Home /   / Қозонхона бошлиғи пора таклиф қилди

Қозонхона бошлиғи пора таклиф қилди

57 яшар Алижон Қаюмов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам беш марта судланган. Ўзлаштириб талон-тарож қилиш, фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги, ҳужжатларни сохталаштириш, давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, пора олиш жиноятларини содир этган. Одатда рецидивистлар Жиноят кодексини сув қилиб ичиб юборишади. А.Қаюмов пора олиш каби пора бериш ҳам жиноий жавобгарликни келтириб чиқаришини яхши билган. Била туриб пора бериш эвазига галдаги жиноий қилмишини хаспўшламоқчи бўлди.

Фарғона вилоят «Иссиқлик манбаи» ишлаб чиқариш бошқармаси мансабдор шахсларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида ҳужжатли тафтиш ўтказилди. Унда корхонанинг РК-3 қозонхонасида 66 метр шевеллер йўқлиги аниқланди. Қозонхона бошлиғи А.Қаюмов Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими инспектори М.Ризаевни хонасига таклиф қилади. Камомадни теккислатиб берса, хизматини қилишини айтади. Унга такрор учраб, тафтиш далолатномасида камомадни кўрсатмаслик эвазига 1000 АҚШ доллари беришни ваъда қилади.

Инспекторнинг қозонхона бошлиғи камомадни кўрсатмаслик учун пора бермоқчи бўлаётгани ҳақидаги аризасига биноан тезкор тадбир ўтказилди. Департаментнинг шаҳар бўлими биносида, инспектор М.Ризаевнинг хизмат хонасида унга 1000 АҚШ доллари берган А.Қаюмов ушланди. Аллақачон виждонини пуллаб юборган, сувдан қуруқ чиқишга умид қилиб, моддий бойликлар камомадини пора бериш эвазига беркитмоқчи бўлган қозонхона бошлиғи бошидан совуқ сув қуюлгандай, стулга чўкди.

Суд А.Қаюмовга моддий жавобгарлик билан боғлиқ мансабларда ишлаш ҳуқуқи­дан маҳрум этган ҳолда 10 миллион 136 минг сўм жарима жазосини тайинлади. 1000 АҚШ доллари давлат фойдасига ўтказилди.

Шерзод Ўрмонов,

Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси катта инспектори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: