Home / Жиноят ва жазо / Қoтил ëллaгaн aëл

Қoтил ëллaгaн aëл

Аввало ният тўғри бўлиши керак. Мақсадга етишиш учун сабр ҳам лозим. Нияти тўғри бўлмаган одам сабр қилолмайди.

Мунира 1995 йили оиласи билан Самарқанд шаҳри Беруний кўчасидаги кўпқаватли уйлардан бирига кўчиб келди. Бу ерда 15 йилга яқин яшади. Шу йиллар давомида қўни-қўшни, маҳалла-кўйга аралашиб ўзига яраша ҳурмат қозонди. Айниқса, Любовь хола исмли қўшниси билан жуда яқин бўлиб қолишди.

Яқин қариндошларидан ҳеч кими йўқ Любовь Иванова ёлғиз яшарди, бунинг устига анча ёшга бориб қолган. Бундай кишилар меҳрга зор, озгина бўлса-да моддий ёрдамга муҳтож бўлади.

Мунира бирор егуликми, кечки овқат кўтариб Любовь холанинг уйига кўп кирар, иккаласи соатлаб гаплашиб ўтиришарди. Ёрдам керак бўлиб қолса, пул-мулдан ёрдам берарди. Шу зайл йиллар ўтди. Любовь холанинг уйи кимга қолиши масаласини Мунира ҳар замонда гап орасида қистириб ўтарди, лекин Любовь хола эътибор бермасди. «Маслаҳатлашамиз» деб қўя қоларди. Мунира аста-секин гапни жиддийлаштириб борди:

– Сиз вақти келиб оламдан ўтсангиз, меросхўрингиз бўлмагани учун уй давлатга ўтиб кетади. Кейин кимлардир фойдаланиб қолади. Келинг, ундан кўра мен сизни умрингиз охиригача парвариш қиламан, моддий таъминлайман, касал бўлсангиз даволатаман. Хуллас, бир фарзанддай хизмат қиламан. Эвазига сиз уйни менга мерос қолдирсангиз, – деди.

Любовь хола кўп ўйлади. Орада ойлар, йиллар ўтди. Бу орада Мунира меҳрибончиликни кучайтириб борди. 2009 йилда Самарқанд туманидан ҳовли сотиб олиб, оиласи билан кўчиб кетди. Лекин алоқани узмади, тез-тез бозор-ўчар қилиб, хабар олиб турди.

Хуллас, Любовь хола унга ишонди. 2016 йилда Любовь Иванова уйини вафотидан кейин Мунирага мерос қолдириш тўғрисида васиятномани нотариус орқали расмийлаштирди.

Мунира ниятига етганди. Энди кампир оламдан ўтса бас, яна битта уйли бўлади. Фақат кампир ҳали-бери ўладиган эмас. Орадан йиллар ўтди. Мунира Россияга ишлагани кетди. Ўша ёқдан Любовь холага оз-оздан пул жўнатиб турди. Келганида бозорлик қилиб, ҳолидан хабар олди. Муносабатлари ўзгармади.

Васиятнома расмийлаштирилганидан сўнг ҳам уч йил ўтдики, кампир тирик. Бу аста-секин Муниранинг асабига тега бошлади. «Бу кампир ўладиганга ўхшамайди!» дерди ўзига ўзи.

Любовь хола жуда кексайиб қолган. Уйидан чиқмайди, эшигини ҳам бировга очмайди. Фақат Мунира билан телефонда гаплашиб туради, холос. Мунира ҳам кўп пул бераётгани йўқ, ойига ўртача 100 000 сўмдан жўнатиб турарди.

Мунира Россиядан бу галги келишида яна Любовь холани кўргани борди. Уйни кўздан кечирди, уста чақириб, таъмирлатмоқчи бўлди:

– Бизникида бирга яшаб турасиз, уйни капитал таъмирлаймиз. Кейин маза қилиб яшайверасиз, – деди.

Любовь хола кўнмади.

– Мени безовта қилма, мендан кейин хоҳлагандай таъмирлайсан, – деди.

Шундан кейин Муниранинг кайфияти бузилди.

«Ўзи чумчуқнинг жонидай жони бўлса, ўлдиртириб юборсам-чи?» деган машъум ўй хаёлини чулғаб олди. Аввалига қўрқинчли туюлган бу фикр аста-секин қатъийлашиб борди. Худди бошқа чораси йўқдек, шундай қилмаса уйни ололмайдигандек безовта бўлаверди.

Ниҳоят қатъий қарорга келгач, одам ўлдириш қўлидан келадиган ёлланма қотил излай бошлади. Бу гапни ҳаммага айтиб бўлмайди, ҳамма ҳам одам ўлдиришга рози бўлавермайди. Роса ўйлади, ниҳоят Россияда қамоқ жазосини ўтаб қайтган бир киши ёдига тушди. Россия қамоқхонасини кўрган одам пул учун ҳеч нарсадан қайтмайдиган ваҳший бўлади деб тасаввур қилди.

Шуҳрат ака Россияда тасодифан бир жанжалга аралашиб қолиб, бир йилга қамалган. Жазони ўтаб келгач, машинасида юк ташиб, тинчгина тирикчилик қилаётган эди. Мунира уни излаб топди:

– Шуҳрат ака, сизга бир жиддий таклиф бор, – деди Мунира салом-аликдан сўнг.

– Қўлдан келса хизматдамиз, – деди Шуҳрат ака машинасига бир қараб қў­йиб.

– Сизнинг қўлингиздан келади, – деди Мунира ишонч билан. – Бир кекса кампирни ўлдириш керак.

– Нима?! Ўйлаб гапираяпсизми?! – Шуҳрат ака бир сапчиб тушди. Кўзига қамоқхонанинг панжаралари кўриниб кетди. – Одам ўлдириш ҳам катта гуноҳ, ҳам катта жиноят. Бу фикрни каллангиздан чиқариб ташланг. Менга бу гапни айтмадингиз, мен эшитмадим.

– Шуҳрат ака, ёшлигингиздан жуда чапани эдингиз. Сизнинг қўлингиздан келади, – Мунира кўндиришга ҳаракат қила бошлади. – Минг доллар бераман.

– Мен бунақа ишларга аралашмайман, ақлимни еганим йўқ, сиз ҳам бу гапни эсдан чиқаринг. Бу яхшиликка олиб келмайди.

Мунира кўп ялинди, Шуҳрат ака кўнмай кетиб қолди. Мунира кейинчалик ҳам икки-уч марта уни кўндирмоқчи бўлди, нархни ҳам 2000 долларга чиқариб кўрди, фойдаси бўлмади.

Мунира бошқа одам излай бошлади. Синглиси оиласидан ажрашган киши билан турмуш қурганди. Ўша одамнинг аввалги турмушидан Фарҳод исмли ўғли бўлиб, у ҳам Россияда жиноят содир қилиб, жазо ўтаб келган эди. Мунира Фарҳодни излаб топди.

– Фарҳод, нима иш қилаяпсиз?

– Ҳозирча бекорман, – деди Фарҳод. – Лекин иш излаяпман.

Мунирага шу гап керак эди:

– Мен сизга иш топиб бераман. «Волга» олиб бераман, юк ташиб пул топиб юрасиз. Фақат олдин менинг бир илтимосимни бажаришингиз керак.

– Хўш?.. – қизиқиб қолди Фарҳод.

– Бир кампирни ўлдириш керак. Олдиндан 500 доллар бераман. Ишни бажарганингиздан кейин яна 600 доллар бераман.

Фарҳод ўйлаб кўришини айтиб кетди. Кейин яна бир-икки марта телефонда гаплашишди. Кейинги учрашганларида Мунира Фарҳодга 200 доллар аванс берди. Манзилни тушунтирди.

– Кампир бегонага эшикни очмайди. Сиз шаҳар газ идорасиданман деб боринг, – деди Мунира.

Фарҳод Мунира ортимдан одам қў­йиб кузатаётган бўлса керак деб ўйлади ва манзилга борди. Эшикни тақиллатди. Любовь хола эшикни очмади.

Фарҳод бу ҳақда Мунирага айтди. У янги ҳийла топди:

– Мен кампирга бир одамдан пул бериб юбораяпман дейман. 200 долларни майдалаб, 500 минг тайёрлаб қўйинг, олиб борасиз, – деди.

Мунира Любовь холага телефон қилиб, «Бир кишидан пул бериб юбораяп­ман» деганди, у рози бўлмади, «ўзинг олиб кел» деди.

Фарҳод бошиданоқ бу масала бўйича хулоса чиқарган, бу ҳақда янгасига айтганди:

– Мунира хола менга бир рус кампирни ўлдиришга буюртма берди. Лекин уни ўлдирмайман. Мен ўлдирмасам, у бошқа бировни топиб кампирни ўлдиртириши мумкин. Шунинг учун Мунирани органга ушлаб бераман.

Фарҳод шу фикрда эди. Фақат Муниранинг ҳаракатлари жиддиймикин деб кузатиб юрганди. Вазият жиддийлашиб, Мунира уни тезлайвергач, Самарқанд шаҳар ИИБга бориб ариза берди. Дарҳол тадбир уюштирилди.

– Мен эшикнинг қулфини очадиган уста топдим, – деди у Мунирага қўнғироқ қилиб, – фақат унга ҳам 100 доллар бериш керак.

Мунира келишилган жойга етиб келди, яна бироз муҳокама қилишди. Мунира Фарҳодга 100 доллар бериб:

– Бугундан қолмасин, – деди. Шу пайт ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари уни қўлга олишди.

Тергов-суриштирув жараёнида барча ҳолатларга аниқлик киритилди, Муниранинг айби тўлиқ исботланди. Любовь Иванова дарҳол васиятномани бекор қилди.

Суд ҳукми билан Мунира 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Назиржон ШУКУРОВ,

Самарқанд вилояти прокуратураси

бўлим АМИБ терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: