Home / Жиноят ҳақиқати ва адолати / «Ҳожатбарор» тадбиркор

«Ҳожатбарор» тадбиркор

Саид Мансуров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2014 йилда Косонсой тумани «Ровот» МФЙ ҳудудида оилавий корхона ташкил этиб, ёғочни қайта ишлаш ва сотиш билан шуғуллана бошлади. 2015 йилда фаолиятини кенгайтириш мақсадида туман ҳокимлигига мурожаат этгач, унга сил касалликлари шифохонаси ёнидан 0,6 га ер ажратиб берилди. Албатта, бир йил ичида қурилиш ишларини якунлаш шарти билан.

Бундай имконият ҳамма тадбиркорга ҳам насиб этавермайди. Ахир ер сўраб эшикма-эшик юрганлар қанча?! Афсуски, С.Мансуров бунинг қадрига етмади. Чўнтаги кўтармагани, кутилмаган харажатлари кўпайиб кетгани учун қурилишнинг бир қисмини якунлай олди холос. Ернинг қолгани эса бўш туриб қолди.

2019 йилнинг сентябрь ойида унга қариндоши Исмоил қўнғироқ қилиб, тадбиркорлик қилиш учун сотиладиган ер бор-йўқлигини сўраб қолди.

– Бир киши ерингизга жуда қизиқиб қолди, – деди Исмоил. – Телефон рақамингизни беришдан олдин ўзингиздан бир сўрай дегандим…

– Бемалол, – бамайлихотир жавоб қилди Саид. Чунки кўпдан буён пайтавасига қурт тушиб, шу бўш турган ерни пулламоқчи бўлиб юрганди. – Эртага келса, ерни ҳам кўрсатаман…

Келишилганидек, эртасига харидор йигит қўнғироқ қилгач, улар Ровот маҳалласида – унга ажратилган ер яқинида учрашишди.

– Мана шу майдон менга тегишли, – деди Саид. – Ўзим қурилиш қилмоқчи эдим, аммо ишларим бироз орқага кетиб, ўйлаганларимни қилолмадим. Айтганча, бу ерда нима қуришни режалаштираяпсиз?

– Мен эмас… Битта ҳожи ака бор, танишим… Ишларига қарашиб юраман. Ер шу кишига керак… Банкдан олти миллиард сўм кредит олинган. Ниятимиз – тўртта ҳудудда ишлаб чиқариш биноси қуриш. Чуст ва Норинда икки бинонинг қурилишини бошлаганмиз. Агар шу ернинг савдосини келиша олсак, октябрь ойи охиригача яна бир тикувчилик цехи қурилишини бошлаб юборардик.

– Унда бундоқ қиламиз, – деди Саид мамнун ҳолда қўлларини бир-бирига ишқалаб. – Ернинг қарори менинг номимга чиққан. Кадастр ҳам менинг номимга чизилади. Кейин кадастрдаги танишларим орқали ўн сотихини сиз айтган одамнинг номига ўтказиб бераман. Фақат бунинг учун 4500 доллар бериш керак уларга. Агар маъқул келса… Ернинг сотихи эса 1200 доллардан бўлади…

Харидор йигит ҳожи акага қўнғироқ қилиб, Саиднинг шартларини айтди. Нарх борасида бироз тортишишгач, кадастр харажатлари учун 4000 доллар, ернинг бир сотихи учун 1200 доллар берадиган бўлишди.

Орадан бир ҳафта ўтгач, харидор йигит Саидга қўнғироқ қилиб, уни ҳамроҳи билан «Гўрмирон» МФЙ ҳудудидаги ошхонада кутиб ўтиришганини айтди.

Саид ичкарига кириб борганида ўша йигит 35 ёшлардаги шериги билан ўтирарди.

– Бу киши ҳожи аканинг ўғиллари… Олди-бердини шу киши қилади, – дея уни таништирди.

Салом-аликдан сўнг меҳмонлар муддаога ўтишди:

– Ернинг ҳужжатлари жойидами ишқилиб?

– Бу укамга айтганман, қарор менинг номимга чиққан. Ҳужжатларда асло муаммо бўлмайди, кадастрдаги йигитлар ўзимизга қарашли. Айтилган пулни берсак бас…

– Унда келишдик!

Харидорлар Саидга бир даста доллар узатишди:

– 4000 доллар… Санаб олинг.

Саид мамнун ҳолда пулни санашга киришди. Бироқ қувончи узоққа чўзилмади. Рўпарада пайдо бўлган кишиларни кўриб, ҳаммасини тушунди…

С.Мансуровга ушбу жинояти учун суд уч йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

 

Ғайратжон ЭРГАШЕВ,

департаментнинг Косонсой тумани бўлими суриштирувчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: