Home /   / Отанинг ўрни

Отанинг ўрни

Фарғона вилояти прокуратурасининг ташаббуси билан 13 март куни оталарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини ошириш, ўқувчилар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида барча мактабларда «Оталар мажлиси»  ўтказилди.

320 мингга яқин ўқувчининг оталари ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар иштирок этган мажлисларда ўқувчилар ўртасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари, уларнинг олдини олишда ота-оналар ва таълим муассасаларининг роли ва ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди.

Тахлилларда айрим оилаларда фарзанд тарбияси асосан оналар гарданида бўлиб, оталарнинг болалари билан камдан-кам мулоқат қилиши, ўқиши, қизиқиши, бўш вақтида нима билан машғуллигига бефарқлиги кўзга ташланди. Оталар шу йил февраль ойида 5 – 11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фарзанд тарбиясида ота ва онанинг масъулияти билан боғлиқ аноним сўров натижаси билан таништирилди. Ўқувчилар орасида ўтказилган расмлар танловида 4-синфда ўқийдиган қизча онаси, акаси ва ўзини акс эттирган холос. Ўқитувчи ажабланиб «нега отангни чизмадинг?» деб сўраганида қизча «отам нариги хонада телевизор кўраяпти?» дея жавоб берган. Шу мисол ҳам айрим оталар болалари таълим-тарбиясига лоқайдлигини  кўрсатади. Бу аноним сўров натижасида ҳам акс этган.

«Оилангизда ота-онангиз билан суҳбатлашиб ўтириш сизга ёқадими?» саволига ўқувчиларнинг 9,8 фоизи, «Мактабда бўлган воқеалар тўғрисида отангиз қизиқадими?» деган саволга 24,2 фоизи «йўқ» деб жавоб берган. Ўқувчиларнинг 34,3 фоизи уй вазифаларини бажаришда оталари ёрдамлашмаслигини қайд этган. «Отангизга ўхшашни хоҳлайсизми?», «Келажакдаги оилангиз ҳозирги оилангизга ўхшашини хоҳлайсизми?» деган саволларга 17,7 ва 16,1 фоиз ўқувчи «йўқ» деб жавоб берган. Бундан ташқари, «Ҳаётингизда бирон бир муаммо пайдо бўлса, биринчи бўлиб кимдан ёрдам сўрайсиз?» саволига 16,6 фоиз ўқувчи «дўстларимдан» деб жавоб бергани ўз ҳолига ташлаб қўйилган болаларда ота-онасига нисбатан ишонч­сизлик кайфияти туғилишидан далолат беради.

Психологик тадқиқотларга кўра ўсмирлик даврида ота-онанинг вақт ажратмаслиги, меҳр, эътибор бермаслиги фарзанд руҳиятида (тушкунлик, иккиланиш, қатъиятсизлик, ўзини камситилгандай ҳис қилиш каби) акс этади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилган, ҳуқуқбузарликка мойил шахслар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар ўзлигини намоён этиш, қай йўсинда бўлмасин эътиборни тортиш учун ахлоқ-одобга, қонун-қоидаларга зид ишга қўл уради. Болалар орасида ўзига ва бировларга шикаст етказиш, тажовузкорлик, безорилик, фирибгарлик, номусга тегиш, ҳатто қотиллик жиноятларининг туб негизи оиладаги носоғлом муҳит, маънавий қашшоқлик, зарарли таъсирларга тобелик, бўш вақтини  беҳуда ўтказиш каби омилларга бориб тақалади.

Оталарнинг оиладаги мавқеи, масъулиятининг сустлашгани, болаларнинг тарбиясига бефарқ қараб келаётгани болаларнинг ҳуқуқбузарлик, жиноят содир этишига олиб келмоқда. Хусусан, 2019 йили вилоятда 136 нафар бола турли жиноятларни содир этган. Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи М. жиноий шериклари билан кечаси юзларига ниқоб тақиб, пичоқ билан қуролланиб фуқаро И.нинг 10 млн. сўм пулини босқинчилик билан қўлга киритган. Вояга етмаган М. эса уйида «Трамадол» дорисини 350 минг сўмга сотаётганида ушланган. У мунтазам равишда дарсларга қатнашмаган, жиноят содир этган куни ҳам мактабга бормаган.

Болалар ўз жонига қасд қилишганининг сабаби ота-онаси руҳиятидаги ўзгаришларга лоқайд қарагани, бола кўнгли билан ҳисоблашмаганига бориб тақалади. Масалан, Бағдод туманида яшаган 7-синф ўқувчиси А. уйининг оғили тўсинига сим билан ўзини осган. Бунинг сабаби ўрганилганида китоб ва телефон олиб беришни сўрагани учун отаси танбеҳ бергани, руҳиятидаги ўзгариш, ўқиши пасайиб кетгани хусусида ўқитувчиларининг огоҳлантиришларига ота-онаси бефарқ қараб келгани, ҳеч қандай чора кўрмагани аён бўлган.

Болалар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш энг долзарб масала бўлиб қолмоқда. 2019 йили 1808 нафар ота-она фарзандига таълим-тарбия бериш мажбуриятини бажармагани учун маъмурий жавобгарликка тортилган. Судларда фарзандининг тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи, ўз мажбуриятини бажаришдан бош тортган 71 киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган.

Бирваракай ўтказилган оталар мажлисида болалардаги салбий ўзгаришларга кўпинча тарбия­даги нуқсонлар, оиладаги носоғлом муҳит, ота ва она ўртасидаги жанжаллар, отанинг ичкиликка ружу қўйиши, ота ва онанинг фарзандига қўядиган ўта юқори талаблари сабаб бўлишига эътибор қаратилди. Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишининг олдини олиш, фарзанд тарбиясида вужудга келадиган муаммоларни бартараф этиш борасида тавсиялар берилди.

Фарзанди комил инсон бўлиб улғайишига ота-она бирдай масъул. Рўзғорбоши оталар оилани моддий таъминлаш баробарида фарзандларига шахсий намуна бўла олиши, уларнинг келажагини кўра билиши, орзу ва интилишларини қўллаб-қувватлаши, фарзандларда турли ҳаётий  вазиятларда тўғри йўлни танлаш кўникмаси шаклланишига кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди.

Дилмурод Қобулов,

Фарғона вилояти прокурорининг ўринбосари

Матнда хатолик топдингизми? CTRL + F5 тугмасини босиб, бизга юборинг.

Skip to content

Муаллифга хатолик туғрисида хабар бериш керакми

Матндан топилган хатолик: