорани ҳам турткилаб, «Сен отангга ўгайсан» деб камситишни бошлади. Шунда Сайёра чидай олмай унга ташланди:

– Ёмонлигинг бўлса, ўзимга қил, бегуноҳ боламга нима дейсан? – дея айтишиб олди.

Руқия рўзғорда ҳам бирор ишга қўл урмас, чошгоҳгача ухлар, устига-устак ўгай қайнонасини сенсираб, «Тентак, ифлос, ўгай, калланг ишламайди…» дея камситарди.

Охири тоқати тоқ бўлган Сайёра келинига қараб дағдаға қилди: «Уруғинг билан қуритиб юбораман!». Руқия эса унинг пўписасига жавобан кулиб қўя қолди…

Ўшанда ёзнинг сўнгги кунларидан бири эди. Эрталаб ўрнидан турган Сайёра катта қизига дори ичирди. Эри ҳам ўрнидан туриб, ювиниб, маҳалладаги таъзияга чиқиб кетди. Сайёра рўзғор ташвишларига уннади. Бир соатлардан кейин эри таъзиядан қайтиб, кийимларини алмаштирди ва далага ишга кетди.

Сайёра хамир қориди. Зувала ясаб, кўрпачага ўраб, тиндириб қўйди. Сўнг боғчага катта қизини қўйиб келди. Қайтиб келиб, кир ювди. Соат тўққизга яқинлашса ҳам келини Руқия ўғилчаси Алибек билан ухлаб ётарди. Агар бирон товуш чиқариб уларни уйғотиб юборса, ундан балога қолиши тайин эди.

Кир юва туриб келинига айтган «Уруғинг билан қуритиб юбораман» деган гапи яна хаёлига келди. Миясида келинидан ўч олиш фикри ғужғон ўйнай бошлади. Ғазаби қайнаб, ақлини енгди ва жиноятга ундади.

Дастлаб она-бола ётган даҳлиз тарафга секин юриб борди. Эшиги ёпиқ эди, ичкарига қулоқ солди, ҳеч қандай овоз эшитилмади, билдики, она-бола қотиб ухлаб ётишибди. Шундан сўнг аста ошхонага кирди. Пичоқни қўлига олиб, ортига қайтди.

Руқия Алибекни қучоқлаб, ухлаб ётарди. Қайнонасининг кирганини сезмади ҳам. Пашшахонанинг бир чети очиқ эди. Сайёра секин Руқиянинг бош томонидан борди. Унинг ёйилиб ётган сочларини чап қўли билан маҳкам чангаллади. Сўнг илкис бошини ортга тортди-ю… бўйнига пичоқ тортиб юборди. У қисқа вақт ичида жон берди. Қон Алибекнинг юзига сачраб, уни уйғотиб юборди. Бола кўзларини очиб, чириллаб йиғлай бошлади. Ғазаб исканжасида қолган Сайёра болани ҳам бир ёқлик қилди.

Болакайнинг очиқ қолган кўзлари ҳам Сайёрани сескантирмади… Аёл ўликларнинг устига мато ёпди. Руқиянинг хонасидан нам салфеткани излаб топиб, қўллари ва пичоқни артиб тозалади. Сўнг пичоқни Руқиянинг ёстиғи остига қўйди. У келинининг тунда қўрқмаслик учун ёстиғининг остига пичоқ қўйиб ётиши ҳақида айтганини эслаганди…

Салфеткаларни тандирга ташлади. Қўлларини офтобада ювди. Хонасидан тоза либос олиб, эгнини алмаштирди. Қон доғли кийимларини тандирга ташлаб, ёқиб юборди.

Бу орада бешикдаги қизи уйғониб қолди. Уни овутиб чиқди-да, ҳаммомга кириб ювинди. Шундан сўнг бамайлихотир боласини эмизди…

Жиноят очилмасдан қолмайди. Сайёра буни ҳеч ким билмайди дея янглишди. Терговда барчасига ойдинлик киритилди. Қотилнинг айбига иқрор бўлишдан бошқа чораси қолмади.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида 1980 йилда туғилган Сайёра Инатованинг жиноят иши кўрилди. У дастлабки терговда барча қилмишига иқрор бўлиб, тафсилотларни ипидан игнасигача ёзиб берди. Бироқ суд мажлисида қилмишига иқрор бўлмасдан, терговда босим остида айбини тан олганини айтди. Бироқ унинг мудҳиш жинояти суд мажлисида инкор этиб бўлмас далиллар билан ўз исботини топди.

Суд ҳукм ўқиди. Сайёра Инатовага 13 йилу 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Азамат МИРЗАЕВ,

Қашқадарё вилояти прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: