Home / Жиноят ва жазо / Ҳовучлаб совурилган обрў

Ҳовучлаб совурилган обрў

Обрў мисқоллаб йиғилади, ҳовучлаб совурилади, дейдилар. Сардор Сапаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган)га Ҳазорасп туманидаги банклардан бирида бўлим бошқарувчиси лавозимига етгунга қадар, анча меҳнат ва машаққат чекишига тўғри келган. Унга ишониб, масъулиятли лавозимни топширишди. Сардор эса бу ишончни поймол қилди.

Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан томорқалардан самарали фойдаланиш, аҳоли хонадонларида иссиқхоналар барпо этиш, одамларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган эътибордан С.Сапаев ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишга уринди. Аҳолига мева ва гул кўчатлари етказиб берувчи МЧЖ ташкил қилди-ю, корхонанинг ҳужжатлардаги раҳбарлигини бошқа шахснинг зиммасига юклади. Тумандаги 20 нафар фуқарога иссиқхона қуриб бериш учун МЧЖнинг ҳисоб рақамига ўзи раҳбарлик қилаётган банкдан 11 нафар фуқаро учун, бошқа банк филиалидан эса 9 нафар фуқаро учун жами 47 миллион 750 минг сўм пул ўтказилишига эришди.

Кейин тумандаги «Томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари ҳузурига бориб, 20 нафар фуқарога иссиқхона қуриб беришни сўради. Унга олдиндан 19 миллион 500 минг сўм бериб, қолган маблағни иссиқхоналар битганидан ке­йин беришини айтди. «Томорқа хизмати» МЧЖ дарҳол ишга киришиб, иссиқхоналарни қуриб-битказди. Аҳоли улардан фойдаланишни бошлади. Бироқ, «Томорқа хизмати» МЧЖга тўланиши керак бўлган 28 миллион 250 минг сўм пулни тўлашни пайсалга сола бошлади.

Фақат бу эмас. С.Сапаевдан пластик карточкасидаги 22 миллион сўмни нақдлаштиришда ёрдам сўраган фуқаро Р.Раҳимов ҳам чув тушди. Гарчи пуллар нақдлаштирилган бўлса-да, С.Сапаев уни эгасига беришга шошилмади. Ҳар сафар турли баҳоналар билан пулни беришни рад қилиб келди.

Тумандаги «Зайниддин-Полвон» фермер хўжалиги раҳбари Д.Аминов ҳам С.Сапаевнинг ёлғонига учиб, “аттанг”, деб қолди. “Ҳисоб рақамингиздаги 6 миллион 800 минг сўмни ечиб олиб, менга бериб турсангиз, эвазига икки тонна шоли ўтказиб бераман”, деган ваъдага лаққа ишонган фермер чек қоғозига қандай имзо чекканини ўзи ҳам билмай қолди. Орадан вақт ўтаверди. Пул ҳам қайтмади, шоли ҳам берилмади.

“Ёлғоннинг умри қисқа”, дейди халқимиз. Фирибгарлик эвазига ўзгалар ишончига кириб, уни суиистеъмол қилган банк бошқарувчисининг ҳолига вой. Унга қилмишлари учун одил суд олдида жавоб беришига тўғри келди. Ўзлаштирилган пуллар қайтарилиб, С.Сапаевнинг эса обрўсидан айрилгани ва тегишли жазога тортилгани қолди.

Жасурбек ҚУРБАНОВ,

Ҳазорасп туман прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: