Home / Жиноят ва жазо / Қотил қизнинг қонли қасоси

Қотил қизнинг қонли қасоси

Қадимдан аждодларимиз бола тарбиясига жуда катта эътибор берганлар, айниқса, қиз бола тарбияси ва камолоти ҳақида кўпроқ қайғурганлар. Зеро, нозик хилқатнинг нозик тарбиясида хатога йўл қўйилса, оқибати хунук бўлиши мумкин.

– Қаерда юрган бўлса Анваринг? – Омонулла ака (исм-фамилиялар ўзгартирилган) кечқурун дастурхон бошида хотинига зарда қилди. – Суриштирмаган  жойимиз қолмади.

– Ўзи келиб қолар, – деди хотини Шодмоной опа. Сўнг келинига буюрди:

– Келин, гараждан битта стул олиб келинг…

– Анваржоннинг машинаси шу ерда-ку?.. – гараж томондан Зубайда келиннинг баланд овози эшитилди. Омонулла ака гараж томон югурди. Қолганлар ҳам унга эргашди. Гараж ҳовли томонидан ойнали эшик ва дераза билан тўсилган эди. Ойнадан ичкаридаги “Nexia” кўринди. Омонулла ака эшикни тортди. Бироқ у ичкаридан қулфлоғлиқ эди. Ҳовлиққанча гараж дарвозасига айланиб борди. Дарвоза ҳам ичкаридан тамбаланган экан. Омонулла ака аввал роса тақиллатди, жавоб бўлмагач, дарвоза остидан бармоқларини тиқиб илгакни кўтарди. Ичкарига киришганида… машинанинг тўрт эшиги ҳам ланг очиқ, Анварнинг гавдаси боши пастга осилганча орқа ўриндиқда турар, ерда қон ҳалқоб бўлиб қотганди. Унинг ёнида эса қандайдир қиз устибоши қонга беланиб, ҳушсиз ётарди. Омонулла ака даҳшатдан қотиб қолган бўлса-да, қизнинг кўзлари бир зум очилиб юмилганини сезди.

Шодмоной опа саросима ичида қичқириб юборди. Сўнг қизни кўриб “Вой ўлмасам, Муборак-ку…” деб чинқирди.

Бир зумда гаражда хонадон соҳибларининг яқинлари ва шовқин-сурондан хавотирга тушган қўшнилар тўпланишди. Шодмоной опанинг фарёди барчани зир титратди…

*  * *

Анвар Муборак билан танишганида у мактабнинг 8-синфида ўқир эди. Романтикага ўч бўладиган ёшдаги қизнинг кўнглини олиш ундан анча катта, келишган йигитга унча қийинчилик туғдирмади. Йигит севишини айтганида Муборакнинг кўзлари ҳам қувончдан чақнаб кетди ва инон-ихтиёрини унга топширганини билмай қолди…

Муносабатлар чуқурлашди. Ҳали мактаб партасида ўтирган Муборакка ўз хотинидай муомала қиладиган Анвар уни тергагани тергаган эди. Муборак ҳам уни ҳаммадан қизғанарди.

Қиз тўққизинчи синфни битирганидан сўнг Анвар унга уйланмоқчи эканини онасига айтди. Шифохонада даволанаётган Муборакни кўриб қайтган Шодмоной опага бу таклиф ёқмади. “Ҳали ёш бола-ку…” деб қўя қолди.

Анвар аввал иккиланди. Сўнг уйидагиларнинг янги таклифига –Тошкентдаги қариндошларининг қизи Фаридага уйланишга рози бўлди. Бундан хабар топган Муборак роса тўполон кўтарди. Анвар муносабатларидан хабардор бўлган қизнинг онасига қўнғироқ қилиб, “Қизингиздан эҳтиёт бўлиб туринг, ўзини бир нарса қилиб қўймасин” деб тайинлади. Муборак эса жазава ичида йигитга “ҳамма нарсани бузвораман, ишонинг, менга ҳам, бошқага ҳам уйланмайсиз, гапимга жавоб бераман”, “…мен сизга яна айтаман, ҳеч нарса бўлмайди, ишонинг, бўлган куни сиз йўқ бўласиз, қўлимдан келади, жавоб!” деган смс-хабарлар юбориб, ўз шартларига кўнмаган тақдирда уни ўлдиришини очиқдан-очиқ баён қилди.

Анвар бир оғайнисидан маслаҳат сўраб Муборакни учрашувга чақиртирди. Муборак телефон рақамини алмаштирган Анварнинг янги рақамини олиш баҳонасида у билан учрашди. Аммо у Анварнинг рақамини бермади. Анвар эса шу баҳонада Муборакни бош­қалар билан учрашиб юрганликда айб­лаб, жанжаллашди.

Август ойи эди ўшанда. Соат ўнларда Анварнинг машинасида у яшайдиган уйга келишди. Гараждаги машина ичида дастлаб одатга айланган “висол онлари”, сўнг даҳанаки жанг давом этди.

– Мен Фаридага уйланаман, сен ҳам бирортасига тегарсан, – деди Анвар.

– Шу аҳволда-я? – Муборакнинг тепа сочи тикка бўлди.

– Нима қипти? – илжайди Анвар. – Дўхтирга борасан, пулини берсанг, бир зумда операция қилиб, бокира қилиб қўяди…

– Бормайман ҳеч қандай дўхтирга, – деди Муборак жаҳл билан.

Жанжал яна давом этди. Анвар қизга тарсаки туширди. Қиз эса уни тепиб, тирнаб ташлади. Сўнг орқа ўриндиқда ўзига тескари қараб, чўккалаб ўтирган йигитни елкасидан кучининг борича итариб юборди. Анвар машина эшигига юзи билан урилиб, ҳушини йўқотди. Жазавага тушган Муборак унинг сочидан тортиб, бошини машина эшиги остидаги кузовга тинимсиз ура бошлади. Юзи моматалоқ бўлиб кетган Анварнинг бурнидан тирқираб қон оқса ҳам қиз тўхтай демасди.

Охири Анвар тинчиб қолди. Муборак унинг тинимсиз жиринглаётган телефонига жавоб беришни хаёлига ҳам келтирмади. Аксинча, йигитнинг ўлимини кутиб ўтирди.

Анварнинг танасини ушлаб кўриб, ўлганига ишонч ҳосил қилгач, ўзича қотиллик сценарийсини саҳналаштира бошлади. Ўзини Анварнинг ҳаракатларидан жабрланган қиз сифатида ҳамда уни кимдир қасддан ўлдириб кетгандек кўрсатиш учун йигитнинг бурнидан оққан қонни эгнидаги кўйлагининг олдига суртди. Жасаднинг боши осилиб турган машина эшиги остига гўё ҳушидан кетган каби ётиб олди…

* * *

Жиноят ишлари бўйича Деҳқонобод тумани судининг Ғузор туманида бўлиб ўтган суд мажлисида мазкур қотиллик тафсилотларига ойдинлик киритилди. Мажлисда ҳозир бўлганлар ҳали ўн олтига ҳам кирмаган муштдеккина қизнинг қотил эканига ишонгилари келмаган бўлса ажаб эмас…

Маълум бўлишича, 2003 йилда туғилган Муборак Анорбоева мактабнинг 9-синфини тамомлаган. Ғузор туманида яшаган.

Суд мажлисида Муборак айбига иқрор бўлмасдан, Анвар уни зўрлаганини, беҳаё суратларини ижтимоий тармоқда тарқатиб юбориш билан таҳдид қилганини, шу сабабли уришиб кетишганини, йигит унинг бошини машина эшигига урганидан кейин ҳушини йўқотганини, қотил ким эканини билмаслигини маълум қилди.

Бироқ судда тингланган гувоҳлар, экспертиза хулосалари ҳамда тўпланган бошқа бир қатор далиллар орқали ўзини маъсума қилиб кўрсатаётган қиз Анварнинг қотили экани ўз исботини топди.

Суд ҳукмига кўра Муборак Анорбоевага 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

…Қизлар таърифида қанчадан-қанча шоҳ байтлар айтилмаган. Шоирнинг “Қаро қошинг, қалам қошинг, қийиқ қайрилма қошинг қиз…” деган гўзал сатр­ларини ўқиган бўлсангиз керак. Бир ўйлаб кўринг-а, бу сатрлар ёнига “қотил қизнинг қонли қасоси” деган даҳшатли жумлани қўйиб бўладими?

Бу жиноятнинг туб илдизи нимада деб ўйлайсиз? Бизнингча, энг аввало лоқайдликда. Оиладаги тарбиянинг издан чиқиши мана шундай даҳшатли оқибатга олиб келди. Анвар айни нав­қирон ёшида жувонмарг бўлмаслиги ҳам мумкин эди… Ўн беш ёшида қотил деган ном олган Муборак ҳам келинлик либосини кийиб, бахтли бўлиши мумкин эди… Уларнинг ота-оналари ҳам бошлари эгилмасдан, орзу-ҳаваслари рўёбини кўришлари мумкин эди…

Лазиз Ҳамроев,

Деҳқонобод тумани прокурори

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: