Тезкор хабарлар
Home /   / Пенсияга “стаж” қўшишнинг йўли борми?

Пенсияга “стаж” қўшишнинг йўли борми?

Онасининг пенсияга чиқиш ҳужжатларини тайёрлаш Ойбекнинг чекига тушди. Ўзини билган одам бундай кезларда волидаи муҳтарамасини овора қилгиси келмайди. Ҳар қандай расмиятчилигу югур-югурларни ўз зиммасига олади.

Ойбек Шамисев шу мақсадда туман идоралараро шахсий таркиб бўйича ҳужжатлар архиви идораси эшигини қоқди. Энг аввал учраган одами архив ходими Фарҳод Муродов бўлди. Ойбек онасининг иш стажи ҳақидаги маълумотномани кимдан олиши мумкинлигини ундан сўради. Фарҳод ариза ёзиб, икки юз минг сўм пул тўлаши зарурлигини тушунтирди. Ойбек аризани ёзди. Сўралган пулни ҳам нақд санаб берди. Фарҳод ариза ва пулни олиб қолиб, бир неча кундан сўнг хабарлашиши кераклигини айтди.

Орадан ойлар ўтиб, яна Фарҳоднинг ёнида ҳозир бўлган Ойбек “Маълумотнома тайёр бўлмадими”, — дея сўради. Бироқ жавобдан унинг кўнгли хира торт­ди. Фарҳод уни устози, архив фонд сақловчиси Муродилло Тўхтамуродов билан таништириб, аризаси бўйича шу одам кўмаклашишини тушунтирди.

— Онангизнинг пенсияси учун “стаж” қўшиб, маълумотнома бераман, бир ярим миллион бўлади харажати, — деди М.Тўхтамуродов пешона терини сўраётган уста сингари киприк қоқмай.

Ойбек қаттиқ аччиқланди. Бироқ аламини вақтинча ичига ютишга мажбур бўлди.

— Қассоб жиянимга мол сотган эдим, — деди у архив ходимига. — Пулини етказиб бериши билан обкеламан. Фақат, юз минг ўтасиз…

“Ҳожатбарор” рози бўлди. Эртаси куни сабри чидамай бировнинг телефонидан Ойбекка қўнғироқ қилиб, пулни тезроқ олиб келишини тайинлади. Ойбек ҳам узоқ ҳаялламасдан, бироз вақтдан сўнг қўнғироқ қилиб, пул тайёрлигини айтди. Муродиллонинг рангига қизиллик югурди. “Мижоз”га яқин ўртадаги чойхонада учрашишни айтди.

Чойхонада бир стол атрофида чақчақлашиб ўтирган бу икки одамни кўрганлар эски қадрдонлар деб ўйлаши табиий эди. “Бир пиёла чой”дан сўнг Муродилло Ойбекдан “пулни олиб келдингми“, деб сўради. Ойбек жавоб ўрнига қора рангли пакетни стол устига қўйди. Муродилло пакетни очиб, пулларнинг қатини санади. Ва чўнтакларига бўлиб жойлади. Бироқ ишхонасига қайтиш, “мижоз”и учун маълумотнома тайёрлаш унга насиб этмади. Уни ўша чойхонанинг ўзида жиноят устида қўлга олишди.

Жиноят ишлари бўйича Миришкор туман судининг ҳукмига кўра Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан Муродилло Тўхтамуродовга бир йил муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдор шахс вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 2 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Архивлар мозий кўзгуси эканлигини эрта-индин ўзи пенсияга чиқай деб турган,  шу соҳанинг бир неча йиллик ходими Муродилло Тўхтамуродов бош­қалардан кўра яхши биларди. Яхши-ю ёмон амаллар бир кун келиб одамлар хотирасидан ўчиб кетиши мумкиндир. Бироқ ҳужжатлар шафқатсиз, бежизга “хатга тушдинг — ўтга тушдинг”, демайди халқимиз. Шу жумладан, жиноят доғини ҳам хотирадан ва ҳужжатлардан ўчириб бўлмаслиги барчага аён ҳақиқатдир…

 

Равшан ХУРРАМОВ,

Қашқадарё вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: