Home / Жиноят ва жазо / OВ БAPOPИДAН КEЛМAДИ

OВ БAPOPИДAН КEЛМAДИ

Муҳиддин маҳалласидаги Ғулом аканинг уйида ва ем сотиш шохобчасида юмушларни бажариб пул топарди. Емхонага келадиган юкларни тушириш жуда машаққатли эди. Шу боис куз келгач, отаси унга бу ишни йиғиштиришини, Ғулом жуда кам ҳақ бераётганини айтиб, ундан кўра уйдаги ишларни қилиб юришини тайинлади.

Муҳиддин Ғулом акага бу гапларни етказиб, ундан рухсат сўради.

– Бугун яна ўн тонна ем келади, – деди Ғулом ака. – Шуни туширишга ҳам ёрдам бер, кейин кетаверасан…

Муҳиддин рози бўлди. Емни туширишгач, уйига кетди.

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, ўзича Қаршини айланиб келишни режа қилди. Мусиқа эшитадиган қулоқчин сотиб олмоқчи бўлди. Тўрт ойча аввал қўшниси Илҳомга 150 минг сўм қарз бериб қўйган эди. Шуни сўраб чиқди.

– Мен якшанба куни машинамни бозорга олиб чиқиб сотмоқчиман, – деди Илҳом. – Сотсам, сенинг пулингни ҳам қайтариб бераман, агар пулинг бўлса бериб тур, мен кредитимни тўлашим керак, якшанба куни ҳаммасини қайтариб бераман…

– Қанча керак? – туяси қалъага қатнаб ётган бойваччадай керилди Муҳиддин.

– Қанча бўлса беравер, бозор куни оласан…

– Бўпти, кечқурун етти юз ё саккиз юз минг топиб бераман… – ваъда бериб юборди Муҳиддин қулоқчинга ҳам пули йўқлигини унутиб.

Уйига бориб, ер ағдариб, уни экин экишга тайёрлаб қўйди. Оқшом пайти зерикиб, мактаб стадионига бориб, футбол томоша қилди. Уйига қайтаётиб, Ғулом аканинг уйи ёнидаги «мойка»га бурилди. У ердаги қишлоқдошлари билан ярим соатча гурунглашиб ўтирди.

Қараса, Ғулом аканинг дарвозасига қулф осилган экан. Демак, уйда ҳеч ким йўқ. Муҳиддиннинг кўнглига шум ният оралади.

Уйнинг орқа томонига ўтиб, темир дарвоза эшиги ип билан боғлаб қўйилганини кўрди. Атрофда ҳеч ким йўқлигига амин бўлгач, шу дарвозадан ҳовлига кирди. Ёғоч каравот устига тўшалган гиламни кўтариб қаради. Гилам остида Ғулом акага тегишли «Кобальт» автомашинаси ва емхонанинг калитлари, шохобчанинг қарз дафтари турган экан. Гиламни яна четроқ сурди. Яна бир шода калит кўринди.

Калитлардан бири билан кароват ёнидаги асосий даҳлизнинг эшигини тимирс­киланиб очди. Очиқ турган ичкари хоналардан ҳеч вақо тополмади. Рўпарадаги хона қулфлоғлиқ экан. Эшикнинг икки кўз ойнасини синдириб, ичкарига кирди. Ичкарида мева солишга мўлжалланган саватча ва ёғоч сандиқчада пуллар сочилиб ётганини кўрди. Ови бароридан келганидан қувониб, пулларни қўлига илашган пакетга тиқа бошлади.

Уйига боришга қўрқди. Қишлоқ чеккасида ўзлари маккажўхори эккан ер бор эди. Ўша жойга бориб, нафасини ростлади. Тимирскиланиб, пулнинг орасидан 20 та эллик мингталикни олиб, қўйнига тиқди. Сўнг пакетни маккажўхори орасига яшириб қўйди…

Уйга қайтгач, қўшниси Илҳомга қўнғироқ қилиб, Қарши шаҳрига бирга бориб келса, бир танишидан пул олиб беришини айтди. Қўшниси машинада келгунга қадар Қаршида яшовчи таниши Мунисага қўнғироқ қилди. Гурунг орасида Муниса ундан боласига кийим олиш учун 250 минг сўм сўради. Муҳиддин ҳозир олиб бориб беришини айтди.

Шаҳарга боргач, Муниса билан учрашиб, у сўраган пулни қўлига тутқазди. Сўнг унга Илҳомнинг ёнида пулимни қачон қайтарасан деб сўрашини тайинлади. Муниса унинг айтганини қилди. Ўз навбатида Муҳиддин Илҳомдан пулни қачон қайтаришини сўради. Илҳом бир ҳафтада қайтаришга ваъда берди. Хуллас, Муҳиддин ўзини Мунисадан пул олгандек қилиб кўрсатишнинг уддасидан чиқди.

Уйга қайтиб, машинадан тушаётган вақтида қўшниси Илҳомга 750 минг сўм  қарз берди.

Озроқ вақт ўтиб, уйига Ғулом ака кириб келди. Муҳиддин сир бой бермасликка тиришса ҳам, ранги оқариб кетди. Ғулом ака яна юк келганини айтиб, ёрдам сўради ва уни уйига олиб кетди.

Уйга боргач эса хонадонига ўғри кирганини айтиб, уни қистовга олди. Қўрқиб кетган Муҳиддин аввалига тониб туриб олди. Бироқ Ғулом ака ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилганидан сўнг айбини тан олишга мажбур бўлди…

Аниқланишича, Муҳиддин Маҳмудов маҳалладоши Ғулом Рўзиевнинг уйидан 20 млн. сўм пул ўғирлаб чиққан экан.

Муҳиддин судгача Ғулом акага етказган зарарини тўлади. Жабрланувчи ҳам унга бошқа даъвоси йўқлигини маълум қилди. Суд ҳукмига кўра Муҳиддинга иш ҳақидан 10 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш жазоси тайинланди.

Осонгина бойлик топиш борасидаги хомхаёл мана шундай аянчли якун топди…

Ботир МЎМИНОВ,

Миришкор тумани прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: