Home / Жиноят ва жазо / Қoтил қapия

Қoтил қapия

Падаркушлик энг оғир жиноятлиги хусусида ўқиганмиз, эшитганмиз. Хўш, фарзандкушлик-чи? Ўз боласининг қонини тўккан отанинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин?

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида 71 ёшли қарияга оид жиноят иши кўрилди. Энг ҳайратланарлиси, бу киши шу ёшида қотилликка қўл урган экан. Ҳа, айнан у ёшгина йигитнинг умрига зомин бўлди. Устига-устак жувонмарг кетган йигит ўн икки боланинг отаси бўлган қариянинг олтинчи фарзанди эди…

Суд мажлисида аниқланишича, судланувчи Ёмғир Аннаев (исм -фамилиялар ўзгартирилган) 1948 йилда туғилган. Ҳозир пенсияда. Илгари суд ҳукми билан бир ярим йил озодликдан маҳрум қилиниб, сўнг жазодан муддатидан илгари озод қилинган, судланганлик ҳолати тугалланган.

…Ўшанда Янги йилга ўн кун вақт қолганди. Ҳамид байрамни зўр кутиб оламиз деб уста топиб келиб, уйига электр ўтказди, кейин янги телевизор олиб келди. Аммо телевизори кўрсатмасдан уни роса хуноб қилди. Охири телевизорни ҳам, бола-чақасини ҳам машинага ортиб, қайниси Шуҳратнинг уйига жўнади. Шуҳратнинг уйида янги телевизор яхши кўрсатди. Сўнг телевизор ва Шуҳратнинг тюнерини олиб, яна уйга келишди. Телевизор яна ишламади. Яна Шуҳратникига қайтишди. Меҳмондорчилик тугаганида вақт алламаҳал бўлиб қолганди.

Уйга қайтаётиб Ҳамид машинасини отасининг уйи олдида тўхтатди. Хотини Лобарнинг юраги ғашланди. Анчадан буён ота-боланинг орасидан ола мушук ўтганди. Эрининг айтишича, бунга анча йил бўлган, ўшанда у мактаб ўқувчиси бўлган экан. Онасининг вафотидан сўнг отаси бошқа аёлга уйланган, ундан икки ўғил, икки қиз ҳам орттирган, кейинроқ кенжа фарзанд бўлишига қарамасдан Ҳамидни уйидан кўчириб юборган эди. Ҳамидга бу роса алам қилар, ичиб олган кезлари баъзан отаси билан ғижиллашиб олишни канда қилмасди. Ҳамид илгари одам ўлдириб, қамалиб чиққани учун отаси ва ўгай онаси унинг бу дағдағаларидан жуда қўрқишарди.

– Нимага тўхтадингиз, отаси, кеч бўлди-ку? – Лобар эрининг қайсар феълини билса-да, уни йўлдан қайтаришга уринди.

– Укамни кўриб чиқай, Россияга ишга кетаман дейди, нимага менга айтмасдан нарсаларини олиб кетибди?..

Ҳамид шундай дея машинадан тушиб, отасининг уйига кириб кетди. Лобар болалари билан машинада эрини кутиб ўтирарди…

 

*  *  *

– Сиз онамни хор қилдингиз… – ичкарида яна одатдаги жанжалини бошлади Ҳамид. – Барибир сизни бир куни ўлдираман…

Ёмғир бува тимирскиланиб фонарини ёқ­ди. Ўғлининг нафрат билан боқиб турган кўзларида бир зум ғазаб алангасини ҳам кўрди. Беихтиёр қўлини ёнидаги таёққа узатди. Ҳамид айвонга қочиб чиқди. Ёмғир бува ортидан югурди. Таёқ билан қулочкашлаб унинг бошига туширди. Ўғил бошини чангаллаб йиқилди. Сўнг ўрнидан туриб, қочмоқчи бўлиб тисарила бошлади. Бироқ жаҳл отига минган ота калтак билан унинг тўғри келган жойига тушира бошлади. Чол ҳолдан тойиб қолгунча уни савалади. Охири ҳарсиллаб қолди. Қўлидаги таёқ ерга тушди.

Ўзига келиб боқса, ўғли ерда қимирламай ётибди. Бошини кўтариб қараса, юзи қонга беланиб кетган. Нафас олгани сезилмайди. Қўрқиб кетган қария қалтираганча бошқа ўғилларига қўнғироқ қилди…

 

*  *  *

Суд ҳукми билан Ёмғир Аннаевга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жабрланувчи, марҳум Ҳамид Аннаевнинг турмуш ўртоғи Лобар Сатторованинг даъво аризаси қаноатлантирилиб, судланувчидан унга маънавий зарар учун 20 миллион сўм ҳамда моддий зарар учун 1 миллион 300 минг сўм ундирилди.

Булар масаланинг ҳуқуқий томони холос. Жиноятчига жазо берилди. Жабрланувчига моддий зарар тўланди… Аслида энг даҳшатлиси танганинг иккинчи, маънавий томони. Олти йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўз фарзандининг қотилига айланган кекса ота юзидаги тамға, у кечираётган туйғулар, виждон азоби-ю чидаб бўлмас изтироблар олдида нима деган гап?! Ундирилган миллионлар бевага эр, фарзандларга отанинг ўрнини босадими?

Фозил Раҳмонов,

Чироқчи тумани прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: