Home / Жиноят ва жазо / Қoтил бeгoнa эмac

Қoтил бeгoнa эмac

Темир Солиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мактабнинг 11-синф ўқувчиси, ёши ўн саккизда. У бир неча йилдан буён бўш вақтларида Шайхонтоҳур тумани ободонлаштириш бошқармасида фаррош бўлиб ишлайдиган онаси Мавжуда Холтўраевага ёрдамлашарди. Мўйлови сабза ура бошлаган, билаги кучга тўлиб бораётган бу йигитга бора-бора онасига қарашиш малол кела бошлади.

Балки бу ўсмирлик даврининг салбий таъсиридир. Хуллас, Темир ке­йинчалик онасининг қистови билан бу ишларни базўр қиладиган бўлди. Доим онасининг кўзидан панада юришга ҳаракат қиларди. У онасига қарашиб кўча супурган пайтлари топган бакалажка, қоғозларини йиғиб қабул пунктларига топширар, пулини ўзига ишлатарди. Халқимиз бежиз «Қозонга яқин юрсанг қораси, ёмонга яқин юрсанг балоси юқади» демаган. Темир ҳам шароб дўкони олдида умрини ўтказаётган уч-тўрт кишига қўшилиб айниди. Спиртли ичимлик ичишни одат қилди. Оқибатда оғир жиноятга қўл уриб, узоқ йилга панжара ортига равона бўлди.

Собир Самадов қарийб 20 йилдан буён ободонлаштириш бошқармасида М.Холтўраева билан бирга ишлайди. Темирни гўдаклигидан билади. Онасининг кетидан эргашиб юрадиган кичкина бола Собир аканинг кўз олдида катта бўлди. Иш вақтида дастёрликни жойига қўйгани учун унга меҳри тушганди.

С.Самадов асосан ободонлаштириш бошқармасининг генерал Узоқов кўчасида жойлашган омборхонасида қоровул бўлиб қоларди. У ерда ишчилар кийиниши, дам олиши, ювиниши учун шароит бор эди. С.Самадов ёз кунлари деярли ҳар куни шу омборхонада тунаб қоларди.

2019 йилнинг 20 август куни Т.Солиев онасининг ҳайҳайлашига қарамай, стол устида турган пичоқни қини билан чўнтагига солди-да, такасалтанг ошналари олдига шошилди. Ёнидаги бор пулини чиқариб уларга берди ва бирга маишат қилишди. Вақт алламаҳал бўлганида тарқалишди. Темир биладики, уйга борса онасидан яхшигина гап эшитади, ҳатто таёқ ейиши ҳам тайин. Шунинг учун у омборга йўл олди. Ёз бўлгани учун аниқ биладики, Собир ака ўша ерда, борса кўчада қолмайди.

Соат тунги икки яримларда омборхонанинг дарвозасини тақиллатди. Ичкаридан «Ким у?» деган овоз келди. «Мен Темирман, ичгандим, уйга борсам онам уришади», – деди йигитча. Собир ака «Оббо тирранча-ей, сенга ичишни ким қўйибди, ҳеч ким ичкиликдан фойда топмаган, бу одатингни йиғиштир» деб уни ичкарига киритди. Ўриндиққа кўрпача солиб бериб, ўзи жойига ётди. Темирнинг кўзига уйқу келмасди. Чунки ошналари билан кўпроқ еб-ичиб қўйган экан, улардан бир неча минг сўм қарз бўлиб қолган эди. Энди пулни қаердан топади? Эртага ҳам ўша бекорчи ошналари чақиради. Икки бармоғини бурнига тиқиб борадими?.. Шу хаёллар унга уйқу бермасди.

Ётиб-ётиб кўнглига бир шумлик келди. Секин туриб, Собир аканинг чўнтагига қўлини тиқиб, уяли телефонини олишга ҳаракат қилаётганида у сезиб қолди ва Темирнинг қўлини ушлади. Чўчиб кетган Темир унга бир мушт туширди. Собир аканинг ҳам аччиғи чиқиб, йигитни урди. Шу тариқа икковлон муштлашиб кетишди. Ёши улуғ бўлган Собир ака «Ҳа, зумраша, ичкилик ичганинг етмагандек, энди ўғирлик ҳам қилмоқчимисан? Бир адабингни бериб қўяйми?» дея у билан баробар олишди. Шу пайт Темир чўнтагидан пичоқ чиқариб, Собир аканинг қорнига тиқиб олди. Жонҳолатда орқага тисарилган С.Самадовни энди Темир исканжага олди. Унга кетма-кет пичоқ ура бошлади, йиқилиб жим бўлиб қолгандан сўнггина тўхтади. Ишини охирига етказиб қўйиш учун ерда узала тушиб ётган марҳумнинг киссасига яна қўлини тиқди ва уяли телефони ҳамда 1 млн. 350 минг сўм пулини олиб, қочиб кетди. Йўл-йўлакай қўлидаги қонга беланган пичоқни буталар орасига улоқтирди.

Эрта тонгда омборхонага иш қуролларини олиш учун келган ходимлар содир этилган мудҳиш жиноят ҳақида тегишли жойга хабар беришди. Манзилга етиб келган тезкор гуруҳ воқеа жойини яхшилаб кўздан кечиришди. Бармоқ изларидан намуна олиб, суриштирувни бошлаб юборишди. Ўзининг фарзандидек бўлиб қолган бола Собир аканинг қотили эканлиги кимнинг ҳам хаёлига келарди? Ҳаммасига бармоқ изларидан олинган намуналар ойдинлик киритди. Темирни ушлаб келиб сўроқ қилишганда у қилмишига иқрор бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 18 ёшли қотилга ҳукм ўқилди. Т.Солиев 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Умид КУЛИЕВ,

Бош прокуратура бошқарма

АМИБ терговчиси

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: